Муаллифлик ҳуқуқи, уни ким бузяпти?
Бугун Самарқанд шаҳрида Шарқ ва Европа мамлакатлари муаллифлар мулкий ҳуқуқларини жамоавий бошқарувчи ташкилотларнинг Халқаро ассоциацияси (ASIPREEC)нинг навбатдаги йиғилиши доирасида "Муаллифлар ва бошқа ҳуқуқ эгаларининг ҳуқуқларини бошқариш: муаммолар ва уларни ҳал этиш механизмлари" мавзусида халқаро конференция ўз ишини бошлайди.
Анжуман олдидан Санъаткор, ижодкор ва ижрочиларнинг муаллифлик ҳуқуқларини ҳимоя қилиш палатаси раиси Б.Тошев муаллифлик ҳуқуқи ҳақида ўз фикрлари билан ўртоқлашди.
- Нафақат юртимизда, балки бошқа давлатларда ҳам муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқларни халқаро доирада ҳимоясини таъминлаш учун ички механизмлар, яъни ҳуқуқларни бошқарувчи турли ташкилотларни тузиш ва фаолиятини қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор берилади. Шуни айтиш керакки, халқаро доирада бирон бир давлат идораси, вазирлик, агентлик, қўмита ёки шунга ўхшаш тузилмалар муаллиф ва ижрочиларнинг мулкий ҳуқуқларини жамоавий асосда бошқариш билан шуғулланмайди. Бундай фаолият билан ҳуқуқ эгалари ўзаро ихтиёрийлик асосида тузган ташкилотлар шуғулланади.
Шунга кўра, муаллифлик ҳуқуқини бир мамлакат ҳудудида, балки у бутун дунёда бир хилда ҳимоя қилиниши учун халқаро конвенциялар қабул қилинган. 1886 йилда буюк мутафаккир ва ёзувчи Виктор Гюго ташаббуси ҳамда раҳбарлигида бир гуруҳ Европа олимлари ва ижодкорлари томонидан “Адабий ва бадиий асарларни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги Берн конвенциясига асос солинган.
Мазкур конвенция фан, адабиёт ва санъат асарлари ҳамда уларнинг муаллифлари ҳуқуқларини муҳофаза қилишга қаратилган универсал халқаро шартномалардан биридир. Бугунги кунда дунёнинг 190 дан ортиқ давлати ушбу конвенциянинг аъзоси ҳисобланади. Мазкур конвенциянинг аъзоси сифатида мамлакатимизда ҳам 2005 йил 19 апрелдан бошлаб ушбу ташкилот нормалари қўллана бошланди. Қарабсизки, биз халқаро мажбуриятга ҳам эга бўлдик. Шу мақсадда муаллифларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида мулкий ҳуқуқларни бошқарувчи ташкилотлар ўз фаолиятини амалга ошира бошлади. Яъни, ушбу ташкилотлар катта ҳуқуқ эгаларининг, жумладан ёзувчилар, шоирлар, олимлар, бастакорлар, кинорежиссёрларнинг мулкий ҳуқуқларини бошқариш ва уларга тегишли бўлган муаллифлик ҳақларини йиғиш билан шуғулланиши мумкин. Лекин, ўтган вақт мобайнида айрим ташкилотлар маълум сабабларга кўра ўз фаолиятини давом эттира олмади.
Мамлакатимизда санъаткор, ижодкор ва ижрочиларнинг муаллифлик ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларнинг мулкий ҳуқуқларини жамоавий бошқаришни самарали йўлга қўйиш мақсадида Президентимизнинг 2020 йил 26 майдаги “Маданият ва санъат соҳасининг жамият ҳаётидаги ўрни ва таъсирини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонининг 6-бандида кўзда тутилганидек “Санъаткор, ижодкор ва ижрочиларнинг муаллифлик ҳуқуқларини ҳимоя қилиш палатаси” ташкил этилди ва у қўллаб-қувватланмоқда.
Таъкидлаш жоизки, муаллифлик ҳуқуқларининг бузилиши бугунги кунда ўта долзарб масалага айланди. Рақамли технологиянинг ривожланиши ва интернет тармоғи имконияти кенгайиши билан интеллектуал мулк улкан таҳдид остида қолди. Интеллектуал мулк объекти бўлган фан ва адабиёт, санъат асарлари, фильмлар, фонограммалар интернет туфайли ҳамманинг “қўли етадиган” “матоҳ” бўлиб қолди.
Жаҳоннинг барча давлатларида интеллектуал мулк давлат томонидан ҳимояланади. Юртимизда ҳам муаллифлик ҳуқуқи муҳофазасига қаратилган қатор қонун ҳужжатлари бор. Хусусан, “Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида”ги Қонуннинг 19, 39-моддаларида муаллифнинг асаридан фойдаланилганлик учун муаллифлик ҳақининг тўланиши хусусида ҳуқуқий нормалар келтирилган. Шунга кўра, муаллифлик ҳақи миқдорлари бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 14 августдаги “Маданият ва санъат ташкилотлари, ижодий уюшмалар ва оммавий ахборот воситалари фаолиятини янада ривожлантириш, соҳа ходимлари меҳнатини рағбатлантириш бўйича қўшимча шароитлар яратишга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори билан тасдиқланган “Фан, адабиёт ва санъат асарлари нашр этилганлиги учун муаллифлик ҳақининг энг кам ставкалари” билан белгиланган.
Муаллифлик асарларидан фойдаланганлик учун муаллифлик ҳақининг тўланиши “Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида”ги Қонуннинг 4-бобида келтирилганидек, мулкий ҳуқуқларни жамоавий асосда бошқаришга мўлжалланган ташкилотлар томонидан амалга оширилади. Бу нодавлат нотижорат ташкилотлар бўлиб, ўзининг низоми асосида иш кўради. Қонунга кўра, бундай ташкилотлар муаллиф билан шартнома асосида ишлайди ва мутасадди давлат органи томонидан назорат қилинади.