Муаллифлик ҳуқуқингизни биласизми?

Муаллифлик ҳуқуқи – бу фан, адабиёт ва санъат асарларини, ижро, фонограмма, эфир ёки кабель орқали кўрсатув ёхуд эшиттириш берувчи ташкилотларнинг кўрсатувлари ёки эшиттиришларини (турдош ҳуқуқлар) яратиш ҳамда улардан фойдаланиш билан боғлиқ ҳолда юзага келадиган муносабатларни тартибга солиш. Бу - “Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида”ги Қонунда  кўзда тутилган.

Муаллифлик ҳуқуқи билан ҳимояланган асарларга мисол сифатида асл бадиий асарлар, фильмлар ва овоз ёзувларини кўрсатиш мумкин.

Бирор асарнинг муаллифи уни яратган шахсдир. Асарларнинг айрим турлари нуқтаи назаридан бу ўз-ўзидан равшан бўлади: масалан, адабий асар муаллифи уни ёзган киши; мусиқий асарнинг муаллифи унинг бастакори; 

 фотография муаллифи фотограф ва бошқалар. Тўплам муаллифи ундаги материалларни тўплайдиган ёки тузган ва ушбу материални танлаган, буюртма қилган ва ташкиллаштирган шахсдир. Муаллиф, масалан, асарни яратишда қаламни қоғозга босиб, жисмоний ҳаракатни амалга оширадиган шахс бўлиши шарт эмас.  

  Муаллифлик ҳуқуқининг эгаси асарга нисбатан муайян ҳаракатлар қилиш, масалан, нусха кўчириш, эфирга узатиш ёки нусхаларини оммага сотиш каби мутлақ ҳуқуқларга эга. Булар муаллифлик ҳуқуқи билан ҳимояланган фаолият намуналаридир. Муаллифлик ҳуқуқи эгаси асардан фойдаланишни, масалан, нусхаларини тайёрлаш ёки нусхаларини кўпчиликка сотиш ёки бошқа шахсга тўлов эвазига амалга оширишга рухсат бериш орқали бошқариши мумкин. Оддий мисол, бадиий асарнинг муаллифлик ҳуқуқи эгаси нашриётга асарнинг нусхаларини роялтилар эвазига китоб шаклида нашр этиш ва сотишга рухсат берганида, одатда, нашриёт китоблар нархига келишилган фоиз шаклида чиқаради. 

 Агар бирор киши муаллифлик ҳуқуқи эгасининг рухсатисиз ёки лицензиясиз муаллифлик ҳуқуқи билан чекланган ҳаракатлардан бирини амалга оширса, иккинчиси унинг муаллифлик ҳуқуқини талаб қилиши ва қонуний ҳимоя чораларини кўриши мумкин. Масалан, зарарни ундириб олиш ва суд томонидан тақиқ қўйиш. Бироқ ишга адолатли муносабатда бўлиш каби чекловлар ва баъзи аниқ белгиланган истиснолар мавжуд бўлиши мумкин. Бунга мисол сифатида бир киши ўқиш учун кутубхонадаги китобдан нусхаларни олиши мумкин. Асарга нисбатан бошқа ҳаракатлар, агар улар муаллифлик ҳуқуқи билан чекланмаса амалга оширилиши мумкин: масалан, дўстингиздан мусиқани тинглаш учун унинг дискидан кўчириб олиш.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, мамлакатимизда санъаткор, ижодкор ва ижрочиларнинг муаллифлик ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларнинг мулкий ҳуқуқларини жамоавий бошқаришни самарали йўлга қўйиш мақсадида Президентимизнинг 2020 йил 26 майда “Маданият ва санъат соҳасининг жамият ҳаётидаги ўрни ва таъсирини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони қабул қилинган. Мазкур ҳужжатнинг 6-банди ижросига кўра, “Санъаткор, ижодкор ва ижрочиларнинг муаллифлик ҳуқуқларини ҳимоя қилиш палатаси” ташкил этилди.

Палатанинг асосий мақсад ва вазифалари фан, адабиёт, санъат ва маданият соҳасидаги муаллиф, санъаткор, ижодкор ва ижрочилар (ҳуқуқ эгалари) ҳамда уларнинг ҳуқуқий ворислари мулкий ҳуқуқларини бошқариш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини республика ҳамда республикадан ташқарида рўёбга чиқаришларини таъминлашдан иборат. Шунингдек, амалдаги қонунчиликка кўра, якка тартибда мулкий ҳуқуқларини амалга ошира олмайдиган ҳуқуқ эагаларининг мулкий ҳуқуқларини жамоавий асосда бошқаради ҳамда асарлар ёки турдош ҳуқуқлар объектларидан ҳар қандай шакл ва усулда фойдаланишга ҳуқуқ эгалари (ҳуқуқий ворислар) номидан фойдаланувчиларга рухсат бериш ёки тақиқлашга кўмаклашади.

Бундан ташқари, муаллифлик ҳуқуқи объектлари, жумладан аудиовизуал асар (кино-видео фильмлар ва бошқа)лар, турдош ҳуқуқлар объектларидан фойдаланилганда муаллифларнинг ҳақ олиш ҳуқуқларини амалга оширади. Асарлар (қўлёзмалар, нусхалар)га ёки турдош ҳуқуқ объектларига нисбатан мерос ҳуқуқини таъминлашда иштирок этади ҳамда ҳуқуқ эгалари (ҳуқуқий ворислар)га якка тартибда асарлар ва ижролар (фонограммалар)дан фойдаланишда ҳуқуқ олишларига амалий ёрдам кўрсатади.

Шу ўринда муаллифлик ҳуқуқи билан боғлиқ мавжуд саволлар бўлса, барча ижодкорларни палатамизнинг телеграм канали - San'atkor, ijodkor va ijrochilar palatasi га аъзо бўлишларига чорлаб қоламиз. Канал орқали ҳар қандай саволларга жавоб олиш мумкин.

Бобоқул ТОШЕВ,

Санъаткор, ижодкор ва ижрочиларнинг муаллифлик ҳуқуқларини ҳимоя қилиш палатаси бошқарув раиси.