Муаллим албатта газета ўқиши лозим
Президентимиз ўтган йил 30 сентябрда Ўқитувчи ва мураббийлар кунига бағишланган тантанали маросимда: “Айтинг-чи, ўқитувчи ўз устида ишлаши, билим ва маҳоратини ошириши учун қўшимча методик ёрдамни қаердан олади? Албатта, шу соҳага оид китоб ва қўлланмалардан, махсус педагогик нашрлардан олади. Афсуски, биз кейинги йилларда “мажбурий обуна” баҳонасида ихтиёрий обунани ҳам йўқ қилдик. Бунинг натижасида мактаб ва олийгоҳларнинг ўқитувчи ва домлалари ўзлари учун зарур бўлган газета ва журналлардан ажралиб қолди. Шундай аянчли ҳолга келдикки, ҳатто айрим раҳбарлар газета ўқимаслиги билан мақтанадиган бўлди.
Ўзингиз биласиз, дунёда компьютер технологиялари энг ривожланган давлатлардан бири - бу Япониядир. Лекин ушбу мамлакатда кунига 3-4 миллион нусхада нашр этиладиган газеталар борлигига нима дейсиз? Айтмоқчиманки, ҳаётимизда радио-телевидение, интернет билан бирга босма нашрларнинг ҳам ўз ўрни бор.
Бугунги кунда босма нашрларни таълим муассасаларига, ўқитувчи-профессорларга етказиб бериш ҳам жиддий муаммога айланган. Чунки бу борада матбуот тарқатиш ва почта тизимининг фаолияти мутлақо талабга жавоб бермайди”, деган эди.
Давлатимиз раҳбарининг ушбу гапларидан хулоса қилдимки, биринчи навбатда, мамлакатимиз таълим тизимининг бош нашри - “Маърифат” газетаси материаллари мактабларда ўқитувчилар томонидан мутолаа қилиниб, нашр педагогларнинг баҳс-мунозара минбарига айланиши лозим.
Ижодий қобилиятини янада ривожлантириш мақсадида мактаб ўқувчиларининг ўқиган асарлари ҳақидаги фикр-мулоҳазалари, ёзган иншоларини “Тонг юлдузи”, “Ғунча”, “Гулхан” каби нашрларда чоп этилишини таъминлаш керак.
Ўқувчи ва ўқитувчиларнинг китобхонлигини янада ошириш мақсадида ҳар икки ҳафта якунида натижалар ўрганилиб, илғор ўқувчиларнинг натижаси (ўқиган асарлари ҳақида ёзган мақолалари ёки иншолари) кенг оммага таништириб борилиши, матбуотда ёритилиши лозим. Бунинг натижасида, ўқишга қизиқмайдиган ўқувчиларда қизиқиш ошади, интеллекти ривожланади.
Ўқитувчи иш жараёнида таълим нашрларидан олган хулосаларидан амалда самарали фойдаланиши самарасида кўрсатгичга эришгач, орттирган тажрибасини, ўқувчилардаги ижобий ўзгаришларни “Устоз-шогирд” анъанасининг давоми сифатида таълим нашрларида ёритиб бориш ҳам мумкин.
Жойларда, айниқса туман марказидан олисдаги аксарият маҳаллаларда кутубхона йўқлиги сабабли мактаб қошидаги кутубхоналарга "Оила, маҳалла ва мактаб” концепсияси доирасида ҳудуддаги тадбиркорларни, нуроний отахону онахонларни, фахрий ўқитувчиларни, мактабнинг собиқ битирувчиларини, шу ҳудуддан сайланган депутатларни таклиф қилиб, "китобсеварлар клуби" ташкил этиш, китоб акцияларини ўтказиш орқали ҳомийлик ёрдами сифатида кутубхоналарда бадиий, илмий, фан-техника, санъат ва бошқа йўналишларда китобларни йиғиш ва аҳолини китобхонликка жалб қилиш мумкин.
Азиза БОЙМУРОДОВА.