Муаллим нега мулзам бўлди?

Тилак муаллим Абдулланинг қурилиш ташкилотига бошлиқ бўлганини эшитиб, бир пайтлар уни ўқитгани ёдига тушди: «Устозлигимни унутмагандир…».

- Абдулла Аҳмедович, сизни бир киши йўқлаб келибди, устозингиз экан, кираверсинми? - котиба жавоб кутиб, эшикда туриб қолди.

- Устозим? - Абдулла Аҳмедович кўп устоз кўрган, қайси бири экан? - У бироз ўйланиб қолди. Кейин ўрнидан турди. – Майли, кирсин!

- Абдуллажон, мени танидингми? - Тилак муаллим қучоқ очиб кириб келди.

- Эй, муаллим, қадамингизга ҳасанот. - Абдулла Аҳмедович кўришиб, Тилак муаллимни ўтиришга таклиф қилди. Устоз, дейишга негадир тили бормади.

- Ўғлим, Худо омадингни берсин, камолингни кўриб, бошим осмонга етди. Амал муборак!

- Раҳмат! - Абдулла Аҳмедович ўнғайсизланиб, зимдан Тилак муаллимга разм солди. Анча кексайиб қолибди. Мактабни битиришдаги воқеа эсига тушди. Битириш имтиҳонлари олдидан Тилак муаллим Абдуллани ёнига чақирди.

- Аттестатдаги баҳоларинг яхши бўлишини истайсанми? Агар мен айтган арзимаган ишни бажарсанг, худди кўнглингдагидек бўлади. - Тилак муаллим унга синовчан тикилди. – Албатта, бир ўзинг эмас, икки-учта ўртоқларингни ёнингга оласан, беш мингта ғишт қуйиб берасанлар.

Абдулла Тилак муаллим айтганини қилмаган икки нафар аълочи ўқувчининг олтин медалдан маҳрум қилинганини эшитган эди. Хўп, дейишга мажбур бўлди. 

Ўша воқеани эслар экан, у Тилак муаллим бекорга йўқлаб келмаганини сезди. «Кексайганда ҳам тамагирлиги қолмабди-да!».

- Келинг, муаллим, сизни соғ-саломат кўриб, хурсанд бўлдим!

- Балли, Абдуллажон, кам бўлма! Сенинг ишинг кўп, раҳбарсан, вақтингни олмай, мана, кўрдим, табрикладим. Муддаога кўча қолай. Энди айбга буюрмайсан. Қурилиш ташкилотинг катта, қўлинг узун, бир илтимос билан келувдим. Иморат қураётгандим. Шу десанг, томни ёпишда қийналиб қолдим…

Абдулла Аҳмедович ҳушёр тортди: «Ҳа, мана, нимага йўқлаб келганини энди тушундим».

- Муаллим, мен яқинда тайинландим. Ҳали бу ернинг пасту баландини ўрганиб чиққаним йўқ, узр. Ҳозирча ёрдам қилолмайман. лекин уйингизга бориб, беш мингта ғишт қуйиб беришим мумкин...

Тилак муаллим "шогирди"нинг нозик жойидан олишини кутмаган эди. Қизариб, мулзам бўлиб қолди. 

Тоғаймурод Шомуродов.