Муаллимликдан Қаҳрамонликкача
Ҳасан Нормуродов... бу инсонни Самарқандда кўпчилик танийди, ҳурмат қилади. Нуронийларнинг нуронийси сифатида обрў қозонгани рост. Айнан шу жиҳат – у кишининг нуфузи, билим ва салоҳияти ҳақида кўпчиликнинг билгани ҳам отахон ҳақида ёзишни қийинлаштиради.
...Бироз олдин нуроний билан телефонда гаплашиб, учрашув белгиладик ва йўлдамиз.
– О, сизмисиз, танидим, нега узоқлашиб кетдингиз, кам ёзяпсиз охирги пайтларда, – тезда эслади.
Салом-аликдан сўнг бир йўқламоқчи, суҳбатларини олмоқчи эканимизни маълум қилдик. Хуллас, суҳбат учун ярим соат вақт ажратилди.
Ҳасан Нормуродов яқинда давлатимиз раҳбарининг фармонига кўра, Ўзбекистон Қаҳрамони бўлди. Ҳар куни ҳам Қаҳрамон билан гаплашавермайсиз. Саволлар жўяли бўлиши керак. Бу тоифа инсонларнинг олдида ўзингни яхши тутишинг лозим. Маҳмадоналик кетмайди.
Истайсизми-йўқми, тартибли, маданиятли, нуфузли инсонлар билан учрашуволди онг остида шундай ўйлар кечади. Бу табиий жараёндир, балки.
– Келинг, ўғлим, сизларни кутиб турувдим, – нуроний бизга пешвоз чиқди.
Самимий, илиқ муносабат вазиятни ўзгартирди. Бу суҳбатимиз эркин ўтишидан далолат берарди.
Стол устида газета ва китоблар сочилиб ётибди. У кишининг мутолаасиз бир соат ҳам ўтиролмаслигини кўпчилик айтган. Дарҳақиқат, рост экан. Хонада расмий-сиёсий нашрлар, китоблардан тортиб адабий-маърифий журналлар ҳам топилади.
– Ҳар қандай соҳада ҳам адабиёт ва маданиятдан йироқ бўлиш одамнинг камчилиги ҳисобланади, – дейди Ҳ.Нормуродов. – Нега бундай деяпман? Чунки ўқимаган одам мулоқотда тез қоқилади, суҳбатдошини зериктиради. Дунё кўриш, юртма-юрт кезиш бошқа, шунинг баробарида китоб варақлаш, ўз тафаккури устида бош қотириш мутлақо бошқа нарса.
Аввало, муаллимман. Фаолиятимни бошланғич синф ўқитувчиси сифатида бошлаганман. Кейинчалик рус болаларга ўзбек тилидан дарс берганман. Ўша пайтлардаёқ тил билан ишлашга, адабий тил меъёрларига амал қилишга одатландим.
Бугун кўпчилигимизга сир бўлмаган бир ҳақиқат бор. Мактаблар бир пайтлар осонликча қурилмасди, таъмирланмасди. Борингки, МАРКАЗ “ҳиммати” билан бирор ҳудудда таълим муассасаси қурилиши бошланса, бу жараён йиллаб давом этарди. Фойдаланишга топширилган мактабнинг парталари берилса, спорт анжомлари берилмасди, икки қаватли қурилса, томи ёпилмасди. Қурувчини сиқувга олсангиз, тепароқдан “безовта” қилишарди. Хуллас, кўнсангиз – кўндингиз, бўлмаса мактаб раҳбарлигиниям, муаллимликниям йиғиштиринг.
Бугун мактаб қурилиши наинки вилоят, кичикроқ туман-шаҳар учун ҳам арзирли гап эмас. Истасангиз маҳаллий ҳокимиятнинг ўзи ҳам, давлат ҳам таъмирлаб, қуриб бера олади. Шароит бўлмаса, талаб қила оласиз. Шунинг ўзи ўқитувчининг, тизим масъулларининг катта ютуғи, деб ўйлайман.
Буюк қайтиш...
– Кейинчалик вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи бўлиб ишладим, – давом этди нуроний. – Тан оламан, бу жуда машаққатли иш эди. У ёғини тортсангиз, бу ёғи очилиб қоларди, бу ёғини тортсангиз, у ёғи...
Яъни, ўқитувчидан таълим сифатини талаб қиласиз, устида изланишни сўрайсиз, фидойи эмасликда айблайсиз. Хўп, муаллимнинг сифатли таълим бериши учун шароитнинг ўзи борми? Шу сабаб, яқин-яқингача ҳам бозорларимизда олий маълумотли муаллимлар помидор-бодринг сотди. Рўзғорини боқиши учун ойлиги етмади. Камига, пахта теришга, кўча супуришга чиқди.
Сингапур собиқ бош вазири Ли Куан Ю таълим сифати ҳақида шундай деганди: “Муаллимни энг қуйи табақадан Сингапурдаги энг юқори мартабага кўтардим. Давлатдаги “мўъжиза”ларни қилган инсонлар – муаллимлардир”.
Қаранг, қанчалик ибратли гап.
Ўз навбатида Президентимиз Шавкат Мирзиёев ҳам “Ўқитувчини ҳурмат қилмаганни мен ҳам ҳурмат қилмайман. Ўқитувчи жамиятдаги энг обрўли касб эгаси бўлиши шарт”, деяпти.
Бу шунчаки гап бўлиб қолаётгани йўқ, албатта. Ўқитувчининг маоши икки баробаргача ошди. Қоғозбозликдан қутулди. Турли имтиёз ва имкониятларга эга бўляпти. Натижада, мактабларга ўқитувчилар қайтяпти. Эркак муаллимларнинг мактабларга қайтаётганини халқ таълими вазири ҳам айтиб ўтди. Очиғи, мен буни БУЮК ҚАЙТИШ, деб ҳисоблайман!
Муаллимнинг қисқа ҳақиқатлари:
– Лавозим ҳеч қачон инсоннинг безаги бўлмаган. Аксинча, амал ортидан қувган одам тез қоқилганига кўп гувоҳ бўлганман.
– Раҳбарга нима керак, нима керак эмас? Буни ҳар бир инсон ўйлаб кўриши лозим. Раҳбар тафаккурли, кеча ва бугуннинг энг яхши сифатларини ўзига олсин. Бефарқ ва нодон бўлмасин.
– Сизга муаммо билан келган инсонга озор берманг, умидсиз қайтарманг. Сиз унинг энг охирги манзили бўлишингиз мумкин.
– Китоб танлашни билиш керак. Уйимдаги уч мингта китобни энг яхши дўстларим, деб ҳисоблайман.
– Нутқингиз устида ҳар куни ишланг. Айниқса, муаллим учун кийиниш маданияти қаторида нутқ маданияти ҳам жуда керак.
***
Ҳ.Нормуродов билан суҳбатлашаркансиз, бу каби ибораларни, ҳаётда англаган ҳақиқатларини тез-тез эслатиб туради. Баҳовуддин Нақшбанд, Навоий, Бобур, Машраб ҳаёти, ижодидан мисоллар келтиради.
Қаҳрамоннинг хижолати нимада?
Президент Шавкат Мирзиёев Ҳасан Нормуродовга Ўзбекистон Қаҳрамони унвонини топширар экан, шундай деди: “Ҳасан Норбековични Навоий бобомизга ўхшатиб, ғурурланаман!”
Суҳбат асносида нуронийга давлатимиз раҳбарининг шу қиёсини эслатдик.
– Рости, хижолат тортдим, – деди суҳбатдош. – Ҳазрат Навоийнинг қилган хизматлари беқиёс. У киши нафақат бизнинг, балки туркий халқларнинг фахри экани шубҳасиз. Бу лутфга, қиёсга муносиб бўлиш осонмас. Ўз навбатида шу пайтга қадар буюк шоиримизнинг асарларини кўпроқ мутолаа қилмаганим учун ўзимдан ранжидим. Ҳаётда ҳар нарса сабоқ, аслида. Демак, бу қиёс ҳам бежиз эмас. Гарчи бироз кечикиб бўлса-да, Навоийни кўпроқ ўқишга вақт ажрата бошладим...
***
Ярим соат деб аввалдан режалаштирилган суҳбат икки соатдан ортиқ давом этди. Нуроний бир неча бор афсусланганига гувоҳ бўлдик. “Саксонга кирдим. Жудаям тил ўргангим келади. Дунёни англашни истайман. Халқаро миқёсда муваффақиятга эришган ёшларимизни қучгим келади. Уларга чексиз ҳавас қиламан...”, – дейди...
Дарҳақиқат, у кишида ҳамон ҳавас бор, иштиёқ, ҳайрат бор. Фаолиятини Каттақўрғоннинг чекка бир қишлоғида муаллимликдан бошлаган, бугунги кунда Ўзбекистон Қаҳрамонига айланган бу инсонни беихтиёр китобга ўхшатдик. У шундай китобки, қайта-қайта ўқиладиган, аммо йиллар давомида таҳрирланиб, ҳар куни маърифат билан бойиб бораётган китоб!
Исомиддин ПЎЛАТОВ.