Муддатидан олдин овоз бериш бошланди
Марказий сайлов комиссияси қарорига кўра, Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонуни бўйича референдумда муддатидан олдин овоз бериш 2023 йил 19 апрель – 26 апрель кунларига белгиланган. Фуқаролар иш кунлари соат 9:00 дан соат 18:00 га қадар, дам олиш ва байрам кунлари соат 12:00 дан соат 16:00 га қадар референдум участкасига бориб, муддатидан олдин овоз бериши мумкин.
Бугун Самарқанд вилоятидаги референдум участкаларида ҳам мазкур жараён бошланди.
Самарқанд ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университети академик лицейи ўқитувчиси Гулжаҳон Ҳотамова 30 апрель куни хизмат сафари билан бошқа ҳудудда бўлиши сабабли бугун ўзи яшаб турган Самарқанд шаҳар Мингтут маҳалласидаги 89-референдум участкасига бориб, муддатидан олдин овоз берди.
– Янгиланаётган Конституциямиз билан танишиб чиқдим, қолаверса, референдум бўйича тарғибот тадбирларида қатнашиб, ҳуқуқшунос ва экспертларнинг фикрларини эшитиб, бош қонунимиздаги янгилик ва ўзгаришлар моҳиятини тушуниб олдим, – дейди Г.Ҳотамова. – Ҳақиқатан ҳам Конституциямизнинг янги таҳририда халқимиз ва давлатимизнинг эртанги куни билан боғлиқ жуда катта ўзгаришлар киритилган. Хусусан, биз, педагогларнинг ҳуқуқ ва манфаатларимиз конституцияда мустаҳкамлаб қўйилмоқда. Шунинг учун ҳам мен референдумга беэътибор бўлмай, овоз бериш куни илмий ишим туфайли сафарда бўлишимни билдириб, участка комиссиясига мурожаат қилдим ва муддатидан олдин овоз бердим.
Участка комиссияси раисининг маълум қилишича, сайлов жараёнини бошқаришнинг ахборот тизимидаги маълумотлар бўйича ҳозирча участкада 1100 нафардан ортиқ овоз берувчи рўйхати мавжуд. Муддатидан олдин овоз бериш учун комиссияга овоз берувчилар сонининг 5 фоизи миқдорида бюллетенлар етказиб берилган.