Муддатидан олдин овоз бериш давом этмоқда
Шу йилнинг 9 июль куни мамлакатимизда муддатидан илгари Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови бўлиб ўтади.
Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодексига кўра, сайлов куни ўз яшаш жойида бўлиш имкониятига эга бўлмаган сайловчи муддатидан олдин овоз бериш ҳуқуқига эга.
Муддатидан олдин овоз бериш сайловга ўн кун қолганида бошланади ва сайловга уч кун қолганида тугалланади. Муддатидан олдин овоз беришни ўтказиш вақти Марказий сайлов комиссияси, вилоят, туман, шаҳар сайлов комиссиялари томонидан белгиланади ва сайловчиларнинг, кузатувчиларнинг эътиборига оммавий ахборот воситалари орқали етказилади.
Марказий сайлов комиссиясининг шу йил 20 июндаги қарори билан муддатидан олдин овоз бериш 2023 йил 28 июнда бошланиб, 5 июль куни якунланиши белгиланди.
Сайлов участкаларида муддатидан олдин овоз бериш иш кунлари соат 9:00 дан соат 18:00 га қадар, дам олиш ва байрам кунлари соат 11:00 дан соат 17:00 га қадар амалга оширилади.
Қурбон ҳайити нишонланаётган шу кунларда Самарқанд вилоятидаги 1112 та сайлов участкасида ҳам муддатидан олдин овоз бериш жараёнлари давом этмоқда.
Жумладан, Самарқанд шаҳар Дарғом маҳалласининг 1425 нафар сайловчилари овоз берадиган 106-сайлов участкасида сайлов куни яшаш жойида бўлмайдиган фуқаролар келиб, муддатидан олдин овоз бермоқда.
Абдулло Маҳаддинов саломатлигини тиклаш мақсадида турмуш ўртоғи билан бирга даволаниш учун яқин кунларда сафарга кетмоқчи, яъни 9 июль куни сайлов участкасига келолмайди. Шу сабабли отахон турмуш ўртоғи билан бирга сайлов участкасига келиб, муддатидан олдин овоз берди.
– Сайловда ҳар бир сайловчининг овози жуда муҳим, – дейди А.Маҳаддинов. – Қолаверса, давлат раҳбарини сайлаш бизнинг конституцион ҳуқуқимиз, ундан самарали фойдаланишимиз керак. Президентликка номзодларнинг дастурлари ҳақида эшитдик, уларнинг мақсадлари билан танишдик. Ва кимга овоз бериш бўйича бир қарорга келгандик. Сайлов куни бу ерда бўлолмаслигимиз сабабли муддатидан олдин овоз бериш имкониятидан фойдаландик.
Участка сайлов комиссияси раиси Аваз Зиёевнинг маълум қилишича, муддатидан олдин овоз беришни ўтказиш учун мазкур участкага ҳам 7-Самарқанд округ сайлов комиссияси томонидан белгиланган миқдорда сайлов бюллетенлари берилган. Аҳоли муддатидан олдин овоз бериш вақти юзасидан хабардор қилинган.