Муҳаммад Алининг илоҳий кучи

1965 йил февраль ойида америкалик машҳур боксчи Кассиус Клей мусулмон бўлди. Шундан сўнг исмини Муҳаммад Али деб ўзгартирди.

У аср спортчиси, инсоният тарихидаги энг кучли ва энг тез мушт соҳиби, кучи 1000 килограммга тенг эди. Кўпчилик унинг кучли спортчи эканини билади. Аммо қалб кучини ҳамма ҳам билмайди.
Муҳаммад Али Вьетнам урушига боришдан бош тортди. Матбуот анжуманида: «Вьетнам урушига бормайман. Биз мусулмонлар фақат Аллоҳ учун жанг қиламиз. Нима учун танимаган кишиларим билан уришишим керак? Нима учун мени бирор марта ҳам “қора танли” деб айбламаган одамларга қарши жангга киришим керак?!», деди.

Оқибатда ундан мукофотлари тортиб олинди. Уч йил бокс тушиш ман қилинди.
Орадан йиллар ўтиб, 1970 йилда жаҳон чемпиони бўлди. Қўлида миллиондан ортиқ америкалик имон келтирди. Қуръон чоп қилиш, диний-маърифий китоблар нашр этиш учун 200 миллион доллар ажратди. Уйини масжид ва Қуръон ўргатиладиган мадрасага айлантирди. Чикагода ўз ҳисобидан катта масжид қурди.

1990 йили Оқ уйда СССР президенти Михаил Горбачёвга Мусҳаф совға қилиб, уни Америка президенти катта Жорж Буш олдида Исломга чақирди. Голливудда машҳурлар исми ердаги мармарга туширилган. Лекин Муҳаммад Али ўз исмини ерга ёзишларига қарши чиқиб: “Пайғамбар исми оёқ остига ёзилмайди!”,- деди. Ўзининг талабига кўра биргина Муҳаммад Али исми ерга эмас, йўлак деворига ёзилди. Бугун фақат Голливудда унинг исмини қадамлар топтамайди.

"Қалблардан сўранг" китобидан.

***

Суратда: Муҳаммад Алининг 1978 йилда Самарқанд шаҳрига келган пайти.