Мумтоз адабиётшунослик дарғаси

Шароф Рашидов номидаги Самарқанд давлат университетида “Академик Ботирхон Валихўжаев ва мумтоз адабиётшунослик” мавзусида илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Фанлар академияси ҳамда Самарқанд давлат университети ҳамкорлигида ташкил этилган конференцияда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби, академик, филология фанлари доктори, профессор Ботирхон Валихўжаевнинг ўзбек адабиёти тарихини ўрганишдаги хизматлари ҳақида сўз юритилди.

Конференция ялпи мажлисида Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси вице-президенти Баҳром Абдуҳалимов, Самарқанд шаҳар ҳокими Фазлиддин Умаров, Самарқанд давлат университети ректори Рустам Холмуродов ва бошқалар Ботирхон Валихўжаевнинг мумтоз адабиётимиз тарихини ўрганиш ва тадқиқ этиш борасида амалга оширган ишлари, ҳаёт йўли ва юксак инсоний фазилатларини ёдга олдилар. Олимнинг илмий меросини ўрганишнинг аҳамиятига эътибор қаратилди.


– Ўзбек адабиёти тарихини ўрганишда Ботирхон Валихўжаевнинг илмий фаолияти алоҳида ўрин тутади, – деди Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси вице-президенти Баҳром Абдуҳалимов. – Олимнинг илмий тадқиқотлари, хулосалари соҳа ривожига улкан ҳисса қўшган. Айниқса, Алишер Навоий ҳаёти ва ижоди бўйича амалга оширган тадқиқотлари натижасида шу пайтгача адабиётимиз тарихида мавҳум бўлган кўплаб масалаларга ойдинлик киритилди. Жумладан, Алишер Навоийнинг Эронда сақланаётган қўлёзма асари Навоийнинг дастхати эканлигини илк бор қайд этган олим сифатида эътироф этилади. Кейинчалик бу асар ҳақиқатда ҳам Алишер Навоийнинг ўз қўли билан ёзилган асар эканлиги исботланди. Бундан ташқари, Ботирхон Валихўжаевнинг илмий фаолияти ўзбек адабиётидаги аруз вазни, тазкирачилик, сўфийлик таълимоти масалалари билан ҳам узвий боғлиқдир. Бу йўналишларда ҳам олим улкан илмий муваффақиятларга эришган. Энг муҳими, олимни Самарқандда ўзбек адабиётини ўрганиш, тадқиқ этиш бўйича йирик мактаб яратган устоз сифатида алоҳида эътироф этиш лозим. Шу боис, Ботирхон Валихўжаевнинг илмий фаолиятини ўрганиш бугунги кун учун ҳам, келажак учун ҳам жуда муҳим ҳисобланади. Вазирлар Маҳкамасининг қарорига асосан ўтказилаётган бу конференция ушбу йўналишдаги ишлар самарадорлигини оширишга хизмат қилади.

Илмий-амалий конференция “Академик Ботирхон Валихўжаев илмий меросининг ўзбек адабиётшунослигида тутган ўрни”, “Филологик таълим тарихи муаммолари”, “Ўзбек адабиёти тарихи ва адабий таъсир масалалари”, “Адабий матншунослик: нашр, илмий таҳлил ва талқин”, “Мумтоз асарлар тили ва услуби, ўзбек тили тарихи муаммолари” каби шуъбаларда давом этди.

Олимлар, тадқиқотчилар томонидан мавзу доирасидаги муҳим масалаларга бағишланган маърузалар тингланди.

Алишер ИСРОИЛОВ.