Мурожаатчи номига очилган ҳисобрақамга пул маблағлари кўчириб берилган, унга тегишли уй-жойда бузиш ишлари бошланган

Ижтимоий тармоқларда «Ҳокимият 1,2 миллиард сўмга баҳоланган уйимизни 570 миллион сўм эвазига бузиб ташлаяпти» мазмунида видео маълумот тарқалди.

Бюронинг Самарқанд шаҳар бўлими иш юритувига фуқаролик ишлари бўйича шаҳар судининг 2020 йил 25 августдаги даъвогар Самарқанд шаҳар ҳокимлиги зиммасига жавобгар Санаева Тўхтатош Шермухаммедовнанинг бузилишга тушган уй-жойига товон тариқасида мутаносиб 594.662.325 сўм тўлаш ва шаҳар марказидан 158,81 квадрат метр ер майдони ажратиб бериш мажбурияти юклатилган.

Жавобгар Т.Санаевани оила аъзолари билан Самарқанд шаҳар Мир Саид Барака кўчаси, 48-уй-жойдан 29/100 қисмида жойлашган майдони 1183 квадрат метр, умумий майдони 158,81 квадрат метрдан ташкил топган уй-жойдан мажбурий тартибда кўчириш, уй-жой бинолари Т.Санаева ҳисобидан буздириш тўғрисида ижро иши юритилган. Ижро ҳужжати юзасидан шу куннинг ўзида ижро иши юритувини қўзғатиш тўғрисида қарор қабул қилиниб, томонларга юборилган.

Жорий йилнинг 29 октябрь куни Самарқанд шаҳар ҳокимлигининг 670-Қ сонли қарори билан фуқаро Т.Санаевага Самарқанд шаҳар, Қорасув турар-жой масканидан 158,81 квадрат метр бўш ер майдони ажратиб бериш тўғрисидаги қарори қабул қилинган.

Шунингдек, 2020 йил 30 октябрда Самарқанд шаҳар ҳокимлиги томонидан АИТБ “Ипотека банки” Самарқанд вилояти филиалида Т.Санаева номига очилган ҳисобрақамга 594.662.325 сўм пул маблағлари кўчириб берилган.

Шунга асосан, Самарқанд шаҳар ҳокимлиги томонидан суд қарорида белгилаб берилган мажбуриятлар бажарилганлиги, бироқ Т.Санаева томонидан бузилиши лозим бўлган бино-иншоот бузилмаётганлиги муносабати билан 2020 йил 02 ноябрда Т.Санаевага тегишли Мир Саид Барака кўчасидаги 48-уй-жойни бузиш ишлари бошланган.

Ҳозирги кунда ҳам бинони бузиш ишлари давом эттирилмоқда.

Мажбурий ижро бюроси Самарқанд вилояти бошқармаси.