Мурожаатлар жойида ўрганиляптими? Ёки накуртликлар масаласини ўрганиш зарурати хусусида

Пайариқ туманида куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишлари билан қизиқдик. Ўрганишларимиз давомида амалга оширилган айрим ишлар билан бирга ечимини кутаётган муаммолар ҳам талай эканлигига гувоҳ бўлдик.

 Газ бор, уни етказиб беришимиз керак!

Бугунги кунда тумандаги аҳоли пунктларининг катта қисми – 35 маҳалла табиий газ билан таъминланган. Шунингдек, 29 маҳаллага суюлтирилган газ баллонлари етказиб берилади.

Мавсумга тайёргарлик жараёнида 15 мингдан ортиқ табиий газ истеъмолчиларини узлуксиз табиий газ билан таъминлаш мақсадида 4 та тақсимлаш станцияси ҳамда юқори босимли 97 та, ўрта босимли 554 та газ тақсимлаш қурилмаси таъмирланди, - дейди “Пайариқтумангаз” газ таъминоти бўлими бошлиғи Исомидин Қодиров. - Ўтган йил куз-қиш мавсумида босим пастлиги сабабли бир қатор аҳоли пунктлари ҳамда ижтимоий соҳа объектларини табиий газ билан бир маромда таъминлашнинг иложи бўлмади. Оқибатда кўплаб мурожааатлар бўлди.

Шу кунгача ташкилотимизга келиб тушган 867 та мурожаатнинг 600 дан зиёди жойида ўрганилиб, ижобий ҳал этилди. Мисол учун, Челак шаҳарчасидаги аҳоли хонадонларининг газ таъминотини яхшилаш мақсадида 1,1 километр масофадаги табиий газ қувури реконструкция қилинди. Бошқўрғон маҳалласига тортилган юқори босимли газ қувурининг 3 километр қисми ер устига чиқарилди.

Аммо барча масалаларни ҳам бир йўла ҳал қилишнинг имкони йўқ. Шу боис, 260 нафар мурожаатчига вазият тушунтирилди ёки рад этилди.

Жорий йилда кўрилган чоралар табиий газ таъминотида ижобий ўзгаришларга хизмат қилишини қайд этган мутасадди суюлтирилган газ баллонлари тарқатиш борасидаги ишлар ҳақида ҳам айтиб ўтди. Таъкидланишича, бугунги кунгача мурожаатлар асосида аҳолига 450 та қўшимча маиший газ баллонлари тарқатилди. Биргина Накурт маҳалласи аҳолисига 313 та газ баллон етказиб берилди.

Умуман, ўтган йили туман аҳолисига 2538 тонна, жорий йилнинг ўтган даврининг ўзида 5501,4 тонна суюлтирилган газ етказиб берилган. Бундан ташқари, шу вақтгача табиий газдан фойдаланмаган 1343 та хонадонга газ баллонлари берилди.

Мутасаддилар бугунги кунда 8 та махсус машина ёрдамида энг чекка ҳудудлардаги қишлоқлар аҳолисига ҳам режага асосан 40-45 кун оралиғида  суюлтирилган газ етказиб берилаётганини таъкидлашди. Бироқ фуқаролар вазият бироз бошқача эканлигини маълум қилишди.

- Бир ой илгари ҳудудимиздаги хонадонларга 200 та маиший газ баллонлари етишмаслиги ҳақида туман ҳокимлиги ва туман газ таъминот корхонасига мурожаат қилгандик, - дейди Кўлтўсин маҳалласи раиси Қаҳрамон Қаршибоев. - Ўрганиб чиқиб, ижобий ҳал қилишларини билдиришган эди. Лекин куз келиб, қиш яқинлашаётган айни дамларда ҳам масала бўйича ижобий жавоб олганимиз йўқ. Газ баллони зарур хонадонларнинг 20 таси ўта муҳтож оилалар эканлигини ҳисобга олиб, вилоят мутасаддиларига мурожаат қилсакми, деган фикрга келяпмиз.

- Баъзи пайтларда газ баллонларнинг келиши 50 кундан ҳам ошиб кетяпти,  - дейди Мирзоовул қишлоғида яшовчи Хумоюн Қаноатов. - Уйимизда битта газ баллони бор. Ундаги газ бир ойга ҳам етмаяпти.

Мутасаддилар газ маҳсулотлари етказиб берилмаётганини маҳалладаги айрим хонадонларнинг уй-жой кадастр ҳужжатлари йўқлиги билан изоҳламоқда.

 

Кўмир муаммо эмас, фақат...

Пайариқ тумани аҳолисига кўмир маҳсулотлари Самарқанд шаҳридаги марказий омборхонадан тарқатилаётган экан. Бир тонна кўмирнинг нархи 300 минг сўмни ташкил этади.

- Ўтган йилдан бошлаб газлаштирилмаган ҳудудларда яшовчи аҳоли учун кўмир етказиб бериш тизими тубдан ўзгарган эди, - дейди “Кўмир таъминот” МЧЖ вилоят филиали директори Сайфиддин Жуманов. - Жорий йилда вилоят аҳолисини 128 минг тонна кўмир маҳсулотлари билан таъминлашни режалаштирганмиз. Шундан пайариқликлар учун 7 минг тонна маҳаллий, 600 тонна импорт кўмир етказиб бериш кўзда тутилган. Айни вақтда тумандаги барча ижтимоий соҳа объектларига кўмир маҳсулотлари етказиб берилди. 

Аҳоли эса ўзлари кўмир сақлаш омборхона ва шохобчаларига келиб, харид қилишлари керак. Маълумот ўрнида айтиш мумкинки, айни пайтда вилоят бўйича 12 та омбор ва шохобча фаолият кўрсатмоқда. Агар талаб бўлса, чекка ҳудудларда ҳам кўмир сотиш шохобчалари ташкил этиш мумкин.

 

Электр таъминоти узлуксиз бўлади(ми?)

Туман электр тармоқлари корхонаси ходимлари ҳам мавсумга тайёргарлик кўриш жараёнида ҳудуддаги ўтган асрда ўрнатилган ёғоч устунлар ва кам қувватли трансформаторларни янгиларига алмаштириш чораларини кўрмоқда.    

Хусусан, Мустақиллик, Оқтош, Бошқўрғон, Хоса, Фаровон, Деҳқонобод маҳаллаларида 1000 га яқин темир-бетон устун, 15 та қўшимча трансформатор ўрнатилган. Яқинда Накурт, Ғаллакор ва Кўлтўсин маҳаллаларига маҳаллий бюджет ҳисобидан 11 та трансформатор пунктлари олиб келинди.

- Хонадонлар кўпайиб, истеъмол ортгани сабабли қишлоғимиздаги трансформатор кучланишга дош беролмаяпти, - дейди Оқтош маҳалласида яшовчи Тўрахон Сайфиев. - Туман халқ қабулхонасига, сектор раҳбарининг сайёр қабулига бориб, мурожаатларимиз жавобсиз қолди. Шу боис август ойида вилоят ҳокимининг сайёр қабулига бордик. Натижада масаламиз ижобий ҳал бўлди, янги трансформатор ўрнатилиб, электр тармоқларидаги муаммо бартараф этилди.

Маҳалла марказидан 10 километр узоқда жойлашган Қизил олма, 7 километр олисдаги Қурилиш, 4 километр узоқликда жойлашган Улфатин ва шу атрофдаги бошқа қишлоқлардаги симёғочлар аллақачон ўз муддатини ўтаб бўлган. Трансформаторлар маънан эскирган.

- Икки йил илгари вилоят ҳокимига мурожаат қилганимиздан сўнг 18 километр йўлимиз асфальт қилиниб, қишлоқлар орасига автобус қўйилган эди, - дейди фахрий ўқитувчи Нурмат Рустамов. – Яқинда яна бир километр йўл таъмирланди. Айни пайтда юқори босимли электр тармоғи учун 175 та бетон устун ўрнатилиб, 6 та трансформатор янгиланди. Бироқ тоғ тепасидаги 4 та қишлоғимизга ҳали ўзгаришлар етиб келгани йўқ. 1968 йилда ўрнатилган симёғочлар яроқсиз ҳолга келиб қолган. Уларни алмаштириш учун 100 та темир-бетон устун керак.

Қайд этилганидек, туманда электр таъминоти борасида аҳолини ўйлантираётган бир қатор муаммолар бор. Тўғри, уларнинг айримлари вилоят ҳокимига мурожаат натижасида ҳал этилган. Бироқ туман мутасаддилари мавжуд вазиятни таҳлил қилишлари, жойлардаги ҳал этилиши лозим бўлган масалалар юзасидан зарур чораларни белгилаб олишлари керак. Афсуски, бу саволга мутасаддилар ер “чизиш” билан жавоб берган бўлишди. Балки бу ҳақда вилоят электр тармоқлари масъуллари жўялироқ жавоб беришар?

 

Оҳидан кўк ларзага келади

Тумандаги Накурт маҳалласи марказида жойлашган 37-умумтаълим мактабида 285 нафар ўқувчи таҳсил олади. Синф хоналари етишмаслиги сабабли дарслар икки сменада олиб бориляпти. Таълим муассасасида икки йилдан буён ичимлик суви артезан қудуғи ишламайди. 2008 йилда ўрнатилган иситиш батареяларининг 50 таси ишдан чиққан.

- Йилларки, бу муаммолар бўйича бир неча бор туман халқ таълими, молия бўлимлари ва ҳокимликка мурожаат қилдик, - дейди мактаб директори Ҳусан Худоёров. – Афсуски, фойдаси бўлмади. Сўнгра ўқувчиларнинг ота-оналари, қишлоғимиз оқсоқоллари вилоят ҳокимининг сайёр қабулига борди. Натижада 5 та печнинг 4 таси янгилаб берилди, бироқ батареялар яна эскилигича қоляпти. Ҳамдемай бошланадиган изғиринли кунларда синфхоналарни қўлбола печлар ёрдамида иситишга тўғри келади.

Дарҳақиқат, мактабда ичимлик суви билан таъминлаш муаммога айланган. Бир вақтлар умумий артезиан қудуғининг сувидан фойдаланиб келишган экан. Энди ҳисоблагич ўрнатилгач, айрим фуқаролар ўзбошимчалик билан сув бермай қўйишибди. Кейинчалик муассасадан 350 метр узоқликда яна бир артезиан қудуғидан фойдаланиб келишган. Бироқ икки йил илгари ер остидан келган сув қувурлари ёрилиб мактабга сув чиқмай қолган экан.

Ҳикмат Шакаров раҳбарлик қилаётган қўшни 38-умумтаълим мактабида ҳам ичимлик суви муаммоси ўз ечимини кутмоқда. Ўқувчилар ҳовли ўртасида ўрнатилган 200 литрлик бочкадаги сувдан ичиш ва қўл ювишда фойдаланишади. Шунингдек, мактабда спорт ва фаоллар зали йўқ, синфхоналар етишмайди. Ушбу муассасада ҳам иситиш печлари ва батареялари ишдан чиққан.

- Туман марказидан қарийб 45 километр узоқда жойлаган маҳалламизда етти мингга яқин аҳоли истиқомат қилади, - дейди Накурт маҳалласи раиси Бўрон Хушматов. - Ичимлик суви муаммо, маиший газ баллонлари етишмайди, электр энергияси ҳозир бор, бироқ совуқ кунлари бошланиши билан тез-тез узилишлар кузатилади. Ҳудудимизда кўмир сотиш шохобчаси йўқ. Туман маркази ёки Самарқанд шаҳридан олиб келиш харажатлари кўмирнинг нархидан кўпроқ суммани ташкил қилади.

Пайариқнинг олис ҳудудларида ўзгаришлар бор, бироқ муаммолар ҳам кам эмас. Туман мутасаддилари бу қишлоқларга бориб, одамларни эшитса, муаммоларга ечим топилса, эртага қорли-қировли кунларда аҳолининг турли идораларга мурожаатлари камайган бўлармиди...

Дилмурод Тўхтаев.