Мурожаатнома: Тараққиётимизни таъминловчи дастур
Президентимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида билдирилган фикрлар, таклиф ҳамда илгари сурилган ғоялар юртимизни янада обод қилишга, халқимизнинг фаровон яшашини таъминлашга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Бош вазир ва ҳукумат аъзоларининг Мурожаатномада белгилаб берилган вазифалар ижроси бўйича қилинаётган ишлар юзасидан ҳар чоракда парламентга хисобот бериб бориши олиб борилаётган ислоҳотларда шаффофликни таъминлашга хизмат қилади. Белгиланган чора-тадбирларнинг қай даражада бажарилаётганидан Сенат ва Қонунчилик палатаси хабардор бўлиб туради. Бу эса Мурожаатномада илгари сурилган таклифларнинг қоғозда қолиб кетмаслиги, амалда ижро этилиши устидан партамент назорати ўрнатилишини кучайтиради.
Президентимиз вилоят, туман ва шаҳар ҳокимларининг маҳаллий кенгашларга раислик қилиш амалиёти бекор қилинишини, депутатларнинг ваколатлари кенгайтирилишини алоҳида қайд этиб ўтди. Бу келгусида халқ депутатлари маҳаллий кенгашларининг жамиятдаги нуфузини янада оширади. Ҳокимларнинг кенгаш олдида ҳисобот бериши уларни ўз ишига масъулият билан ёндашишга, фаолиятида хато ва камчиликларга йўл қўймасликка ундайди.
Шунингдек, суд ҳокимиятининг мустақиллигини таъминлаш учун судьяликка номзодларни танлаш ва тайинлаш тизимини янада такомиллаштириш зарурлигига эътибор қаратилди. Туман, шаҳар ва вилоят суди судьяларини танлаш ва тайинлаш ваколати Судьялар олий кенгашига берилади.
Эндиликда судьяларни танлашда жамоатчилик фикри ва улар олдидаги ҳисобдорлик масаласи тўлиқ ўз ифодасини топади. Бу ушбу тизимда шаффофлик таъминланиши, энг муҳими, муносиб шахслар судья бўлишига йўл очади.
Азимжон СОЛИЕВ,
ЎзМТДП Самарқанд вилоят кенгаши девони раҳбари.