Мутахассислар тавсиясига амал қилсак, тождор вирусни енгамиз!

Бутун дунёни ташвишга қўйиб, инсонларнинг ҳаловатини бўзган коронавирус келтирган талафотлар кўлами кенгаймоқда. Ушбу пандемия ҳар бир давлат, инсониятга ўзини-ўзи ҳимоя қилиши кераклигини, акс ҳолда, қандай оқибатларга олиб келиши мумкинлигини исботлади.
Айниқса, озиқ-овқат захирасини яратишга эътиборнинг муҳимлиги ушбу жараёнда билиниб қолди. Инсон эски кийимда ёки автомобилсиз юриши мумкин. Бироқ озиқ-овқат махсулоти истеъмолисиз яшай олмайди.
Президентимиз ҳамда Ҳукумат томонидан олиб борилаётган оқилона сиёсат, ушбу касалликка қарши курашиш йўлида белгилаб олинган чора-тадбирларнинг ўз вақтида ҳамда тўғри эканлигининг натижаси ўлароқ, юртимизда бу борада бирмунча натижаларга эришилмоқда. Коронавирус пандемиясига қарши кураш бўйича Пахтачи туманида ҳам штаб тузилган бўлиб, Республика махсус комиссияси қарорларининг ижроси бўйича бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.
Аммо гуруч курмаксиз бўлмаганидек, жорий йилнинг 28 апрел ҳолатига туманда карантин қоидаларини бузган 381 нафар фуқароларга нисбатан маъмурий баённомалар расмийлаштирилиб, чоралар кўрилди. Бир нафар фуқарога нисбатан 30 суткалик маъмурий қамоқ жазоси қўлланилди.
Туман маркази, аҳоли гавжум жойлар, кўчалар ва жамоат масканларида, ижтимоий соҳа, қурилиш объектлари ҳамда мулкчилик шаклидан қатъий назар барча ташкилот-корхоналарда мунтазам равишда ДСЭОМ ходимлари ҳамда кўнгилли ёшлардан иборат гуруҳлар томонидан дезинфекция ишлари амалга оширилмоқда.
Бундай оғир дамларда матонат кўрсатаётган шифокорларга, санитария-эпидемиологик осойишталик маркази, ички ишлар ва Миллий гвардия ходимлари ҳамда барча кўнгиллилар халқимизнинг миннатдорчилиги, олқишларига сазовор бўлишмоқда.
Мутахассислар томонидан тавсия этилган кўрсатмаларга барчамиз бирдек амал қилсак, яқин кунларда бу дардни биргаликда албатта, енгамиз!
Жасур БОЛТАЕВ,
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси тингловчиси, Самарқанд вилояти Пахтачи тумани ҳокими ўринбосари.