Мутахассисларнинг амалий ҳамкорлик майдони яратилиши лозим
Шу йилнинг шу давригача Ахборот технологиялари вазирлиги ва IT Education Association таълим уюшмаси ҳамкорлигидаги “One Million Uzbek Coders” дастури доирасида қарийб 400 минг ўзбекистонлик ёшлар халқаро сертификатга эга бўлди. Бу лойиҳа ёшларнинг рақамли технологияларга оид билими ва малакасини оширишда муҳим қадам бўлмоқда.
Бу албатта, давлатимиз раҳбарининг ёш кадрларни қўллаб-қувватлашни давлат сиёсатининг устувор йўналиши сифатида белгилаб, иқтидорли ёшлар учун кенг имкониятлар яратилаётгани, айниқса, Президент мактаблари ва ижодий таълим муассасалари фаолияти йўлга қўйилгани самарасидир.
Энди эса таълимни ишлаб чиқариш билан уйғунлаштириш, ёшларни кўпроқ амалий фаолиятга жалб қилиш кейинги долзарб вазифалардан бири бўлиб турибди. Агар “Ёш мутахассисларнинг амалий ҳамкорлик майдони” ягона платформаси ташкил этилса, тажрибали мутахассислар билан ёшлар ўртасида доимий мулоқотни йўлга қўйишга хизмат қилган бўларди. Бу орқали турли соҳаларда фаолият юритаётган мутахассислар билим ва тажрибаларини ёшлар билан бўлишиб, уларнинг ғояларини ҳаётга татбиқ этишга кўмаклашиши мумкин. Тизим ёшлар учун фақат маслаҳат майдонигина эмас, балки илҳом ва амалий тажриба манбаига айланади.
Ёш кадрларнинг салоҳиятини баҳолашда фақат имтиҳон натижаларигагина аҳамият бермасдан, ижтимоий фаоллиги, инновацион ғоялари ва жамоавий лойиҳалардаги иштирокига ҳам эътибор қаратиш мақсадга мувофиқ. Бу орқали ёшлар ўз қобилиятини намоён этиш, ташаббускорлиги, жамоада ишлаш кўникмасини ривожлантириш имконига эга бўлади.
Олий таълим муассасаларида талабаларнинг шахсий ривожланишини кузатиб бориш учун “Ривожланиш дафтари” тизимини жорий этиш ҳам фойдали. Яъни, дафтарга ҳар бир ёшнинг амалий фаолияти, илмий изланишлари ва ижтимоий ташаббуслари қайд этилиб борилса, бу маълумотлар иш берувчилар учун ишончли манба сифатида хизмат қилади. Масалан, корхона ёки ташкилотлар шу орқали ёш мутахассиснинг салоҳиятини олдиндан баҳолай олади. Қолаверса, таълим муассасалари билан ишлаб чиқариш корхоналари ўртасида узвий ҳамкорлик шаклланади, ёшларнинг ишга жойлашиш имконияти кенгаяди, муҳими, соҳаларда малакали кадрлар етишиб чиқишига замин яратади.
Шаҳло Шомуродова,
СамДЧТИ профессори.