Мутолаа: Дард
(Ҳикоя)
Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси Гулчеҳра Усмонова 50 йил журналистика касби ортидан қадр топди. Опа «Иштихон овози» газетасида мусаҳҳиҳликдан бош муҳаррирликкача бўлган машаққатли йўлни босиб ўтди. Узоқ йиллик самарали меҳнатлари туфайли «Меҳнат шуҳрати» орденига сазовор бўлди, «Мўътабар аёл» ва «Меҳнат фахрийси» кўкрак нишонлари билан тақдирланди, қатор китоблари чоп этилди.
Гулчеҳра Усмонова қутлуғ ёш арафасида ҳам юрак қўрини бериб ёзилган ижод намуналари билан мухлисларни хушнуд этиб келмоқда. Қуйида ижодкорнинг ҳикояларидан бирин ўқийсиз.
***
Муборак опа шифохонага ётганига ҳам уч кун бўлди. Икки кишилик палатада ёлғиз ўзи. Зерикмади, аксинча, неваралари билан анча толиққан эканми, ҳар куни муолажалардан кейин озгина мизғиб олади, вақт ўтгани сайин кучга энгани сезила бошлади, ўзини тетик сезиб, ранги тиниқлашди. Тўртинчи куни эрталаб дори-дармонларни қабул қилгандан кейин энди кўзига уйқу илинар-илинмас, эшик секин очилгандек бўлди. Бошини кўтариб қаради. Эшикдан сал оқсоқланганча бемор аёл, орқасидан касаллик варақасини қўтарганча ҳамшира кириб келди. Аёлнинг танасида оғриқ кучли шекилли ранг-рўйи бир ҳол, имиллаб оёғини зўрға босар, беҳолгина энгашиб, тиззаларини ушлаганча ўтиришга чоғланди.
Уларнинг орқасидан шошилганча палатага кириб келган барваста йигитнинг қўлида елим халта тўла дори-дармон.
– Ойижон, ҳозир сизга ўрнингизни ҳозирлаб беришади. Бемалол жойлашиб оласиз, – деди у.
Муборак опа ўрнидан турди-да, ҳали танишиб улгурмаган ҳамхонаси учун чой қўйди. Биқирлаб қайнагач, пахта гулли чойнакка дамлади-да, бир пиёла узатди.
– Узоқ жойдан келганга ўхшайсиз. Чой ичинг, бироз чарчоғингиз босилади, – деди опа ҳамроҳини ўзига яқин олиб.
– Қаеринг оғриса, жонинг ўша ерда, деб тўғри айтишган экан. Уйда ўзимиз билганча дори-дармон қилдик, фойдаси бўлмади. Оёқ оғриғи қолмай, жоним азоблангач, охири етиб келган жойимиз шу ер бўлди, - деди у кўзёшларини қўли билан сидирар экан.
Муборак опанинг тили ширин, чаққонгина эмасми, дарҳол танишиб олди. Дилбар опа билан иккаласи тенгдош экан. Икки нафар фарзанди борлигини, ёлғиз ўғли шаҳарда туришини, қизи яқинда фарзандли бўлганини, унга ҳамроҳ бўлиб келолмаганини суҳбат чоғида айтиб ўтди.
Ёмон дардни йироқ қилсин. Дилбар опа икки-уч кун ётса-да, ҳамон оёқдаги оғриқ босилай демасди. Бу вақтда бутун вужуди бир сиқимга айланар, шундай дамларда кўзёшига зўр берарди. Муборак опанинг хонадошига раҳми келар, қанийди дард тезроқ ортга чекинса деб илтижо қилар, қўлидан келганча овутгиси келарди. Ёнингдаги киши дард чекиб турса, қийин бўларкан, кўнглинг бўлиниб, дилинг хира тортади. Ҳар куни хонадошининг чойнак-пиёласини ювар, нонуштага таклиф қилиб, ўз вақтида овқатланишга ундарди. Ўғли Жасур ишдан чиқиб келиб ёнида ўтирар, керакли дори-дармонни етказар, гоҳида икки қизалоғини ҳам олиб келганида эса ҳамхонаси мийиғида кулиб қўяр, невараларини бағрига олганда нигоҳида табассум кўрингандек бўларди.
Муборак опа ҳамроҳининг қалбида қандайдир дарди борлигини илғагандек бўларди-ю, шусиз ҳам изтиробдаги хонадошига ачинар, дилидагини тилига чиқаргиси келмасди. Юзига сочиқ ёпиб йиғлаганида юраги увишиб кетар, ноқулай ҳолатга тушса-да, овутар «Ҳали кўрмагандек бўлиб кетасиз» деган гапни тез-тез такрорларди. Бир куни нонушта пайтида чидаб туролмади, кўнглидан кечаётган ўйлари тилига кўчди.
– Бир-биримизга қариндошдек яқин бўлиб қолдик, сўраганнинг айби йўқ, шаҳарда бир қадам йўл бўлса, шифохонада ётганингизга анча бўлса-да, Жасуржонингизнинг келинчаги бирор марта хабар олмади-я, – деди.
– Шифокор, ишлари жуда кўп, – деди у хўрсиниб бунга жавобан.
– Ҳа, ҳа. Ҳозирги ёшларнинг ташвишлари тугамайди, – деб қўйди.
Опа иш қанчалик кўп бўлмасин, фурсат топиш мумкин, деган ўй кўнглидан кечса-да, индамади.
Шу жавобдан кейин Дилбар опанинг юзини яна кўзёшлари ювди. Ҳа, секин бош ирғади, ўзини бироз тутгач, ва ниҳоят дилини очди.
– Ўн йил бўлди, арзимас сабаб аразлашиб қолдик. Иккимиз ҳам гапдан қолмадик. Шу-шу гаплашмаймиз, юзма-юз келсак ҳам жим ўтиб кетамиз...
Муборак опа ҳамхонасининг дардини англагандек бўлди. Она эмасми, оёқ оғриғи эмас, дил оғриғи бедаво дард эканлигини ҳис этди. Бемор шундай дамларда ўғли Жасуржоннинг ёнида келинни кўрса, унинг икки оғизгина ширин сўзини эшитса, бир пиёла чой тутса, ҳамхонаси тезроқ оёққа туриб, соғайиб кетадигандек туюлди.
Аслида инсон борки меҳр кутиб яшайди ва ҳар қандай лаззатли таом шифобахш доридан кўра шу афзалроқ, ундан баҳра олади. Муборак опанинг хаёлидан бирор марта дийдорлашмаган бўлса-да, хонадошининг келини кетмасди. Худди «онажон» деган сўзини эшитган заҳоти Дилбархон соғайиб кетадигандек, нигоҳига табассум ёйиладигандек бўлиб кўринаверди.
Шифокорлар анча тетиклашиб қолган Муборак опага уйига кетиш учун рухсат беришди. Аммо кетар кунига қадар Дилбархоннинг келинидан дарак бўлмади. Икки дугона бир-бирини бағрига босганча хайрлашар экан, ич-ичидан қандайдир изтиробни ҳис этди. Келинга инсоф, қайнонага соғлик тилаганча кўнгли аллақандай хира бўлиб турганида эшикда ўғли ва келини кўринди.
– Ойижон, сизни олиб кетамиз....
Улар Муборак опани бағрига олишди. Опа ҳамхонаси билан хайрлашди. Аммо кўнглининг бир бурчидаги хиралик сира тарқамади.
Қисқа вақт бир-бирига ҳамроҳ бўлишган бўлса-да, кўнгиллар туташган икки дугонанинг бири шодланса, иккинчисининг кўнглини дардли хаёллар чулғаб олган эди. Нима хато қилдим, мендан ўтдими ёки келиннинг эркалигими, хаёлан минг таҳлил қилса-да, ўзи ҳам тушунмас ҳолатда эди. Балки келинни кечириш керакмиди... Ахир аччиқ билан олишиб бўлмас, кечиримли бўлганида бунчаликка боришмасмиди... Онанинг ороми йўқолган, ўзича қалбида сарҳисоб қиларди.
Гулчеҳра УСМОНОВА.