Мутолаа: Қасддан қилинган қотиллик. Ҳикоя
Феликс Кривин
Қулоғимга баъзи бир иборалар эшитилиб турарди: “Жабрланувчининг исми нима экан?”, “Унинг жуда кўп исмлари бор эди”, Ёши-чи?”, “Етмишлар атрофида”, “Сизнингча, бу қасддан қилинган қотилликми?”.
Сукунат. Кейин эшитдим: “Айбланувчини олиб киринг!”
Мени олиб киришди.
Залда ҳаддан ташқари кўп одам бор эди, фақат битта қора курси бўш турарди. Мен унга ўтириб олдим.
- Касбингиз?
- Ёзувчи.
- Жуда ғалати. Шундай инсонпарвар касб... Сизга қўйилган айбловлар билан танишмисиз?
- Биласизми, – касбий одат бўйича мен узоқдан бошладим. – Мен ҳеч қачон детектив жанрини ёқтирмаганман... Қотилликларни кўнглим кўтармайди.
- Бироқ сиз қотилликда айбланмоқдасиз!
- Бу мен учун сир бўлиб қоляпти. Ҳеч қанақа қотилликка қўл урмаганман... У одамни ҳатто кўрганим йўқ.
Судья афсус билан бош чайқади:
Сиз у билан таниш эмас эдингиз, лекин бир-бирингиз ҳақида хабардор бўлгансиз. Жабрланувчи сизга ҳурмат билан муносабатда бўлган, ҳатто у сизга ишонган. Учрашиб тургансизлар, буни ҳам истисно қилмаймиз.
Шу ерда адвокат судланувчи вақтини ҳар доим иш столи ёнида ўтказишини, у доим уйида ўтириши ва камдан-кам ҳолларда уйдан чиқиб кетиши ҳақидаги гувоҳномани тақдим этди. Ҳимоя томон буни дарҳол тасдиқлади.
- Мана бу нарса сизга танишми? – судья менга жуда таниш нарсани узатди. – Бу сизга тегишлими?
- Ҳа, меники.
- Бу нарса сизга тасодифан, қандайдир хатолик юз бериб, тушунмовчилик натижасида, бошқа биров ёки учинчи шахсларнинг айби билан келган, деб айта оласизми?
Мен қатъий жавоб бера олмадим.
- Ушбу вазиятда бундай аянчли оқибатларга олиб келган пухта ўйланган режангиз олдиндан мўлжаллаб қўйилган эканлигини инкор қила оласизми?
Мен буни инкор эта олмасдим.
Шундан сўнг айбловчи ўрнидан турди.
- Тергов шуни кўрсатдики, - деди у, - айбланувчи одам ўлдирган. Ўз ишини қўпол куч ишлатмасдан, жуда нозик тарзда, маккорлик билан қасддан уюштирган. Айбланувчи ҳикоя ёзган. Ҳикоя кулгилидир, бироқ унда на бир куладиган ва на бир ибратли нарса бор. Уни ўқиган киши вақтини беҳуда сарфлайди. Тўғри, ўқилиши ўн дақиқадан кўп вақтни талаб қилмайди, аммо у шундай катта ададда нашр этилганки, жами ўқувчининг етмиш йиллик ҳаёти керак бўлди.
- Кимнинг ҳаёти? – сўради ҳимоячи.
- Бир неча миллион китобхон ҳаёти.
- Лекин сиз айбланувчи одам ўлдирган, деб даъво қиляпсиз?
- Етмиш йил – бу бир кишининг ҳаёт давомийлиги. Бу ҳаёт айбланувчи томонидан олиб қўйилган, ўқишга арзимайдиган нарсаларни ўқишга сарфланган етмиш йил! Демак, айбланувчи ётмиш ёшли кишини ўлдирган бўлиб чиқяпти.
- Етмиш ёшда инсон табиий ўлим билан ўлиши мумкин, - деди ҳимоячи. – Агар биз шундай ҳисоблайдиган бўлсак, ҳикоя ёзувчиси А. бирдан эллик кишини, роман ёзувчиси Б. эса бирдан юз ёки икки юз кишини ўлдирар экан-да. Демак, адабиёт уларнинг қўлида оммавий қирғин қуролига айланар экан. Менинг мижозим фақатгина ўн дақиқалик қисқа ҳикояни ёзган...
Судья гувоҳнома берди: айбланувчи А. ва В. иши кейинги мажлисларда кўриб чиқилади.
Кейин менга сўз беришди ва мен айтдим:
- Ҳурматли судьялар. Ҳурматли айбловчи, гувоҳлар ва ўқувчилар! Мен ҳикоя ёздим. Ўртача ҳикоя, яхши эмас, ёмон ҳам эмас. Тўғри, у ҳажвия ҳикоя, лекин кулгили эмас. Мен унга ҳеч қандай махсус ғоя бермадим, махсус бадиий шакл ҳақида қайғурмадим... Мен кунига юзталаб ёзиладиган ўртача ҳикоя ёздим. Аммо мен ҳикоям адабиётнинг оммавий қирғин қуроли бўлиши мумкинлигини билмасдим. Инсон вақти ўлдирилганда, вақт уни ўлдиради деб ўйламаган эдим.. Мени кечиринг, жаноб судьялар!
Суд маслаҳат мажлисига чиқиб кетди.
Баҳора Муҳаммадиева таржимаси.