Мутолаа: Савдогар

Кичик хона исириқ ҳидига тўлган, вассажуфт шифт тагида сийрак тутун сузиб юрибди. Деразадан қия бўлиб тушган нур печка ёнида ётган Йўлчи аканинг ярим гавдасини ёритган.
У оғир қовоқларини зўрға очиб, ойнадан ичкарига ёпирилиб кирган ёғдуни кўрди-ю, январнинг олачалпоқ этагидан бойчечак топиб олган боладай севинди. Деразадан қўшнининг оппоқ қор босган томи кўриниб турар, устидан ўтган электр симларида майналар чуғурлашиб, ғужғон ўйнарди. Гоҳ-гоҳи бу ҳуштакбоз қушлар паға-паға тутун чиқаётган мўри атрофида ўймалашиб қолар, шунда уларнинг овози печканинг тирсагига шовқин бўлиб, оқиб келарди. Гарчи февраль бўлса ҳам баҳор нафаси сезилар, кунлар анча узайиб қолганди.
Вақт ўтгани сайин ҳамма нарса ўзгарар, фақат Йўлчи акагина ўзгармас эди. У мана, йигирма кундирки, тўшакда михланиб ётарди. Қорувли гавдаси аллақачон тўшакка сингиб кетган, шунинг учун ҳам бир туюр бўлиб кўринади. Уни аввалдан билганлар бу ётишини кўришса, ёқа ушлашлари ҳеч гап эмас. Ҳатто хотини уни чўпдай озиб кетаётганидан ҳайрон эди. Анчадан бери устара тегмаган соқол-мўйлови вужудини узлуксиз ва аёвсиз ғижимлаётган оғриқ сабаб гоҳ буришиб, гоҳ тиришаётган, аксар паллаларда қўрқинчли тарзда бужмайиб кетаётган юзини бироз қатъиятли кўрсатарди.
Ҳеч бир шифокор, ҳатто энг сўнгги русумдаги аппаратлар ҳам аниқлай олмаган хасталик кучли хуруж қилганида, агар ёнида одам бўлмаса, оғир уҳ тортиб қўяр, мабодо биров, ҳатто хотини бўлса ҳам алам-у изтироб билан дардини ичига ютарди. У хотинининг олдида инграшдан қўрқарди. Негаки, Мунаввар чеча тинмай унинг қилмишларини бетига солар, барчаси бировларга етказган жабр-ситами сабаб содир бўлаётганини тўтиқушдай таъкидларди. Хотини жим бўлса бас, буям бир шифо, ҳар нечук қулоғи тинчийди. Кимнингдир шанғиллаши бемор учун ажалнинг танглайини ошкора тақиллатиши билан баробар. Ягона суянчиғингдан юрагинг безилласа, дардингни кимга айтасан?
Ташқарида олашақшақнинг шақиллаган овози эшитилди.
- Ҳак! Ҳой, ер ютгурлар, ҳак! - уларни ҳайдади Мунаввар чеча.
Йўлчи акани тинмай ўй босарди. Кундан-кунга аҳволи оғирлашиб бормоқда, чилладан чиққан бўлса ҳам қишдан чиқмайдигандек. Дард оёғидан чалган, баъзан бошини тутолмайди, баъзан тили тутилади. Наҳотки, сўнгги кун яқин! Эллик иккига кирди. Олтмишга кирсам, савдо-сотиқни ташлайман, намоз ўқишни ўрганиб, чойхонага эмас, масжидга бораман, деб ният қилганди. Ўша пайтда қанчалар нодон бўлган экан-а, олтмиш қаёқда, эртага нима бўлишини билмайсан. Рости гап, пулга ўчлиги сабаб ҳаром-ҳаришдан ҳазар қилмади, иймон-у виждонни оддий чақадан паст кўрди. Кўзига дунё тор кўрингач, эси кирди. Аммо энди кеч эмасми?
- Уй иссиқми? - оташкурак кўтариб кирди хотини. - Совуқ бўлса, ўтин қалай.
Йўлчи ака тилини зўрға айлантирди.
- Қ-қала…
- Тетикмисиз? Бекор ётгандан кўра, ўтган умрингизни сарҳисоб қилинг. Бировда қарзингиз қолиб кетмасин тағин.
Кўзига хотин ялмоғиздек кўриниб кетди. Лекин у ҳақ. Ҳа, у ҳақ. Шундай ҳақки, савдогар бирон-бир баҳона билан ўзини оқлаёлмайди.
- Фарҳодни чақир.
- Уйдамас. Гапингиз бўлса менга айтаверинг.
- Чақир. То-оп…
Яккаю-ягона ўғли қаршисига келганида унга жовдираб боқди.
- Сандиқда икки миллион пул бор, шуни опке.
Ўғли икки тахлам ўн мингталикни сандиқдан олди.
- Касалхонага борамизми, ота?
- Йўқ. Менимча, умрим поёнига етяпти. Жилдирсойда Бегойим исмли бир аёл яшайди, бу пулни ўша аёлга элтиб берасан.
- Нимага?
- Беш йил олдан ундан тўрт қоп қора майиз олгандим. Насияга. Пулни уч кун ичида тўғрилаб бермоқчийдим. Нима бўлди-ю, беролмадим. Қишлоғига ҳар борганимда аёл пулини сўрарди. Ростини айтсам, уни эрта-индин, деб алдардим. Эри йўқ эди. Кейинчалик у пулини сўрамай қўйди. Умиди сўнди, шекилли. Тайин обориб бер. Узр сўра номимдан. Ётишимни қара. Унга не аҳволда ётганимни айтавер. Бир амаллаб рози қил. Мени кечирсин.
- Беш йилдан бери…
- Ярамни тирнама! Ҳозироқ йўлга туш. Вақт ғанимат. Энангга ҳеч нима демай чиқиб кет. Ўша аёл рози бўлиши шарт. Сен унинг розилигини опке, шунда тинчийман.
- Хўп, ота. Фақат шуми?
- Шу. Аёлнинг уйи мактабнинг орқа томонида. Жигарранг тусли дарвоза. Балки ранги ўзгаргандир. Отасининг исми Тожибой. Ўзиники Бегойим.
Ўғли чиқиб кетгач, чап биқини тортишиб қолди. Гўё ажал фариштаси биқинига чанг солгандек, инграб юборди.
- Фарҳодни қаерга юбордингиз? - уйга хотини кириб келди. - Мошин топ, дўхтирга обор дедингизми? Дўхтирма-дўхтир чопишингиздан наф кўрмаяпман. Пулларингизни тешик-ковакда сақламай, бева-бечораларга эҳсон қилинг.
У индамай, кўзини юмиб олди…
Фарҳод жўрасининг машинасида аёлнинг қишлоғига кириб борганида изғирин қуёш нурини синдирган эди. Аёлнинг уйини адашмай топиб боришди. Уйда эркак киши анчадан бери йўқлиги билиниб турарди. Кўча томонда қад ростлаган девор занглаган дарвозагача ерда сочилиб, ағанаб ётарди. Айвонсиз уйнинг томи лойсувоқ бўлиб, дераза ойналари ўрнига картон қоқилган эди. На оғил, на ўтинхона кўзга ташланади, чап томонда тандир оғзини катта қилиб, очиб турарди.
Кўримсиз ва ғариб манзарани кўриб, Фарҳоднинг юраги увишиб кетди. Лекин бир томондан хурсанд бўлди, аёл пулга муҳтож, ундан розилик олиш қийин кечмайди.
- Ҳовли тоға! Ҳой, ҳовли тоға!
Ичкарига кирмай, ариқ бўйидан овоз берди. Омонат эшик очилиб, ташқарига чамаси ўн еттига кирган қиз чиқди.
- Отангни айтиб юбор, - деди Фарҳод аёлнинг эри йўқлигини отаси айтган бўлса ҳам, буни ёдидан чиқариб.
- Унинг отаси йўқ, - қўшни ҳовлидан бир аёл чиқиб келди.
- Ассалому алайкум!
- Ва алайкум!
- Бегойим исмли аёл керак эди. Тожибой аканинг қизи. Шу аёлни излаб келдим.
- Унда нима ишинг бор?
Қиз яқин келиб, кесак уюми ёнида тўхтади. Фарҳод гўё пул олиб келиб, қаҳрамонлик қилаётгандай нега келганини баралла овозда айтди.
- Отамнинг аҳволи оғир. Нима десам экан, ўлим тўшагида ётибди. Сиз қўшниси бўласизми?
- Ҳа… Афсуски, отанг кеч қолибди. Бегойим вафот этганига икки йил бўляпти. Болаларини оғайнилари опкетган, бу менинг қизим. Уйни менга сотишган. Бегойим отанг ҳақида гапирганди. Ўша йили пулсизликдан роса қийналди, бечора. Қаҳратонда шамоллаб қолди, сўнг вафот этди. Отанг ўз вақтида пулни берганида оиласи тўзғиб, ўзи ўлиб кетмасди. Пулни кимга берасан энди? Мен айтган гапларни отангга етказ.
Йигит қалтираб-титраган кўйи машина томон юрди. У машинага ўтираркан, пуччайган уйга сўнгги бор назар ташлади. Эти жимирлаб кетди. Гарчи, фарзанд деган оти бўлса ҳам қўшни аёлдан эшитганларини отасига миридан-сиригача айтиб беради. Шуни кўнглига тугди. Бу ғамгин ҳақиқатни юракда сақлаб бўлмайди.
Девор қолдиғи олдида тик турган қиз машина кўздан ғойиб бўлиши билан бўшлиққа ўйчан кўз тикиб ўтирган аёлнинг ёнига келди. Аёл йиғлар, аччиқ кўз ёшлари яноғини юварди.
- Нимага ёлғон гапирдингиз, ойи? - деди қиз титраган овозда. - Нимага мен қўшнисиман дедингиз, нимага ўзингизни ўлдига чиқардингиз? Пулга ҳозир ҳам муҳтожмиз-ку, нимага бундай йўл тутдингиз?
Қиз онасининг елкасига бошини қўйиб, йиғлаб юборди. Бегойим, ҳа, ўша Бегойим, савдогар бир пайтлар зор қақшатган мушфиқ аёл уни бағрига босди.
- Саволларингга вақти келса жавоб топасан, қизим, ҳозир ақлинг етмайди.
Шониёз Мелибоев.