Мутолаа: Телефонлар "қўзғолон"и. Ҳикоя

Дино Буццати

Ўша куни бир чакки иш юз бериб, телефонлар иш ташлаш эълон қилгандек бўлди. Масалан, сиз  бирон киши билан гаплашяпсиз ва бирдан суҳбатга бошқа одамларнинг овози кириб келади, улар нафақат ўз суҳбатдошини, балки сизни ҳам эшитади.

Кечқурун соат ўнда мен ўн беш дақиқа давомида бир дўстимга қўнғироқ қилмоқчи бўлдим. Охирги рақамни теришга улгургунимча, мен кимнингдир суҳбатидаги кўринмас иштирокчига айландим, кейин иккинчи, учинчи суҳбатга ва тез орада тўлиқ чалкашлик бошланиб кетди. Бу зулматдаги умумий йиғинга ўхшарди, ҳамма тўсатдан унга кириб қолар ва истаганлари худди шундай тарзда танилмасдан ғойиб бўларди. Шу сабабли тармоқда бўлганлар одатий ясамаликсиз ва хижолат тортмасдан гапирар ва тез орада акс-садолари бизга қадимги афсоналар орқали етказилган ўтмишдаги ҳайратланарли карнавалларга хос бўлган умумий қувноқлик ва енгиллик муҳити яратилди.

Дастлаб мен кийимлар ҳақида гаплашаётган икки аёлнинг овозини эшитдим...

- Мен унга “биз ахир келишгандик-ку – пайшанбагача менинг кўйлагимни тикиб берасиз деб, бугун душанба, кўйлак ҳали ҳам тайёр эмас”, дедим. Биласанми, мен унга яна нима дедим: азизим синьора Брожи кўйлакни сизга қолдираман, энди уни ўзингиз кийинг, агар унга сиғсангиз...

Аёлнинг овози ингичка эди, у чийилдоқ овози билан тинмай гапирарди.

- Яхши ўйлаб топибсан, - жавоб берди унга ёш, ёқимли меҳрибон овоз. Лекин у бундан фақат фойда қилади, боплаб матоҳингни алмаштиради. Ундан ҳар балони кутиш мумкин.

- Кўрамиз ҳали. Ғазабдан бўғилиб қолишимга сал қолди. Қанчалик жаҳлим чиққанини тасаввур ҳам қилолмайсан. Сен, Клара агар унинг олдига борсанг, илтимос, шу гапни айтиб қўй: мижозлар билан бундай муносабатда бўлишмайди. Эртага мен Жульетаникига бораман, киядиган ҳеч нарсам йўқ. Нима маслаҳат берасан, нима кийсам экан?

- Қўйсангчи, Франкина, кийимларга лиқ тўла гардеробинг бўлса, - хотиржам жавоб берди Клара. Мен эҳтимол, яшил кенг юбка ва қора жемпер кийсам керак. Нима деб ўйлайсан? Балки шойи кўйлак кийган маъқулроқдир? Ҳалиги, янги, кулранг...

Шу пайт унинг гапини бўлиб, қўпол эркак овози эшитилди:

- Нима десангиз денг синьора, сиқилган лимон рангли кўйлагингизни кийиб, бошингизга онангизнинг сомон шляпасини лента билан тақиб олсангиз, яхши бўларди.

Сукунат. Иккала аёл ҳам жим  бўлиб қолди.

- Нега жим бўлиб қолдингиз, синьора? – давом этди нотаниш, римликлар шевасига тақлид қилиб. - Хўш, Феррарида нима гаплар? Айтганча, синьора Франкина, қандай қилиб шу пайтгача тилингиз осилиб қолмаган. Тасаввур қиласизми, у тўсатдан сизга хизмат қилишдан бош тортса. Қандай бахтсизлик бўларди. Шундай эмасми?

Бир неча киши бир овозда кулиб юборишди. Бошқалар ҳам худди мен каби индамай суҳбатни эшитиб турган экан.

Шунда Франкина ўзини тўхтата олмасдан ғазаб билан тез гапира кетди:

- Сиз синьор... кимлигингизни билмайман-у, шунчаки жоҳилсиз, тўғрироғи, қўрссиз, бу биринчидан, иккинчидан бировнинг суҳбатини тинглаш номуссизлик бўлганини ҳар бир тарбия кўрган одам билади, учинчидан...

- О, сиз менга бутун бир маъруза ўқиб бердингиз-ку! Ғазабланманг, илтимос, мен шунчаки ҳазиллашдим... Мени кечиринг. Мен билан танишсангиз, ғазабингизни раҳм-шафқатга алмаштирган  бўлардингиз.

- Эътибор берма, -  маслаҳат берди Клара. Бундай аҳмоқ эътибор беришга арзимайди. Телефонни қўй, сенга кейинроқ қўнғироқ қиламан.

- Йўқ, йўқ, яна бир сония. Бу сўзлар бошқа одамга тегишли эди, овозига қараганда мулойимроқ, тажрибалироқ деб айтган бўлардим. Яна икки оғиз сўз, синьорина Клара, акс ҳолда биз ҳеч қачон учрашмаймиз!

- Бу унчалик катта йўқотиш бўлмаса керак, - деди Клара.

Тўсатдан суҳбатга бир-бирининг гапини бўлган бир нечта овоз кирди.

- Қандай қилиб гапиришдан чарчамайсиз, ғийбатчилар, – жаҳл билан гапирди бир аёл.

- Ўзинг ғийбатчисан, бошқаларнинг ишига бурнини тиқадиган!

- Мен эканманми бурнини тиқадиган. Мен ахир...

- Синьорина Клара, синьорина Клара (овоз эркак кишига тегишли экани аниқ) телефон рақамингизни айтинг.

- Кейинроқ бераман, - жавоб берди аёл овози (Франкина бўлиши ҳам мумкин), - лекин кимлигингизни сўрасам майлими?

- Менми. Марлон Брандо (америкалик киноактёрга ишора қилиб)!

Кўринмас суҳбатдошлар яна  кулиб юборишди.

- Алло, адвокат Бартезаги... адвокат Бартезаги бу сизмисиз? - Шу пайтгача суҳбатга қўшилмаган аёл кишининг овози эшитилди.

- Ҳа, менман, ким бу?

- Мен, бу менман Норина. Танидингизми? Эртага Туриндан келадиган меҳмонлар ҳақида огоҳлантирмоқчи эдим...

Адвокат Бартезаги:

- Синьорина, кейинроқ қўнғироқ қилинг. Менимча, шахсий ишларимизга бегоналарни аралаштирмаганимиз маъқул.

- Адвокат, ёш қизларни учрашувга таклиф қилганларга нима деган бўлардингиз? – деди яна бир киши.

- Бас қилинглар, илтимос. Бемаъни суҳбатингизни тинглашга вақтим йўқ. Мен иш юзасидан шошилинч телефон қилишим керак, - гапга олтмиш ёшлардаги аёл аралашди.

- Бу хонимга қулоқ солинг (Бу Франкина эди). Мабодо телефонлар қироличаси эмасмисиз?

- Телефон гўшагини осинг, гапиришдан чарчамадингизми? Маълумотингиз учун, сиз лақиллаб турган бир пайтда мен шаҳар ташқарисидан муҳим қўнғироқ кутяпман.

- Демак, сиз ҳамма гапни эшитиб турган экансиз-да, айтингчи, энди қай биримиз ғийбатчи эканмиз?

- Чакагингни ўчир, аҳмоқ.

Зарба нишонга тегди. Бир сония сукунат ҳукм сурди. Франкина нима деб жавоб беришни топа олмади. Кейин у ғолибона жавоб қайтарди:

- Аҳмоқдан эшитяпман.

Гулдурос кулги товушларини эшитдим. Камида ўн икки киши бор эди, чамамда. Кейин яна жимлик. Балки ҳамма бирданига гўшакни қўйишгандир. Ниҳоят Кларанинг бепарво овози янграб кетди:

- Энди ёлғиз қолдик, шекилли.  Эртага нима кийишимни маслаҳат берасан, Франкина?

Шу пайт суҳбатга нотаниш, ҳайратланарли даражада гўзал, навқирон ва қувноқ эркак овози қўшилди:

- Ижозатингиз билан Клара, мен сизга ўтган йили тиктирган кўк юбка, яқинда тозалашга берган бинафшаранг блузка... ва албатта, кенг қиррали қора шляпангизни кийишни маслаҳат берган бўлардим.

- Сиз кимсиз? - Энди Кларанинг овозида бироз қўрқув пайдо бўлди. – Мен ким билан гаплашяпман?

- Клара, у буларни қаердан билади? Хавотирга тушди Франкина.

Эркак киноя билан:

- Оҳ, мен кўп нарсани биламан.

- Бемаънилик. Сиз тасодифан тахмин қилдингиз, - деди Клара. 

Суҳбатга қўпол эркак овози аралашди:

- Бас қилсанг-чи, тасқара масхарабоз!

Нотаниш дарҳол кесатди:

- Бурилишларда эҳтиёт бўлинг, Жорж Маркоцци, Энриконинг ўғли, ўттиз икки ёшда, Кябрера кўчасида яшовчи, бўйи 1.70, уйланган, икки кун олдин томоқ оғриғи билан касалланди ва шунга қарамай, ҳали ҳам сигарета чекади. Шуниси етарлими? Хатолар йўқми?

Маркоцци дарҳол тийилиб:

- Лекин, сиз кимсиз? Маъзур тутинг... мен... мен...

Нотаниш одам:

- Хафа  бўлманг. Яхшиси овунайлик, юраклар чингилини очамиз. Бу сизга ҳам тегишли Клара. Бундай қувноқ суҳбатдошлар ичида яна қачон тўпланамиз?

Бошқа ҳеч ким унинг гапини бўлишга ёки масхара қилишга журъат эта олмади. Гўё телефон тармоғига сирли бир руҳ суқилиб киргандек барчани қўрқув туйғуси чулғаб олган эди. Ким у? Сеҳргарми? Телефон операторлари ўрнини ғайритабиий мавжудот эгалладими? Ёвуз руҳ ёки Шайтоннинг ўзидир. Лекин унинг овози умуман иблисларча эмас, балки майин, меҳрли эшитиларди:

- Нега жим бўлиб қолдиларингиз, дўстлар. Биров қўрқитдими? Сизларга ажойиб қўшиқ айтиб беришимни хоҳлайсизми?

Овозлар: Албатта, албатта!

У: Нимани куйлаб берсам экан?

Ҳамма ўзига ёққан ашулаларни талаб қила бошлади.

У: Бир қарорга келсаларингиз-чи. Сизга-чи, Клара қайси қўшиқ кўпроқ ёқади?

- Билганингизни қилинг, - деди Клара.

У куйлай бошлади. Эҳтимол бу ўз-ўзини алдашдир, лекин мен ҳаётимда ҳеч қачон бундай гўзал овозни эшитмаганман. Бу овоз шунчалик тиниқ, равшан ва мафтункор эдики, у қўшиқ айтаётганида биз нафас чиқармай тингладик. Сўнг қарсаклар янграб кетди: Ажойиб! Браво, бис! Қойил, ҳақиқий артист! Сиз радиода куйлашингиз керак, миллионлар ишлаб олардингиз. Илтимос, яна куйланг!

- Фақат бир шартим бор – ҳаммангиз менга жўр бўласиз.

Бу жуда ғалати хор эди. Шаҳарнинг турли бурчагида, бир-биридан олисда, фақат юпқа бир сим орқали боғланган мутлақо нотаниш одамлар, кимдир каравотда ётиб, кимдир даҳлизда, яна бири ўриндиқда ўтириб телефон гўшагини қўлида маҳкам тутарди. Исмини, ёшини, ўзининг кимлигини айтишни истамаган сирли нотаниш одам туфайли бир-бирини кўрмаган ўн беш киши ўзларини эски дўстлардек ҳис қиларди. Марказда турган кўринмас хорнинг ҳайратланарли дирижёри қандайдир сеҳр билан уларни шаҳарнинг қора томлари устидаги булутлар остида баланд парвоз қилдирарди. Айнан у ярим тунда қизиқарли учрашув тугаганини эълон қилди.

- Энди дўстларим, бўлди. Жуда кеч  бўлиб қолди. Эртага барвақт туришим керак... Ажойиб компания учун раҳмат...

Ҳамма ўзини хафа қилгандек ҳис қилди ва “Ҳа, майли нимаям дердик, хайрли тун. У ким бўлиши мумкин экан? Хайрли тун” дея ғамгин ҳолда бир-бири билан хайрлаша бошлади. Уйлар бирдан тун сукунатига ботиб кетди. Мен телефонни қўлимда ушлаганча, диққат билан тинглаб турардим. Икки дақиқалардан сўнг нотаниш шивирлади:

- Клара... Мени эшитаяпсанми,? Клара?

- Ҳа, - оҳиста жавоб қилди Клара. – Эшитяпман. Ҳамма чиқиб кетганига ишончингиз комилми?

- Ҳа, ҳамма, бир кишидан ташқари, - деди нотаниш хушмуомалалик билан. – У шу пайтгача жимгина туриб, фақат эшитиб турганди.

Гап мен ҳақимда эканлиги аниқ эди. Юрагим орқага тортиб кетди ва шу заҳотиёқ гўшакни қўйдим.

Бу ким эди? Фариштами? Башорат қилувчими? Балки Мефистотель (Уйғониш даври мифологиясида ёвуз руҳ образи) ёки саргузаштларнинг абадий руҳидир. Бизни ҳар бир бурчакда кутиб турадиган тасодифлар тимсолими? Ёки у шунчаки энг кулгили ва ғалати жойларда, ҳатто телефон симларида яширинган, инсонни халоскори ва уни кўкларга кўтарадиган қўҳна сўнмас умиддир?

Баҳора Муҳаммадиева таржимаси.