Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Мутолаа: “У” меники. Ҳикоя

Антон Чехов.

У ота-онам нуфуз билан таъкидлаганидек, мендан анча олдин туғилган. Улар ҳақ ё ноҳақлигини билмайман, лекин шунга аминманки, ҳаётимдаги бир кун ҳам мен унга мансублигимни ва унинг менга нисбатан ҳукмронлигини сезмаганман. У кечаю-кундуз мени тарк этмайди; мен ҳам ундан қочишга мойиллигимни кўрсатмаяпман – демак, бу алоқа жуда кучли, мустаҳкам... Лекин сира ҳам ҳасад қила кўрманг, ёш ўқувчим! Бу кўнгилчан боғланганлик менга азобдан бошқа ҳеч нарса келтирмайди. 

Биринчидан, “у” меники бўлиб, мендан кечаю-кундуз айрилмайди, ҳатто иш билан банд бўлишимга имкон бермайди. У менга ўқиш, ёзиш, юриш, табиатдан завқланишимга монелик қилади. Ушбу сатрларни ёзар эканман, у мени тирсагим остидан бетўхтов итаради ва қадимги Клеопатра ундан-да қадимий бўлмаган Антонийни чақиргани сингари мени тўшакка чорлайди. 

Иккинчидан, у мени француз кокоткалари каби хонавайрон қилди. Унинг меҳрибонлиги туфайли мен унга мартабам, шуҳратим ва бари қулайликларимни қурбон қилдим. Унинг инояти билан мен яланғоёқман, арзон хонада яшайман, бемаъни овқатланаман, хира сиёҳ билан ёзаман. Ҳамма, ҳамма нарсани ютади, тўймайди у! Мен ундан нафратланаман, ҳазар қиламан...  

У билан аллақачон орани очиқ қилишим керак эди, лекин ҳали ҳам ажрашганим йўқ, чунки Москвадаги адвокатлар ажрашиш иши учун яхшигина ҳақ олади. Бахтимга ҳозирча фарзандларимиз йўқ... Унинг исмини билмоқчимисиз? Манзур тутинг... Унинг исми шоирона, нафис ва жозибадор - Лиля, Леля...Нелляни эслатади. 

Унинг исми – Ялқовлик. 

Баҳора Муҳаммадиева таржимаси.