Мутолаа: Зарафшоним – зар афшоним менинг!..

Мактабни битирадиган йилимиз, синфдошларимизнинг бир-бирига эътибору қадри ортиб борарди гўё. Ўзаро муносабатларда ҳам ўзгача меҳр-оқибат сезилиб турарди. Синф раҳбаримиз биология фани ўқитувчиси Файзулла Омонович ўрта ёшдан ошиб, сочларига оқ оралаб қолган, узун бўйли, хушфеъл инсон эди. У киши билан маслаҳатлашиб, битирув кечамиздан сўнг тонгни туманимизнинг Самарқанд шаҳрига кираверишида жойлашган Чўпонота тепалигида кутиб олишга келишдик.

Ҳамманинг қалбида ҳаяжон. Ўша кундан бошлаб қайси мавзуда сўз очилмасин, охири албатта,Чўпонота тепалиги ҳақидаги суҳбатларга уланиб кетарди. Бу келишув менга жуда ёққанди. Чункисевимли, саркаш, дилкаш Зарафшоним Чўпонота тепалигининг этагидан оқиб ўтарди. Шаҳарга борар йўлимиз ҳам айнан шу дарёнинг устидан ўтади. Оиламизда ажойиб анъана бор эди, ҳар замон отам машинасида бизни укамлар билан, бувим, гоҳ онамни бирга олиб, Самарқанд шаҳридаги музейлар, зиёратгоҳ, истироҳат боғларига саёҳатга олиб борардилар. Шундай саёҳатларимиз давомида такрор ва такрор айнан ўша жойда, Чўпонота тепалиги, дарё бўйларида тўхтаб ўтардик.

...Сутдек ёруғ оқшом оға бошлаган бир маҳал,синф раҳбаримиз Файзулла Омонович бошчилигидасинфдошлар тизилишиб Чўпонота томон йўлга тушдик. Бир соатга яқин пиёда йўл босиб, Кўҳак тоғига етиб келдик. Қиялаган тик йўлак орқали, баланд тепаликнинг ўша, биз келишган жойига чиқиб олдик. Тонг отишига ҳали анча вақт бор. Синфдошларнинг бир нечта суҳбатдошлар ҳалқасидасуҳбат авжига чиқа бошлади. Менинг эса икки кўзим,суюклигим зебо Зарафшоним, кўҳликкинам, Кўҳакгинам, сенда бўлди.

Биз яқин сирдош дугоналар, Дилфуза, Саодат учаламиз бошқалардан сал четроққа, тепаликнинг этагида ялтираб, зар сочиб оқаётган дарё сувлари кўзга яққол ташланиб турадиган бир жойга ўтиб жойлашдик. Димоғимга оёғимиз остида эзилган майсаларнинг хушбўйлари, кўйлагимиз этаги тегиб, бўй таратган гиёҳларнинг ёқимли бўйи урила бошлади. Ҳис-ҳаяжонимизни қўзғаб, сеҳрли тун бағрида тутиб турган сирлардан бизнинг кўнглимизга ҳадялар улашарди. Осмон тўла юлдузлар. Назаримда улар бугун осмон саҳнидан анча пастроққа, ерга яқин тушиб порламоқда эди гўё. Тепамизда биз билан бирга кезинган дилбар ой эса юлдузлар ичра ўзининг танҳолигини кўз-кўз қилмоқ ниятида ўзгача ёғдуланиб, ажиб бир алпозда бошимиз узра туриб қолди. Унга тикилган кўзимизни қамаштириб, юзидаги доғни яширмоқчи бўлаётгандек эди.

Эй, юзлари зебо, сирли дилбар Ой! Муқаддас Китобда сенинг ер юзидан юз ўгириб турганингҳақида ўқиб қолдим. Шу тобда юзингдаги, эгнингдаги, кўксингдаги доғингни ҳам, руҳингда сирли доғлар, суратларга бурканиб ажаб сайқалган кўҳна боғни ҳам қанчалар яхши кўришимни билишингни жудаям истадим. Буни сенга қай тилда, қай дилда изҳор этсам, қай усулда етказсам бўлар экан? Яхшиси, сенга атаб қўшиқлар тўқиб айтиб юраман, зора бир куни сенга бориб етса. Аммо бу оқшом сени нега бунчалар яхши кўришимни сезиб қолдим, сенда дарёлар руҳининг бир бўлаги яшайди. Сен тилсимлар узра тўлишган чоғда улар ҳам ғаройиб сир ичра тўлғанади. Худди менинг кўнглимга ғулғула солганинг каби, гоҳ сокин, гоҳо дўлу чақинлар ичрасувларнинг ҳам бағрига ғулғула булутларининг ёмғирини ёғдирасан. Бу аслида қандайин ҳол, не аҳвол ўзи?! Балки, қадим ишқ ғавғосининг бир жилвагар ишораси бўлса ажаб эмас.

Зарафшоним,

  зар афшоним,

     нурли нурафшоним менинг!

 

Тун қўйнида бунча зебо,

бу қадар хушрўйлик кашф этибсан,

бир лаҳза-да, на кўнглимни, кўзларимни ололмам сендан.

 

Зарафшоним,

зарли дарём, дуру дурафшоним менинг!

Сен ой нурида, ой сирида сирланаётган кумушга ўхшайсан.

 

Сархуш дарём, сирафшоним менинг!

Сен ишқ саҳросида адашган,

йўл ахтариб чопаётган сархуш телба ошиққа ўхшайсан.

 

Зарафшоним,

зарнишоним менинг,

заррин бағрини нишона айлаб,

ҳар ёна,

гирёна урён ураётган

далли девонага, дарвешга ўхшайсан.

 

Жилдирашинг,

     сасинг сирли,

          нафасинг сирли.

Ишқ кўзгусида жилоланган

    аксинг сирли,

       аслинг сирли.

 

Ғаройибсан,

сирсан, сирли мубораксан!

Бебаҳосан,

    ишқсан,

      муҳаббатсан,

            саодатсан.

 

Табарруксан,

    муқаддассан,

           армонимсан,

соғинчимсан, садоқатимсан.  

 

Ўкинчимсан,

    илинжимсан,

            умидимсан.

Кўҳна пир дам урган кўҳна дуосан.

Қалқонсан,

    дармонсан,

           иймонсан,

кўҳнасан,

    қадимсан,

          то қиёмат борсан.

 

Тиниқ афсонавий сатҳинг юзига

осмон безаклари,

юлдузлар чамани,

сирлар гулзори ўз аксин солибди.

 

Аксинг чаманида

      минг нағма,

       минг усул билан

жилвагар хиром айлаб,

          зебо рақсин солибди.

 

Сир юзингда

осмон тоқи солланиб,

ҳайрона баҳсин солибди.

 

Қадим ишқ мутриби созини қўлга олиб,

дод ила,

    фарёд ила,

ажаб оҳанг, дилгир сасин солибди.

 

Эй, кўҳна азим Зарафшоним!

Бунчалар буюк ғавғони олиб,

          қаён кетаётибсан?!

Бу буюк ғавғони

      кўксингда

          қандай тутаётибсан,

              Қандай тутиб турибсан?..

Кўҳак пойида мавжланиб оқаётган дарё сувидан бир нафас ҳам кўзларимни ололмайман. Ажабо, жимирлаб оқаётган сув юзига гўё осмон тоқининг сирли жилоси, сирли акси хўп ажаб тўкилмиш. Заррин титранаётган тўлқинлар тизилишиб кетаётган тилла қайиқчаларга ўхшайди. Ялтироқ қайиқчаларнинг ҳар бири ўзида биттадан юлдузни олиб сузиб кетаётгандек гўё...

Эй, сув, юлдузларни қаёққа олиб кетаяпсан?!.

Дунёвий ўлчовлар –

          шунчаки рамз,

                   шунчаки ишора...

... Атрофимда ҳеч ким йўқ. Воҳ, ажаб! Улар қани, қайга ғойиб бўлишди?!.

Саода-а-а-а-т, Дилфуза-а-а-а, Мадина-а-а-а!..

...

Юрагим беихтиёр дуккиллаб ура бошлади. Нималар бўляпти, ахир! Наҳот, бу жойда бир ўзим қолиб кетган бўлсам?!

Йўқ, инсон ҳеч қачон, ҳеч бир жойда бир ўзи, якка қолиб кетмайди. Унинг вужудидаги тупроқ, олов, ҳаво, сувнинг руҳи доимо у билан бирга бўлади.

Сен кимсан?

Мен сувман.

Қанақа сув?

Ҳудайбия қудуғида тугаб қолган, бас, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам келиб, қудуқнинг четида ўтириб сув сўраганида яна қайта пайдо бўлган, қудуқ тўлиб, серобу мўл-кўл бўлган ўша сувман!

Во, ажаб, мунча қиззиқ, тўхтама, қанисўзлайверчи! Балким мен Зарафшонман, ҳам дерсан?

Ҳа, худди шундай! Сенинг қалбингдаги сирлар сувратига ошнолик, гоҳида менинг ҳам завқимни келтириб юборади. Бу гал эса, сен билан шунчаки бир сўзлашгим келди. Одамлар аслида шундай, ҳар нарсага қандайдир бир ном қўйишни яхши кўради,аслида номим сув, бошқа ҳеч нарса эмас. Дунёдаги атамалар, ўлчовларнинг бари шунчаки рамз ёки шунчаки ишорадан бўлак нарса эмас. Мен ҳам одамлар атагани каби, қадимда, “Дайтия”, яъни “Эзгу сув” деб аталганман. Бу номларим ҳам "Авесто" дея улар ном қўйган ёдгорликларда ёзиб қолдирилган.Худди шундай, Юнонлар ҳукмронлиги даврида “Дайтия” сўзи юнончага ўгирилиб, Политимет, яъни,“Кўп эзгу сув” деб аталдим. Орада мени Суғд, Жирт, Жон, Сомжан каби номлар билан ҳам атадилар. Форс манбаларда Руди Мосаф, Руди Шарғ деб ёзиб қолдирганлар. Араб манбаларида эса номимни Ҳарамком, яъни “Муқаддас дарё”, дея қайд этдилар.“Бобурнома”да Оби Кўҳак деб битилдим, кейинроқ эса Кўҳак дарёси дедилар. Бу номларнинг барчасини одамзод ўйлаб топди. Инсон зотининг яна бир ғалати одати бор, азал ўлчови устида қурилган бу дунёни, дунё ҳаётни ўз ўлчамларига сиғдиришни истайди. Шу каби уларнинг ўлчамига асосан, XVIII асрдан бошлаб то ҳозирги кунга қадар мен Зарафшонман!

Айтдим-ку, сен менингсан, менингЗарафшонимсан, деб! Сени овозингдан танидим,қалбим билан сездим, бу сансан. Хўш, қани энди менга ўзинг айтчи, манзилинг қаёнда, қайдан бошланиб, қай томонга оқурсан?..

Сувимдан Самарқанд, Бухоро, Кармана музофотлари билан бирга Қашқадарё Эски Ангор канали орқали, Жиззах Эски Туятортар канали орқали баҳраманд бўлиб келган. 3арафшон Туркистон, Олай тоғ тизмалари бириккан жой – Мастчоҳ, яъни Кўксув тоғ тугунидаги Зарафшон музлигидан Мастчоҳ дарёси номи билан бошланади. Бошланиш жойидан қарийб бир юз саксон тўққиз километр қуйида, чапдан Фондарё қўшилади ва ўша жойда 3арафшон номини олади.

Ўҳ-ҳў-ў-ў, бунча ажойиб бўлмаса!

Мана, кўряпсанми, бир озгина маълумот беришим учун сенга қанча жой номлари, ўлчовларни қўшиб айтишимга тўғри келяпти. Сиз одам фарзандларига ўзингиз қўйган номлар, ишора, рамзлар номини тутиб тушунтирмасам, ҳеч нарсани тушунмайсиз.

Ажойиб, лекин яна бир савол қизиқтирмоқда. Сен бунчалар кўп номларни, маълумотларни қайдан биласан ёки бир жойдан ўқиб айтяпсанми?

Кулгимни қистама. Менда ўқиш, ёзиш йўқ. Менга юклатилган муқаддас вазифа бор холос. Унга кўра тақдиримдаги воқеаларнинг барчаси менинг имконим, қувватимга жо бўлади. Унда ўқиш, ёзиш, ўчириш, ўзгартириш, ёддан чиқариш, адаштириш йўқ.

Қойилман! Мен сенинг кўплаб ирмоқларингни танийман, аммо билганларим, шу жойга яқин бўлганлари холос. Биламан, сенинг қамровинг жудаям кенг. Дунё тартибида дарёлар чегара билмайди, улар бутун ер юзига, инсониятга тегишли.

Ҳа, аммо буни, инсоният бирор қонун-қоидага сиғдиролмайди, чунки одамзот баъзи сирлардан воқиф ҳам эмас, то қиёмат билолмайди ҳам. Мен сенга бугунги дийдор туфайли баъзи ахборотларни маълум қиламан. Зарафшонга музликлар ва булоқлардан бошланадиган тўрт минг икки юзга яқин ирмоқ қуйилади. Шулардан энг йирикларининг номи сизнингча – Фондарё, Қўштутдарё, Мағиёндарё.Тожикистон ҳудудига қарашли юқори оқимида 3арафшон, Туркистон ва Зарафшон тоғ тизмалари оралиғида ён бағирлари баланд ва тик кўтарилган, кўпчилик жойларида дара ва тангилардан иборат тор водийда жуда тез оқади. Дарё водийси йирик ирмоқлар келиб қўшиладиган жойлардагина бир оз кенгаяди. 3арафшон Работхожа тўғони яқинида Тожикистон ҳудудидан чиқиб, Ўзбекистонга киради ва Самарқанд, Навоий, Бухоро вилоятларидан оқиб ўтади. Самарқанд шаҳри яқинида, Чўпонота, мана шу сен турган тепалик ёнида 3арафшон икки тармоққа – ўнг тарафда Окдарё ва чап тарафга Қорадарёга ажралади. Сўнг жанубий ғарбий йўналишда оқиб, Қизилқум чўлига кириб боради. Ундан кейин, Бухоро, сўнг Қоракўл воҳаларидан оқиб ўтади. Мана шу қисмида Қоракўлдарё деб ҳам аталади. Қоракўл шаҳридан уч километр юқорида қурилган тўғон, сув тақсимлагичда 3арафшон суви каналларга бўлиб юборилган. Тўғондан қуйида дарё ўзани яна икки тармоққа ажралади, чапдагиси Тойқир, ўнгдагиси эса Сарибозор деб аталади. Ҳар икки тармоқнинг юқори қисми суғориш канали сифатида хизмат қилади. Суғоришдан ортган ва қайтарма сувлар Тойқир ўзани орқали Денгизкўлга қуйилади. Сарибозор тармоғи ҳам Қоракўл воҳасидан анча наригача давом этади, лекин қуйи оқимида ўзани кўпинча қуруқ бўлади. 3арафшон Амударёга етиб бормайди. Сизларнинг манбаларда милоддан авввал Зарафшон суви Амударёга қуйилган деган фикр бор. Аслида, ҳозирда ҳам қуйилади. Қай йўл билан қуйилиши одамзодга маълум эмас. Бошингни қотирмайман.

Майли, ихтиёринг. Айтганча, Зарафшондатўлинсув даври апрель ойидан сентябрь ойлари орасида кузатилади. Бу даврда дарё йиллик оқимининг асосий фоизи оқиб ўтади, оқимнинг қолган қисми кузги қишки, яъни октябрь билан март ойлари оралиғида сувли даврга тўғри келади. Июль, август ойларида Зарафшонда сувнинг энг кўп бўлиши кузатилади, деб ўқиганман.

Тўлинсув даври, сувли давр, дея яна ҳар хил даврларга бўлиб ташланганларингни сўраяпсанми,ҳа, майли, сизлар айтганча бўлақолсин.

Зарафшоним, азим дарём, бирам дилгир, дилрабо сирли суҳбатинг учун рози бўл. Азим Самарқанднинг мўътабар, азиз тупроғида, кўҳна Кўҳак тоғи – Чўпонота этагидан оқиб ўтишинг, болалигим, ўсмирлигим ва умримнинг ҳар даврида кунларимни, қалбимни, тақдиримни безаб, кўксимни ғурурга тўлдириб турганлигинг учун шукронамнинг адоғи йўқ! Сени яхши кўраман! Билмам, негадир Кўҳак номи билан боғлиқ тарих онгу шууримда бир ажиб соғинч руҳини қўзғайверади, ҳар нафасда сайқалланиб, солланиб, оҳанрабодай ўзига тортаверади.

Ўҳ-ҳў-ў-ў, у даврлар хўп даврлар эди. Аллоҳ назари тушган Амир Темур давлати иқтисодиётида деҳқончилик асосий ўринда турарди, шу сабаб мамлакатда суғориш ишларига алоҳида аҳамият қаратилган эди. XIV аср охири, XV аср бошларида Мовароуннаҳр ва Хуросонда катта-кичик дарё ва сойлардан йирик суғориш тармоқлари барпо этилди. Сувдан фойдаланиш ишларини ривожлантириш мақсадида сув омборлари ва ҳовузлар қурилди. Суви танқис айрим вилоят ва воҳалар ҳудудларида махсус сув иншоотлари бунёд этилди. Бутун мамлакатда сувни ифлос қилмасдан тоза сақлаш одати муқаддас қонун эди. Махсус сув иншоотлари ичида сув йиғиш ва сақлаш учун қазилган, ичимлик суви сақланадиган сунъий сув ҳавзаси – ҳовузлар ажралиб турарди.Соҳибқирон томонидан бунёд этилган кўркам боғларнинг ҳар бирида табиий шароитларни ҳисобга олган ҳолда бир нечта ҳовузлар қурилган. Улар масжидлар ёнида, шаҳар майдонлари, боғлар, чорбоғлар, сарой ҳовлисида, балки бозорларда ҳам қурилган эди. Атрофи тош билан қоплаб, дарахтлар экиб мустаҳкамланган бундай ҳовузлар одамнинг баҳру дилини очар эди. Шу сабабдан, Самарқанд “Дунёнинг жаннати” дейилган.

Самарқанд теварагида барпо қилинган ўн иккита ажиб чорбоғ ҳақида ўқиб билганман. Айниқса, шаҳарнинг шарқ томонидаги “Боғи Дилкушо”нингўртасидан ўтган кенг хиёбон тасвири, унда барпо қилинган уч қаватли кўшк ёки сарой атрофига экилган чинор ва тут дарахтлари тасаввуримда солланиб туради. Боғнинг юқори қисмида жойлашган сўлим ҳовузлар. Боғлардаги ранг-баранг гуллар, айниқса, турли навли, нави бир хил бўлса-да, турли боғда турлича рангда, турлича хушбўй билан турли таъмда турланувчи мевалар, шафтоли, олма, анжирлар ёдимга тушар экан, гўё димоғимга хушбўйлари келиб урилгандек бўлади. Шундай кезларда, бу қандай сирли алоқадорлик, дея ҳайрон қоламан. У боғлардаги гулзорларни оралаб, ороланиб юрувчи гўзал товуслар худди ёнгинамда, ён-атрофимда юргандай. Бутун дунёга овозаси кетган бу боғларни барпо этиш, боғларнинг ҳақиқий боғ бўлиб яшнаши учун авваломбор сув масаласи тўғри йўлга қўйилиши лозим-да. Ўша жаннатмонанд боғлар учуншу каби жиҳатлар оқилона ҳал қилинган-да. Бутун дунёга овозаси ёйилган, неча асрлар қаъридан то ҳануз ҳаёлингни ўғирлаб, ҳайратингни оширгувчиўшал боғлар, Зарафшоним, кўҳликкина кўҳна дарём, Кўҳак дарём, асосан сенинг сувларинг орқали обу ҳаётга қонганлигини эсласам, қалбим, руҳим ғурур тожини кияди, қалбим саройида байраму шодиёна авжланади. Мен сени шундай фахр, шундай ғурур, шундай шодиёна-ю шукроналар билан севаман!

Ҳа, сен ўқиганларинг, хаёлларингни қўшиб сўзлаяпсан, мен эса кўрган-кечирганларим ва қувватимга тўкилган инсонларнинг дил сўзлари, орзу армонлари, сирлари ва ҳаттоки тушларининг баёни, таъбири ва ниҳоят омонат васиятлар қувватида роз айлаб, баён қиляпман. У кўркам боғларнинг ҳар бирида ҳажми турлича бўлган тўртбурчак ва тўғри тўртбурчак шаклида ҳовузлар бўларди. “Боғи Давлатобод”да тўртта ҳовуз бор эди. У ҳовузларнинг катталиги мусулмончилик қоидаларига биноан эни ҳам, бўйи ҳам камида қирқ газ қилиб қурилган эди, акс ҳолда, ундаги сув ҳаром деб ҳисобланар эди. Ўша ҳовузларнинг ҳам суви менинг бағримдан олинар эди. Сувларим сунъий ирмоқларда бетакрор сўлим боғлардан оқиб ўтган канал ва ариқларда етиб бориб, боғу роғлар, гулзорларни айланиб оқар эди. Сунъий равишда бунёд этилган кўркам шаршараларда мавж урарди. Ҳовузлар, ҳавзалар сувга тўла боғлар бағри салқин ва хуштабиат эди. “Боғи Нав”нингфавворалари жуда чиройли эди. “Боғи Дилкушо”даги юқорига отилиб турган фавворалар ҳовузида қирмизи олмалар қалқиб турарди. Фаввораларга сувлар махсус мосламалардан келиб, ҳовузларга тушиб ариқчалар орқали ташқарига оқиб чиқарди. Ҳовузларнинг атрофи турфа рангдаги мармар тошлар, ранг-баранг гуллар тасвири билан безатилган, ҳовузларга қуйилувчи ариқчаларнинг қирғоқлари ҳам мармар тошлар билан қопланган эди. Бу ҳар бир кўрган инсоннинг хаёлини шоширадиган бир гўзал манзара эди.

Қандай ажойиб-а! Сенинг сўзларинг оҳангидадилтортар эртакмонанд тасвирлар кўз ўнгимдан бир-бир ўтиб, хаёлан ўша боғлар ичра кезиндим, фавворалар арофида сайр қилдим. Гулзорларда таннозланиб, сайр қилиб юрган товусларни эркалаб суйдим, камалак нақшли нафис патларини силаб кўрдим. Фавворалар остидаги ҳовузлар юзида қалқиб турган ўшал сирли қирмизи олмаларни қўлимга олиб, хушбўйидан баҳраманд бўлдим. Ҳар бир боғ соҳибаси бўлган гўзал маликалар, сарвқомат ҳур қизлар қуршовида бетакрор ажиб гулзорларни оралаб сирли базмлар сайли ичра бирам дилрабо кезиндим, дилим яйради. Вой, ана у сирли булоқнинг зилолсувида юзини чаяётган Бибихонимми?..

Елкамни кимдир оҳиста тутди, сесканиб кетдим, хаёлий ҳайрат оламидан аранг хушимни йиғиб олдим. Хаёл денгизига буткул ғарқ бўлган эканман. Қаршимда, ўзингга кел, деган каби дугонам Саодат менга боқиб жилмайиб турарди. Биз Кўҳак тоғининг тепасида, пастда эса кўҳликка Кўҳак дарём жилоланиб, жилваланиб турибди. Самарқанд осмони узра бирам зебо, бирам файзли тонг отмоқда. Тепамиздаги ой ҳам, юлдузлар чаманзори ҳам чекиниб, осмон тоқига сингий бошлабди. Юлдузларга термиламан, улар ортида Улуғбекнинг, Амир Темурнинг, Бибихонимнинг, Каттаонамнинг, Самарқанднинг нигоҳлари боқиб тургандек...

Эй, бугунги оқшомимда ҳамроҳ бўлган бир-биридан сирли нигоҳлар, яна қайта учрашгунча хайр, омон бўлинглар!..

Эй, кўҳнагинам, кўҳликкинам Кўҳаккинам – зарнишоним, Зарафшоним менинг. Юлдузларни қайга бошлаб кетяпсан?

Бибихоним боғларига.

Мени алдама, ҳозир қайда экан у боғлар?

Токи у боғлар бор экан, уни барпо қилган инсонлар ҳам тирик. Тупроқ устида бир дарахт униб чиқса, замин остида унинг илдизига туташ етти хосиятли дарахт кўкаради. Боғ яратган, боғларни авайлаган инсонларни уларнинг руҳи қўллайди. Мабодо, боғнинг замин устидаги қисми қуриса, замин остида уларнинг илдизидан пайдо бўлгувчи боғлар то қиёмат яшайди.

Мен юлдузларни Амир Темур барпо қилган маликалар боғларига, Бибихоним боғларининг зиёратига олиб кетяпман...

Дилором Абдураҳмон қизи,

шоира, таржимон, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.