Музейлар учун аҳолидан 230 дан зиёд ноёб ашё сотиб олинди
Кейинги йилларда "Миллий меросга менинг ҳиссам!" умумхалқ акцияси доирасида аҳолидан сотиб олинган ёки туҳфа сифатида қабул килинган ноёб ашёлар музейларда намойиш этиб келинмоқда.
"Самарканд" давлат музей-қўриқхонаси фондини бойитиш, миллий тарих ва маданий мерос намуналарини саклаш ҳамда келажак авлодга етказиш мақсадида шу йилнинг биринчи ярмида археология, этнография, тангашунослик, рангтасвир, қўлёзма китоблар, чинни буюмлар ҳамда этнографик ҳужжатлар йўналишларида 237 та музей ашёси (шундан 5 таси туҳфа сифатида) музей фондига қабул қилинди.
Жорий йилда музей фондини бойитиш мақсадида бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан 500 миллион сўм ҳам ажратилган бўлиб, ушбу маблағлар доирасида музей коллекциясини кенгайтириш ишлари босқичма-босқич давом эттирилмоқда. Жумладан, 279 миллион 250 минг сўмга археологик топилмалар, қадимий тангалар, нумизматик материаллар, заргарлик ва этнографик буюмлар, тасвирий санъат асарлари, мусиқа асбоблари ва қўлёзма китоблар харид қилинди. Ушбу экспонатлар Самарқанднинг бой тарихи ва маданий меросини янада тўлиқроқ намоён этишга хизмат қилмоқда.
Харид қилинган музей ашёлари турли даврлар ва йўналишларни қамраб олади. Хусусан, бронзадан тайёрланган камар безаклари, оқ металлдан ясалган илон боши шаклидаги қадимий билагузуклар, XVI асрга оид Шайбонийлар даври тангалари, Сомонийлар сулоласи дирҳамлари, милоддан аввалги III асрга мансуб драхмалар бор. Бу ашёлар мамлакатимиз ҳудудидаги давлатчилик, савдо-иқтисодий муносабатлар ва тангашунослик тарихини ўрганишда муҳим аҳамиятга эга.
Шунингдек, тўпламга Самарқанд ва бошқа ҳудудларда тайёрланган миллий мусиқа асбоблари - Ҳамро сози ҳамда Қашқар рубоби киритилган. Уларнинг ҳар бири халқ ҳунармандчилиги анъаналари асосида маҳаллий усталар томонидан тайёрланган. Заргарлик буюмлари орасида Хоразм ва Бухоро заргарлик мактабларига мансуб ҳалқали сирға, найча ва билагузуклар ҳам мавжуд. Ушбу буюмлар миллий заргарлик санъати намуналари сифатида музей коллекциясини бойитади.
Этнографик тўпламдан Сурхондарё, Шаҳрисабз, Нурота ва Самарканд ҳудудларига хос желак, токчапўш, болинпўш, ойнахалта, сандиқпўш, дастурхон, чувал (напрамач) каби миллий каштачилик буюмлари ҳамда қўғирчоқлар ўрин олган. Бу ашёлар халқимизнинг турмуш тарзи, амалий безак санъати ва миллий қадриятларини ўзида мужассам этган. Бадиий меросни бойитиш мақсадида жадидчилик ҳаракати намояндалари Вадуд Маҳмуд, Саидаҳмад Васлий ва Маҳмудхўжа Беҳбудий портретлари ҳамда ХІХ асрга мансуб «Маснавийи Нозим» қўлёзмаси харид қилиниши режалаштирилган. Бу асарлар миллий маърифатпарварлик ҳаракати ва ёзма меросимизнинг муҳим намуналари ҳисобланади.
Сафура РЎЗИМУРОДОВА,
"Самарқанд" давлат музей-қўриқхонаси директори ўринбосари.