Нафс балоси
Муқаддам судланиб, 12 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган. Бунча узоқ муддатни бекорга беришмагандир. Албатта, қилмишига яраша бўлган. Тайинланган жазонинг ўталмай қолган 4 йилу 7 ойи ахлоқ тузатиш ишларига алмаштирилганди. Кейинчалик ўталмаган 2 йилу 11 ой ахлоқ тузатиш ишлари жазосидан шартли озодликка чиқарилган эди. Бироқ у бундан тўғри хулоса қилмади. Иродасизлик қилдими ёки нафси устун келдими, яна эгри йўлга кирди.
У ўз ишлари билан Тойлоқ туман марказий савдо бозорига борди. Бозорда таниши Илҳомни кўриб қолди. Ҳол-аҳвол сўрашиб бўлгач, Илҳом муддаога ўтди.
– Менга озроқ опий гиёҳванд моддасидан керак бўляпти-да, топишга ёрдам қилмайсизми? – деди.
Азам унинг кимгалиги билан қизиқмай, суриштириб кўришга ваъда берди.
Улар ўз йўлларида давом этишди. Азам Илҳомнинг илтимосини бажаришга шу куниёқ киришди. Таниши Искандар билан кўришиб, вазиятни тушунтирди. Искандар опийни топишга ҳаракат қилишини айтиб, хайрлашди. Шундан сўнг у шогирди Аминга қўнғироқ қилди.
– Опий гиёҳвандлик моддасидан топиб бер, – деди.
– Бўлди, ака, бир соатларда топиб бераман. Фақат пулини олдиндан берасиз, – деди у.
Искандар тезда Азамдан, Азам эса Илҳомдан суюнчи олди. Илҳомга сўралган пул маъқул келди шекилли, ҳеч қандай эътироз билдирмай, 1 миллион 300 минг сўм топди. Искандар Аминга пулни узатиб, 20 грамм опий гиёҳвандлик моддасини олди. Кейин буюртмачи Азамга қўнғироқ қилди.
Орадан 20 дақиқалар ўтиб, Азам машинасида етиб келди. Искандар билан бироз гаплашиб, опийни олиб кетди. Унинг бу қилмиши қоронғилик қўйнида қолиб кетмади. Орадан бир-икки кун ўтиб, Қорақалпоғистондаги қариндошиникига кетаётган Азамни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари тўхтатиб, қўлга олишди.
Суд ҳукми билан Азам Мирзаев 5 йилу 2 ой муддатга озодликдан маҳрум қилинди.
Жамшид ШОДМОНОВ.