Нарпайдаги сув ва оқова муаммолари қачон ҳал бўлади?

Бугунги кунда Нарпай туманида истиқомат қиладиган 233 минг аҳолининг тоза ичимлик суви билан таъминланганлик даражаси 72,5 фоизни ташкил қилса, 4,8 фоизи оқова тармоқларидан фойдаланади.

Туман маркази – Оқтош шаҳарчасида 1960-1962 йилларда 18 та 2 қаватли уй қурилган бўлиб, ўша вақтда  ичимлик суви ва оқова тармоқлари тортилган. Оқова тозалаш иншооти мазкур уйлардан ташқари ўнлаб йирик ишлаб чиқариш корхоналари ва 30 дан зиёд ижтимоий соҳа обектларига хизмат қилиб келган. Ўтган 60 йил давомида яна кўплаб уй-жойлар, корхона-ташкилотлар бунёд этилди. Уларнинг оқовалари келиб тушадиган иншоот эскириб, тармоқ бутунлай издан чиқди. Иншоот жойлашган ҳудуддаги маҳалла ва қишлоқларда яшовчи аҳоли бадбўй ҳиддан нафас олиб бўлмай қолгани, экология ифлосланиб кетгани туфайли турли касалликлар келиб чиқишидан хавотир олиб, туман ва вилоят раҳбарларига қайта-қайта шикоят қилаверганидан ниҳоят янги сувоқова иншооти қуришга қарор қилинди. 2019 йилга келиб, туман марказидан 4 километр узоқликдаги Дўстлик маҳалласи ҳудудида хориж технологиялари асосида суткасига 2 минг куб оқова сувни қайта тозаловчи иншоот қурилиб, фойдаланишга топширилди.

- Бу йиллар давомида бунёдкорлик ишлари давом этиб, яна 23 та кўп қаватли уйлар қурилди, - дейди «Самарқанд сув таъминоти» Нарпай тумани бўлими бошлиғи Азамат Маҳмудов. - Бугунга келиб, 66 та кўп қаватли уйда 8 мингдан зиёд аҳоли яшайди. Лекин 2 минг куб сувни тозалашга мўлжалланган мазкур иншоот ҳозирда саноат корхоналари ва кўп қаватли уйларнинг кўпайиши натижасида бир кеча-кундузда 3200-3500 метр куб оқова сувларини қабул қилмоқда.

Ҳозирда мазкур локал иншоот ва 6,6 километр узунликдаги тармоқ орқали 14 та мактаб, 55 та болалар боғчаси, 4 та тиббиёт муассасаси, шунингдек, пахтани қайта ишловчи кластер, тикувчилик фабрикаси каби 6 та йирик саноат корхонасининг оқова сувлари марказий тармоққа чиқариб келинмоқда. Иншоотда оқова сувларни механик тозалаш жараёни учун 30 дона қайта ишловчи махсус идиш бор. 

Жорий йил Тинчлик маҳалласи ва Газчилар қўрғонидаги 19 та, шунингдек, Нарпай маҳалласида 12 та янги қурилган кўп қаватли уй марказий оқова иншоотига улангач, босим янада ошиб кетди. Шу атрофда жойлашган Дўстлик, Янгиобод ва Наврўз маҳаллалари аҳолиси иншоотдан чиқаётган бадбўй ҳиддан қийналганларини айтмоқда. Айниқса, ёш болалар ўртасида турли юқумли касалликлар тарқалишидан хавфсирамоқда.

- Беш йилдан буён шу аҳвол, айниқса, иссиқ кунлари ҳидига чидаб бўлмайди, - дейди шу маҳаллада яшовчи Фозил Намозов. – Уйимизга меҳмон чақиришга уяламиз. Бу муаммони ҳал қилишни сўраб бир неча бор туман раҳбарларига мурожаат қилдик, лекин фойдаси бўлмаяпти. Уларнинг “келаси йил янги лойиҳа қиламиз”, дейишдан бошқа жавоби йўқ. Наҳотки янги кўп қаватли уйларни қуришни режалаштиришдан, олдин уларни ичимлик суви ва канализатсия билан таъминлаш масаласини ўйлаб кўришмаган бўлса?

Кўп қаватли уйларнинг барчаси ҳам марказий оқова тармоғига уланмаган. Жумладан, Халқобод маҳалласида 7 та, Ноғорахонада 3 та ва Бахт маҳалласида 1 та кўп қаватли уй оқоваси махсус қудуқларга ташланмоқда. Уларни “Самарқанд сув таъминоти” АЖнинг туман филиали ходимлари мунтазам тозалаб туришар экан.

-  Ўтган йили қурилган кўп қаватли уйлардан бирига кўчиб ўтганмиз, -дейди И.Норбоев. – Янги уйда барча шароит яхши, сув, газ, электр, оқова мунтазам бўлади деб хомхаёл қилган эканмиз. Дастлабки ойларда муаммолар бўлмади. Кейинчалик электр ва газда узилишлар бошланди. Ичимлик суви ҳам соатбай бериладиган бўлди. Энг катта муаммо - оқова тизимининг яхши ишламаслиги. Канализатсия қудуғи тўлиб кетгани сабабли ёғингарчилик кунлари тошиб ётади. Коммунал хизматга мурожаат қилсак, дарров тузатишади. Аммо улар келгунича, ҳидига чидаб бўлмайди.    

Туманда аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш бўйича ҳам янги лойиҳалар амалга оширилмоқда. Ислом тараққиёт банки жамғармаси маблағлари асосида Турон, Ноғорахона, Истиқлол, Наврўз ва Сарбозор маҳаллалари аҳолисига тоза ичимлик суви етказиб бериш учун 8,5 миллиард сўм маблағ ажратилган бўлиб, 18,3 километр ичимлик суви тармоқлари тортилмоқда.

Шунингдек, жорий йил дашт ҳудудидаги Бўстон маҳалласининг Қўштепа ва Ойбек қишлоғи аҳолиси тоза ичимлик сувидан баҳраманд бўлди. “Самарқанд сув таъминоти” АЖнинг туман филиали ташаббуси билан 17 километр узоқда жойлашган булоқдан тармоқ тортиб келинди.    

Бироқ туманда марказлашмаган ичимлик суви билан таъминланмаган Олтиўғил, Умид, Болғали, Манғит, Тепақўрғон каби маҳаллалар аҳолиси шу муаммодан қийналмоқда.

-  Тоғ ва чекка ҳудудларда жойлашган мазкур маҳаллаларнинг ичимлик суви муаммосини сув ташиб бориш билан ҳал қиляпмиз, -дейди Азамат Маҳмудов. – Корхонамизда 6 та махсус сув ташувчи машина бор. Ҳафтасига уч марта қатнаймиз. Ҳар бир қишлоқда 2-3 тадан хусусий резевуар машиналар ҳам бор. Улар хоҳлаган вақти келиб, корхонамизда жойлашган насос стансиясидан тоза сув тўлдириб кетишади.    

Туман марказида 14 маҳалла бўлиб, яқин йилларда шаҳарча аҳолиси сони 41 мингга етиши кутилмоқда. Ичимлик суви ва оқова тармоқларини яхшилаш мақсадида бир неча бор таклифлар берилди. Аммо лойиҳа қабул қилинмай қолаверган. 2026 йил учун ҳам янги лойиҳа берилган. Бу лойиҳада 100 миллиард сўмдан зиёд маблағ эвазига 15,5 километр тармоқ тортиш,  5 минг куб оқовани тозаловчи иншоот қуриш кўзда тутилган.

Аммо бу лойиҳа қачон амалга ошади? Қачон маблағ ажратилиб, қачон қурилиш ишлари бошланади? Унгача-чи? Аҳоли ваъдаларга ишониб, чидам туриши керакми?

Дилмурод ТЎХТАEВ,

“Зарафшон” мухбири.