Наталья Селезнёва – «Чиройли қиз, яхши қиз Лида!»

Уни русларнинг Катрин Денёви дейишади. Лекин актрисанинг ўзига бу таққос ёқмайди. Дарҳақиқат, Денёв французларнинг Денёви, Селезнёва эса ўзимиз билган Селезнёва ва унга ўхшаши ҳеч қаердан топилмайди! Машҳур "Ы" операцияси" ва «Иван Васильевич касбини ўзгартиради» фильмлари орқали барчамизга яхши таниш Наталья Селезнёва 2016 йили 70 ёшини нишонлади. Аммо ҳамон жўшқин ва серғайрат бу аёл омманинг эътиборидан тушмай ижод қилишда давом этмоқда. Бугун биз учун ҳамиша «чиройли ва ақлли қиз Лида» бўлиб қоладиган истеъдодли ва гўзал аёл тарихини баён этамиз.

6 ёшлик актриса
У ёшини яширмайди, ёш кўринишга уринмайди, пластик жарроҳларга умуман яқин йўламайди, лабини силиконга тўлдириб олмайди, набирасига «Мени Наташа деб чақир» демайди, хуллас, самимий ва табиийлигини ҳеч қачон йўқотмаган. Яна айрим юлдузларга ўхшаб спорт залига бориб озгина шуғулланар-шуғулланмас суратга тушиб, буни оммага кўз-кўзлаш одати ҳам йўқ. Бир пайтлар, ёшлигида баскетбол ва теннисга қизиқиб кўрганди, аммо тез орада ўзининг спорт учун яралмаганини англади ва актёрликни танлади. Ҳозир истеъмол қилган калорияларининг барини саҳнада сарфлайди, зеро меҳнаткаш ва серғайратликда унга тенг келадигани йўқ. Шунга қарамай футболга ишқибозлиги бор, ЦСКА клуби мухлиси саналади.
Кўпчилик Натальянинг болалигини бахтиёр ва беташвиш ўтган деб ўйлайди. Ахир у Москвада, зиёли оилада дунёга келди. Отаси фотограф Игор Полинковский ва онаси – машҳур рассом Елена Селезнёванинг яккаю ягона фарзанди эди-да. Аммо бу оилага тирикчилик ўтказиш осон бўлмаганини ҳамма ҳам билмайди. Коммунал квартирада бир неча оила билан бирга яшаш, рўзғордаги тақчиллик... Ёшлигидан меҳнатда тарбияланди, беш ёшлигиданоқ умумий йўлак ва зиналарни ювиб онасига қарашарди. Овқат қилишни ҳам жуда эрта ўрганди, танишлари унга қўли ширин пазанда деб таъриф берадилар.
Наталья актрисалик фаолиятини 6 (!) ёшда бошлади. Бир куни кўчада онаси билан сакраб-сакраб чопқиллаб кетаётган, унга бийрон-бийрон саволлар бераётган қувноқ қизчани театр режиссёрларидан бири кўриб қолади ва ота-онаси билан театрга синовга келишини айтади. Шундай қилиб ёшгина қизалоқ Наташа «30 кумуш танга» спектаклида роль ўйнай бошлади. Уни саҳнада кўрган даниялик таниқли болалар ёзувчиси Агния Барто қизалоқни ўша пайтда суратга олиниши режалаштирилаётган «Алёша Птицин характерини шакллантиради» картинасига таклиф этилишини таъминлайди. Фильмда 8 яшар қизалоқ ўзидан талаб этилган образни аъло даражада ижро этиб беради. Шу билан унинг тақдири аниқ бўлди: бунақа тажрибадан кейин Натальянинг актриса бўлиши тайин эди.
Мактабни битиргач, Наталья Шукин номидаги театр билим юртига ҳужжат топширди.
У драматик актриса бўлмоқчи эди. Бунга қатъий аҳд қилганди. Шунинг учун кириш имтиҳонига «Борис Годунов» асаридан Марина Мнишек монологини тайёрлаб борди ва берилиб ижро эта бошлади. Аммо... Аввал ҳакамлардан бири юзида табассум пайдо бўлди, кейин бу кулги бошқаларга ҳам кўчди ва аслида чуқур драматик маънога эга монолог Наталья Селезнёва ижросида қаҳқаҳа ва олқишлар билан қарши олинди. Йўқ, у образга жуда яхши кирганди, аммо жиддий Марина Мнишек образи Натальянинг ёш болаларникидек масъум ва ширин чеҳрасига ҳеч ёпишмаганди. Уни институтга қабул қилишди, бироқ унга драматик эмас, комик актриса амплуасини башорат қилишди ва адашишмади.

Ибо билан…
«Ы операцияси» фильмидаги «яхши қиз Лида» роли Селезнёвага машҳурликни олиб келди. Синовлар пайти Гайдай Наталья борасида кўп иккиланди, ҳатто фильмда кўйлак ечиш саҳнаси бор дея актрисани қўрқитмоқчи ҳам бўлди. Аммо Селезнёва Лидани ўйнашга қатъий аҳд қилганди, шунинг учун режиссёр олдида чўмилиш кийимида дадил пайдо бўлди. Шундан кейин Гайдайда ҳеч қандай шубҳа қолмади. Фильмда Селезневанинг «ечиниши» саҳнаси шу қадар иболи ва табиий чиқдики, ахлоқий масалаларга жуда қатъий қарайдиган бадиий кенгаш ҳам бир оғиз эътироз билдирмади.
Бирданига келган машҳурлик Селезнёвани гангитиб қўймади. У роль танлашга жуда масъулият билан ёндашар, ҳадеб суратга тушишга ружу қўймас, театрда ишлаб, маҳоратини оширишда давом этарди. Телевидениеда «13 стул» номли комедик сериал (ҳозирги тил билан айтганда ситком) суратга олина бошланди ва уни пани Катарина ролига таклиф қилишди. Бу актриса ижодидаги муваффақиятли лойиҳалардан бири бўлди. Лойиҳа бир неча йил давом этди. Ҳар бир серияда Селезнёва ролни муваффақиятли ижро этиш билан бирга ўша пайт Европа модасининг энг янги русумлари бўйича кийиниб чиқар, бутун иттифоқ аёллари унга тақлидан кийинар ва сочларини турмакларди. Аммо бир кун актриса кутилмаганда «қовун тушириб қўйди». Бир дугонаси унга Париждан чиройли костюм олиб келди, аммо юбкаси калта – мини юбка эди. Наталья бироз ўйланиб турди-ю, таваккалига шу либосда кадрда пайдо бўлди. Оқибатда қаттиқ гап эшитди ва нотўғри ўрнак кўрсатгани учун гонораридан маҳрум этилди. Ҳа, Селезнёва аёллар учун ўрнак бўладиган даражага кўтарилганди, бу даражанинг эса ўзига яраша масъулияти ҳам бор эди. Шундан кейин у ҳар бир либосини ўйлаб киядиган, омма олдига чиқишга масъулият билан қарайдиган бўлди.
1990 йиллардан бошлаб актрисага роллар таклифи сийраклаша бошлади. Янги замон ўзининг янги юлдузларини кашф этди. Аммо 2000 йилларнинг охирига келиб, Наталья Селезнёва ижодида уйғониш даври бошланган. Унга яна кўплаб роллар таклиф этилмоқда. Лекин у ҳамон ўша-ўша — чертиб-чертиб роль танлайди.

Экрандан ҳаётга кўчган эртак
Турли миш-мишларга қарамай Селезнёва кўз очиб кўрган эри — режиссёр Владимир Андреев билан қарийб 50 йилдан бери бахтли турмуш кечириб келмоқда. Албатта, шундай соҳибжамолга мафтун йигитлар кўп эди, лекин актриса ўзидан 15 ёш катта ҳамкасбини танлади. Селезнёванинг кейинчалик тан олишича, бу бир боқишда юзага келган бир умрлик муҳаббат эди. Улар режиссёр Виктор Храмовнинг «Калиф-лайлак» номли телеэртагини суратга олиш жараёнида учрашиб қолдилар. Унда 23 ёшли Наталья Малика, 38 ёшли Вламир Андреев эса Шаҳзода ролини ижро этди. Бу рамзий маънога эга учрашув эди, зеро Селезнёва шу картина орқали ҳаётдаги шаҳзодасини ҳам топди.
Ўғилларининг туғилиши бу икки ижодкорни янада яқинлаштирди. Бири ишга – суратга тушишга кетса, иккинчиси бола ва уй ишлари билан шуғулланар, доим бир-бирини қўллашга интилишарди. Таниш-билишлар бу жуфтликка ҳавас билан қарардилар. Улар ўртасида бир-бирини мухлисларга ёки шону-шавкатга рашк қилиш деган нарса умуман бўлмаган.
«Биз ижодкор, ҳиссиётга берилувчан одамлармиз. Баъзан овозимизни баландлатишимиз ҳам мумкин. Аммо иш жанжалгача бориб етмайди, чунки биз бир-биримизни авайлаймиз. Оилада ўзаро тушуниш бўлмаса, эр-хотин чегарадан чиқиб кетиши мумкин, бу эса оила бузилишига олиб келади», дейди актриса ундан бахтли оилавий турмуш сирини сўрашганида.
Селезнёва ва Андреевнинг Егор исмли ўғли бор, аммо у санъатни эмас, дипломатияни танлади, ҳозир оиласи билан хорижда яшайди. Актриса набираси Алёша ўзининг изидан кетишига умид боғлаяпти, чунки болада истеъдод куртаклари кўзга ташланаяпти.
Андреев кўплаб картиналарни суратга олган, лекин биронтасида ҳам Селезнёвага роль насиб этмаган. Бу ҳолатни актрисанинг ўзи қуйидагича изоҳлайди: «Биз икки мустақил ижодкормиз, ўз йўналишимиз бор. Турмуш ўртоғим мени иш билан таъминлаш ҳақида ҳеч қачон бош қотирмаслигидан хурсандман, чунки шундоқ ҳам менга таклифлар етиб ортади, ҳатто кенг танлов имкониятим ҳам бор. Авваллари дўконларда қўшиб сотиш акцияси бўларди: этик оладиган бўлсангиз, ваза қўшиб бериларди. Мен Андреев учун бундай ваза бўлишни истамайман».

Шаҳноза Тўрахўжаева.