Алишер Навоий - муфассир ва тарихчи
Навоий шеърияти инсоннинг руҳияти ва маънавиятини янгидан поклайди. Бундан инсон қалбида жилвали руҳият, шукуҳли маънавият уйғонади. Олам табиат ўзгача моҳият касб этади.
Ҳар бир юрак огоҳлик ва ҳайратланиш шарафини қўлга киритади:
Хирад Ғайб илмида омадурур,
Ки, билмаски, тонла келур недурур.
Инсон қанчалар ақл-тафаккурли бўлмасин, Ғайб илми – Аллоҳ илми ва ҳикмати олдида ожизу нотавон. Ҳар бир инсон (пайғамбарлар, азиз авлиёлар бундан мустасно) эртанги кун, тонгда нималар содир бўлишини билишдан ожиз, деб хулоса қилади Навоий.
Маълумки, инсон руҳияти ва маънавиятини ишқини кўнгил бисотини Алишер Навоийчалик таъриф, тавсиф этган ижодкорни топиш мушкул. Навоий шеърияти муаззам шарқнинг Низомий Ганжавий, Хусрав Дехлавий, Ҳофиз Шерозий, Жалолиддин Румий каби буюк даҳолари шеърияти билан ҳамоҳанг ва камарбаста бўлиб, бадиий руҳияти, кенг маънавий мазмуни билан ўзига хос моҳият касб этувчи нодир шеърият ҳамдир.
Ҳазрати Навоийнинг биргина ҳиммат ва саховат борасидаги мулоҳазалари таҳсин ва мақтовга лойиқдир:
Чу ҳиммат эрур кимёи вужуд,
Ки андин топар эътибор аҳли жуд.
Навоий инсоннинг қалбини улуғлайди. Унинг маънавиятини юксак қадрлайди, яъни ҳар бир вужуд эгаси бўлмиш инсоннинг ҳиммати ва саховати унинг қалб кимёсидир. Демак, кимё ҳиммат билан инсонни камолотли тафаккур эгасига айлантирувчи илм ҳамдир. Шоир жамият аъзоси бўлмиш ҳар бир инсон, ҳимматни ўзига дастур-ул амал этиши лозимлигини, бундан, аввало, ўзига ва жамиятга фойда эканлигини айтиб, ҳимматли инсон хайру-саховат эгаси эканлигини алоҳида таъкидлайди.
Маълумки, шариат, тариқат илмларини мукаммал ўрганган, унга амал қиладиган инсон, бу саховат аҳли сирасидандир. Бу жиҳатни Навоий алоҳида айтиб ўтади.
Алишер Навоий нафақат шеъриятда нодир талант эгаси, балки ўз даврининг моҳир муфассири, буюк тарихчиси ҳамдир. Навоий Қуръони Карим ва Ҳадиси шарифлар мазмунини ажойиб, ўзига хос тарзда шарҳлаш ва изоҳлашда беназир муфассирдир, десак муболаға бўлмайди.
Биз ушбу мақолада Ҳазрат Навоийнинг “Тарихи мулки ажам” (“Ажам шохлари тарихи”) асарида қайд этилган, Алишер Навоийнинг тарихчилик бобида ҳам беназир эканлигини кўрсатувчи фикр-мулоҳазаларини баён этишни лозим топдик. Аввало, таъкидлаш лозимки, Ҳазрат Алишер Навоий Абу Жаъфар Муҳаммад ибн Жарир ат Табарий (839-923) томонидан ёзилган “Тарихи Табарий” асарини илмий ўрганган. Ундаги баъзи ўринларни тўлдириб баён этган бўлса-да, бу асар ўз даври тарихи баён этилган ноёб манбалардан ҳисобланади.
“Тарихи Табарий” асли араб тилида ёзилган бўлиб, кейинчалик форс тилида таржима қилинган. Асарда Одам Атодан то Аббосийлардан бўлган шох Музтасҳирнинг тахтга ўтиргунига қадар бўлган тарихий даврдаги воқеа ҳодисалар қаламга олинган. Шунингдек, Алишер Навоий Рашидидин Ҳамадоний (1248-1318) қаламига мансуб “Жомиеъ ат-товарих” , Имом Муҳаммад Ғаззолийнинг “Насиҳат ул-мулук” каби тарихий асарларини ҳам ўрганиб илмий таҳрир қилган ҳамда бу тарихий асарларга жавоб тарзда ўзининг “Тарихи мулуки Ажам” асарини ёзиб қолдирган. Ушбу асарда қадимий подшоҳлардан бири Қаюмарс давридан то VII асрнинг иккинчи ярмига қадар бўлган тарихий давр баён этилган.
Ушбу тарихий асарда келтирилган ноёб ва ишончли маълумотлардан маълум бўладики, Ажам шоҳлари, ҳокимлари адолатни ихтиёр этиб, илму маърифат ва маданиятни тарғиб этганлар, канал ариқлар қазиб, обод масканлар, шаҳарлар қуришган. Эл-юрт фаровонлигини бирламчи вазифа деб билишган.
Алишер Навоийдек буюк шоир, тарихчи олим ва давлат арбобининг бундай катта илмий салоҳиятга эга асарлари даврлардан даврларга ўтиб, асрлар оша маънавий хазина бўлиб қолаверади.
Нуриддин Тиллаев,
Жуманазар Куланов,
тадқиқотчилар.