Навоий “Хамса”си жаҳон адабиётининг энг йирик намуналаридан бири сифатида ҳар томонлама таҳлил ва тадқиққа муносиб

Жорий йилнинг 6 ноябрь куни соат 10:00 да Самарқанд давлат университетида «Темурийлар даврида яратилган “Хамса”ларнинг компаративистик тадқиқи ва уларнинг Шарқ адабиёти тараққиётидаги ўрни» мавзусида онлайн халқаро илмий-назарий анжумани ташкил этиш режалаштирилган.
Aлишер Навоий таваллудининг 580 йиллиги олдидан уюштирилаётган ушбу анжуманда Ҳиндистон, Туркия, Озарбайжон, Тожикистон каби давлатлар ҳамда мамлакатимизнинг адабиётшунос ҳамда тилшунос олимлари қатнашиши кутилмоқда.
Мусулмон Шарқи эпик поезияси тарихи ва тадрижий тараққиёти хамсачилик анъанаси билан чамбарчас боғлиқ. Низомий ва Aмир Хусрав Деҳлавийдан бошланган бу анъана замирида деярли 8 асрга яқин вақт давомида юзлаб достонлар яратилди. Бу достонларни турли маданият вакиллари ўз халқи бадиий тафаккурининг ажралмас ва муҳим қисми сифатида ўрганиб келмоқда, тадқиқ этмоқда. Форсий тилда ёзилган достонларни адабиётшунослик нуқтаи назаридан тадқиқ объектига тортишда биринчи эътиборни Низомий бешлигига қаратиш керак бўлса, туркий адабиётдаги хамсанавислик тарихини Алишер Навоийнинг “Хамса”си бажаради. Чунки достонлардаги асосий ғоя ва йўналиш, улардан келиб чиқадиган хулосаларнинг туб илдизлари айнан ана шу икки мутафаккирга бориб тақалади.
Ҳозирги ислоҳотлар жараёнида ўтмиш маънавий меросини жаҳон илми андазалари асосида тадқиқ ва таҳқиқ этишга алоҳида эътибор қаратилган. ХХ асрнинг охири ва янги асрнинг ўтган йиллари давомида ўзбек, рус, тожик, озарбайжон, туркман ва бошқа хорижий адабиётшунослик марказларида хамсанавислик тарихи ва шеърияти, хусусан, Низомий Ганжавий, Aмир Хусрав Деҳлавий, Хожи Кирмоний, Aбдураҳмон Жомий, Aшраф Мароғавий ва Aлишер Навоий каби Шарқ адабиётининг етук намояндалари адабий мероси, уларнинг хамсанавислик анъанаси шаклланиши ва тараққиётига қўшган ҳиссасига доир анча эътиборли ишлар амалга оширилди. Эндиликда уларнинг компаративистик тадқиқини амалга ошириш жаҳон адабиётшунослигининг долзарб масалаларидан бирига айланди.
Буюк шоир ва мутафаккир Aлишер Навоий умумбашарий маданият хазинасидан муносиб ўрин олган ўлмас асарларини айнан она тилимизда яратиб, унинг шуҳратини бутун дунёга тараннум этди. Ўзбек тилида яратилган ана шундай ноёб дурдоналардан бири Aлишер Навоийнинг “Хамса”си бўлиб, бу бешлик ҳақли равишда жаҳон адабиётининг энг йирик намуналаридан бири сифатида ҳар томонлама таҳлил ва тадқиққа муносиб.
Илмий-назарий анжуманни ташкил этиш доирасида темурийлар даврида яратилган “Хамса”ларнинг компаративистик тадқиқи хусусида олиб борилган илмий тадқиқотлар жамланди. Жумладан, ХV аср Хуросон адабий муҳити ва унда Жомий ҳамда Навоийнинг мавқеи, Aбдураҳмон Жомий адабий мероси ва шеърияти хусусида қатор илмий-назарий мақолалар илм-фанга тақдим этилиши мақсад қилинган.
Мазкур анжуманда “Хамса”ларда тасаввуфий оҳанглар, жаҳон адабиётида “Хамса” ғояларининг ўрни, адабий матншунослик: нашр, таржима, илмий таҳлил ва талқин муаммолари, “Хамса”ларда тил ва услуб масалалари нуқтаи назаридан берилган илмий қарашлар муҳокама этилади.
Назмия МУҲИДДИНОВА,
СамДУ доценти.