Навоийлик ҳамкасбларимиз қандай ишлаяпти?: Вилоят матбуотига назар

Ўзининг ёрқин солномасига эга ҳудуд матбуоти тарихи олис мозийга бориб тақалади. Ўтган йиллар мобайнида вилоятда ўзига хос журналистика мактаби шаклланди. Турли номдаги газета-журналлар, телерадио каналлар, матбуот хизматлари, нашриёту босмахоналар дунёга келди. Номдор, ўткир қаламига эга ижодкорлар, соҳа фидоийлари, забардаст журналистлар, ёзувчи-шоирлар, ёш ижодкорлар камолга етди. Бугун бу ҳақида ҳар қанча фахрланиб гапирсак арзийди.

 Соҳанинг сарғаймас саҳифалари

Навоий республиканинг энг кенжа, навқирон вилояти ҳисобланса-да, унинг матбуот тарихи салкам асрга тенгдош. “Қизилтепа тонги”, “Кенимех таны”, “Кармана овози”, “Хатирчи ҳаёти”, “Нурнома” ва “Тамды шаруагерi” каби газеталар 1930-1935 йилларда ташкил топган. Ушбу отахон нашрлар ҳозиргача матбуот минбари сифатида жамиятга хизмат қилиб келяпти.

Ҳар бир таҳририятдаги жўшқин адабий муҳит, ўзаро ҳамжиҳатлик, мақола яратиш, қўлёзмаларни таҳрирлаш, таҳририят почтасига оқиб келадиган хат-хабарлар, ёзув машинкалари овози, эрта тонгдан кеч шомгача, кўп ҳолларда эрталабгача давом этадиган янги сонни нашрга тайёрлаш ва чоп этиш жараёнлари, битта-битталаб ҳарфларни қўлда териш, босмахона ташвишлари, эрта тонгдан янги соннинг қўлма-қўл бўлиб кетишини ўйласак одамга ҳузур бағишлайди. 

Бунда, шак-шубҳасиз, соҳага илк тамал тошини қўйган, матбуотимиз шон-шуҳратини юқори даражага олиб чиқишга катта ҳиссаси сингган устозларнинг меҳнатлари беқиёс. Бугунги қувончли кунларда уларни эсламасдан, порлоқ хотирасини ёдга олмасдан иложимиз йўқ. Вилоят матбуотининг ҳақиқий дарғалари бўлган Қосим Ҳасанов, Ҳамид Мўминов, Умид Сатторов, Олим Қамбаров, Маҳмуд Мардиев, Улаш Нурманов, Ёрқул Умаров, Абубакр Шектибаев, Игор Загоскин, Шукур Нурбоев, Есинбай Ўразимбетов, Нарзулло Тилавов, Тошпўлат Файзуллаев, Неъмат Абдураҳмонов, Элмурод Раҳмонов, Иноят Раҳмонов, Жолдасбек Абдурасулов, Малика Тўхтаева, Бобоқул Мансуров, Абдуваҳоб Пирматов, Борис Шалатонин, Шароф Ҳабибов, Сабоҳат Тўхтаева, Азамат Сафаров ва бошқа заҳматкаш устозлар меҳнати, ижоди ҳар қандай эътирофга муносибдир. Бугун улар сафимизда бўлмаса-да, уларнинг ибратли ишлари халқ орасида ҳамиша барҳаёт!

Кўп йиллар давомида вилоят матбуот ва ахборот бошқармасини бошқарган, фаолияти давомида соҳа ривожида улкан ишларни амалга оширган, устоз журналист Улаш Нурмонов (Илоҳим, жойлари жаннатда бўлсин!) ана шундай заҳматкаш инсон эди. Ўзининг қисқа умри давомида соҳа ривожи йўлида кўплаб хайрли ишларга бош-қош бўлди. Жумладан, вилоят матбуотининг республикада ўз ўрнига эга бўлиши, журналистлар учун замонавий “Матбуот уйи” бунёд этилиши, “Дўстлик байроғи” ва “Знамя дружбы” газеталари адади оширилиши, ушбу таҳририят ҳузурида замонавий технологияларга асосланган босмахона ташкил этилишида бу инсоннинг ҳиссаси беқиёс. Хайрли ишлари матбуотимиз солномасини безаб турибди. Худди шундай турли йилларда матбуот ва оммавий ахборот воситаларига раҳбарлик қилган устозларнинг ҳам соҳага қўшган улкан ҳиссаси, тарихда қолган ютуқлари бор.

Таниқли журналист Маҳмуд Мардиев ҳақида ҳам касбдошлар, ҳудуд аҳли, республика матбуоти вакиллари, ижодкорлар ҳали-ҳамон фахрланиб гапиришади. Унинг серқирра ҳаёт ва ижод йўли, олижаноб фазилатлари, бебаҳо қобилияти ҳақида кўп эслашади. Оддийлик ва одамийлик хислатлари соҳиби бўлган бу инсондан кейинги авлодларга ёрқин хотира, ибрат олишга арзигулик жиҳатлар қолган. 

Устоз… Бу сўз замирида улуғ мазмун мужассам. Барча соҳаларда бўлгани каби матбуотда ҳам фидокорона  меҳнати ортидан юксак шарафга эришган, обрў-эътибор топган инсонлар кўп. Шундай беназир ижодкорлардан бири Ҳамдам Эшонқуловдир. Устоз ўз меҳнат фаолияти давомида “Дўстлик байроғи” газетаси бош муҳаррири, кейинчалик “Халқ сўзи” газетаси вилоят мухбири бўлиб ишлади. Ўзининг долзарб мавзулардаги публицистик мақолалари ва ёрқин ижоди билан кенг жамоатчилик, ижодкорлар орасида довруғ қозонди. Самимий, ўта камтар ва айни пайтда ҳам ижоддан тўхтамаган бу инсоннинг мамлакатимиз адабий муҳитида ўз ўрни борлиги барчамизга чексиз фахру ифтихор бағишлайди.  

 

Вилоят журналистика мактаби юртимиз нуфузли таҳририятларига истеъдодли ва истиқболли журналистлар, ёзувчи-шоирларни тарбиялаб берган. Ойдин Ҳожиева, Эсиргап Болиев, Жалолиддин Сафоев, Ашурали Жўраев, Ҳамид Низомов, Ислом Ҳамро, Азиз Саид, Фарҳод Арзиев, Ойбуви Очилова, Хосият Бобомуродова, Дилшод Исломов, Жалолиддин Тўхташев, Холида Файзиева, Вафо Файзулла, Барнобек Эшпўлатов, Феруза Кубраева, Эльвина Мустафина, Дадахон Муҳаммадиев, Дилноза Абдуҳамидова, Зарина Тоҳироваларнинг қалами вилоят адабий муҳитида чархланган.

Вилоятимиз матбуотининг тараққиёти ҳақида ифтихор билан сўз юритар эканмиз, унинг асосий устунларидан бири ҳисобланган матбаачилик йўналишига ҳам тўхталмасдан иложимиз йўқ. Тарихий манбааларда келтирилишича, ҳудудий нашрлар даставвал “Нарпай туман босмахонаси”да чоп этилган. Кейинчалик “Навоийазот” АЖ, “Қизилтепа АДАСТ” хусусий корхонаси, “Навоий полиграфсервис” ишлаб чиқариш корхонаси, Кармана, Нурота, Хатирчи, Қизилтепа, Конимех, Навбаҳор, Томди, Учқудуқ туманлари босмахоналарида чоп этилган. 2010 йилда “Дўстлик байроғи” ва “Знамя дружбы” газеталари таҳририяти” давлат корхонасида замонавий босмахона ташкил этилиши матбаачиликда мутлоқо янги даврни бошлаб берди.

Ҳаётимизни телерадиосиз тасаввур этолмаймиз. Бу борада ҳудудий телерадио каналларнинг ҳам фахрланиб гапиришга арзигулик тарихи ва ўрни бор. Вилоят ташкил этилган йилларданоқ телерадиокомпанияси фаолияти йўлга қўйилди. Кейинчалик “Қизилқум” (“Фазо”), Нурота, Хатирчи, НКМКнинг “Орион”, “Зафаробод”, “Зарафшон - ТВ” телевидение ва телестудиялари эфир юзини кўрди. Бу даргоҳлар Раъно Ҳакимова, Ғулом Султонов, Темур Эшбоев, Ҳамидулло Қарчиғаев, Валентина Корненко, Ўролой Турдиева, Ғулом Эшқобилов, Абдували Носиров каби забардаст тележурналистларни вояга етказиб, элга танитди. Улар раҳбарлиги даврида кўплаб хайрли ишлар амалга оширилди, ёш ижодкорлар тарбияланди.

Бугун вилоят матбуоти, унинг шонли йўли, ютуқлари ҳақида сўз юритиш ҳам фахр, ҳам мароқли. Мен бу ҳақида кўрган, эшитган жиҳатларга эътибор қаратдим, соҳанинг билган бир парчасини эътироф этдим, холос. Ҳали соҳамизда мен билган ва билмаган хотиралар, эътирофлар қанча!?.

 Мустақиллик берган имкониятлар

Ҳудуд матбуоти мустақиллик йилларида янги босқичга чиқди. Вилоятда матбуот, оммавий ахборот воситалари, матбаа-ноширлик, матбуот хизматлари жадал ривожланди. Бу паллага келиб ижодий муҳит янада гуллаб-яшнади, халқимизга долзарб, тезкор ахборотлар тақдим этиш, материаллар сифати, мазмун-мундарижаси, ижодкорлар фаоллиги тубдан ўзгарди.

2015 йилги статистикага кўра, вилоятда 46 та оммавий ахборот воситалари, жумладан, 32 та газета, 6 та журнал, 7 та телевидение ва 1 та радио, 70 дан ортиқ босмахона ва матбаа бўлимлари, А.Навоий номли нашриёт, матбуот хизматлари фаолият юритган. Босма нашрлар ойлик адади ўртача 800 минг нусхани, вилоят телевидениесининг ҳафталик эфир вақти 62 соатни, ҳудуд радиоси эфир вақти эса ҳар куни 10,5 соатни ташкил этган. Электрон ва босма оммавий ахборот воситалари ихтисослашуви жиҳатдан ўзбек, рус, қозоқ ва қорақалпоқ тилларида нашр этилган ва эфирга узатилган. Бу рақамлар ёш вилоят учун катта кўрсаткич эди.

Ёш ижодкорларни тарбиялаш, уларнинг ижодга қизиқишини ошириш, қобилиятларини юзага чиқариш ва журналистлик касбини танлашда ижодий тўгаракларнинг ўрни беқиёс бўлди. Бу борада вилоят оммавий ахборот воситалари ҳузуридаги ижодий тўгараклар, ижодий танловлар муҳим роль ўйнади. Хусусан, ўтган даврда таҳририятлар ҳузуридаги “Чашма”, “Ниҳол” ва бошқа ижодий тўгараклар, шунингдек, “Энг яхши ёш журналист” кўрик-танлови, “Истиқбол ғунчалари”, “Навоий ёшлари” каби ёшлар нашрлари юзлаб навқирон иқтидор эгаларини кашф этишгани ҳар қандай таҳсинга моликдир.

Ҳеч ёдимдан чиқмайди. У пайтлар Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлигида ишлардим. Бир куни раҳматли Улаш Нурмонов телефон қилиб қолди. Вилоятда нашриёт йўқлиги боис қанча ижодкорларимиз сарсон-саргардон бўлаётгани, ноширлик соҳасини йўлга қўйиш кераклиги ҳақида куйиниб гапириб қолди. Мана шу туртки 2010 йилда Алишер Навоий номли нашриёт ташкил этилишига сабаб бўлди. Ўтган даврда ушбу нашриётда Жаҳонгир Умрзоқов, Сайдулло Абдурасулов, Абдухолиқ Жўраев, Сурайё Мансурова, Абдуҳаким Ҳасанов, Абдували Бўриев, Рустам Қувватов, Сабоҳат Баракаева сингари соҳа мутахассислари ишлаб, кўплаб янги китобларни нашр этишга муносиб ҳисса қўшди.

Инсон меҳнати ҳамиша эътирофи билан қадрлидир. Ҳамкасбларимиз заҳмати ҳар доим ўз рағбатини топиб келаётир. Жумладан, марҳум журналист Қосим Ҳасанов ва “Дўстлик байроғи” газетаси собиқ масъул котиби Исроил Холбоевлар “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсат кўрсатган журналист” фахрий унвони, таниқли публицист Ҳамдам Эшонқулов “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими” фахрий унвони, устоз журналистлар Одилқул Ҳотамов, Шарбат Мухторова ва Салима Умаровалар “Меҳнат шуҳрати” ордени, вилоят телевидениеси бош режиссёри Жўрақул Эшов, “Инсон ва қонун” газетаси вилоят мухбири Маруса Ҳосилова ва “Тамды шаруагерi” газетаси собиқ муҳаррири, марҳум Шамил Абдусаматовлар “Дўстлик” ордени, марҳум журналистлар Маҳмуд Мардиев, Ольга Пушкарёва, шунингдек, айни пайтда серқирра ижод қилиб келаётган “Учқудуқ” газетаси муҳаррири Райҳон Қодирова, “Ёшлар” телеканали вилоят мухбири Холбиби Сафаровалар “Шуҳрат” медали, Хуршида Нарзиева, Чаманой Жонузоқова, Муниса Аъзамова, Лайло Орзиевалар Зулфия номидаги Давлат мукофоти билан тақдирлангани улкан ютуқлардан далолатдир.

2016 йилда “Дўстлик байроғи” ва “Знамя дружбы” газеталари таҳририяти” давлат корхонаси журналистика соҳасидаги “Олтин қалам” XI миллий мукофоти танловида матбуот йўналишида фахрли 2-ўринни қўлга киритгани вилоят матбуот тарихида энг оламшумул муваффақиятлардан бири бўлди.

Таниқли журналист Раҳим Мақсудов ўз меҳнат фаолияти давомида ўзига хос “Қизилтепа тажрибаси”ни яратди. Ушбу нашр обунаси тўлиқ таҳририят орқали ташкил этилиши, газета янги сони чиққан вақтнинг ўзида бир неча ўнлаб шартнома асосида ишга қабул қилинган курьерлар кўмагида газетхонларга ўз вақтида етказиш имконини беряпти. Бунда, обуначи ўз вақтида туман ва республика янгиликларидан тезкор хабардор бўлиши билан бирга, севимли газетасини ўз вақтида олаётгани нашрнинг кўпминг ададини сақлаб қолишни таъминлаяпти. Бунинг натижасида таҳририят почта хизматига бериладиган ҳақдан иқтисод қилса, бир қатор кўплаб оилаларнинг моддий манфаатдорлигини рағбатлантиришга эришмоқда.     

Давр шиддат билан ўзгариб бормоқда. Одамларнинг Интернет тармоқлари орқали кундалик ахборотларга эга бўлишга талаби кундан-кунга ортиб боряпти. Турли ташкилот ва идоралар матбуот хизматларида ишлаётган ҳамкасбларимиз  ҳам замонга мос ахборот тарқатишга ўз ҳиссаларини қўшиб келмоқда. Шу паллада беихтиёр қалбларга эзгу сатрлар қуйилиб келади:

Ижодингиз гуллаб-яшнаб, палак отар,

Ёзганингиз юракларга чўғдай ботар,

Кенг оммада ишонч тўла ҳис уйғотар,

Тинмай ёзиш келмас малол, журналистлар,

Касбингизнинг нони ҳалол, журналистлар!

 

Адолатни куйламоққа боғладик бел,

Эзгу йўлда бирлашайлик ҳамкасбим, кел,

Биз ҳақиқат тарафдори - ижодкор эл,

Жамиятга сайқал, савлат, журналистлар,

Шунинг ўзи катта давлат, журналистлар!

Абдумажид Жўраев,

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси аъзоси.