“Шунчаки ёзмоқ бу – шоирга ўлим...”

Самарқанд давлат чет тиллар институти шарқ тиллари факультетида талабалар ва профессор-ўқитувчиларнинг Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоир ва журналист Ёр Муҳаммад билан ижодий учрашуви ўтказилди.

Унда сўзга чиққанлар Ёр Муҳаммаднинг серқирра ижоди, унинг қаламига мансуб шеър, ҳажвия ва публицистик мақолаларнинг ёшлар тарбиясидаги аҳамияти, бугунги кун журналистининг маънавий қиёфаси ҳақида фикр юритдилар.

– Ёр Муҳаммад ака айрим “қаламкашлар”дай шунчаки, тирикчилик ёки сохта обрў олиш учун ёзмайди, у юракдан, ёниб ёзади. Шунинг учун ҳам у кишининг битиклари доим ўқувчилар эътиборида, - деди филология фанлари бўйича фалсафа доктори Дилафрўз Раҳматова. – Яна бир жиҳати шундаки, муаллиф узоқ йиллардан бери журналистикани шеърият, бадиий ижод билан бирга олиб боради. Масалан, биргина ўтган йилнинг ўзида “Муштум” журнали, “Ишонч”, “Ҳуррият” газеталарида муаллифнинг 10 дан ортиқ мақолалари эълон қилинди. Улар орасида “Муштум”да чоп этилган “Оёғи ердан узилганлар”, “Ҳуррият”да чиққан “Айтсам тилим, айтмасам дилим...” мақолалари менда, айниқса, жуда катта таассурот қолдирди.

– Камина устоз Ёр Муҳаммад ака билан деярли ҳамкасбмиз, у киши қатор йиллар мобайнида Самарқанд вилоят телевидениесида муҳаррир бўлиб ишлаган, - деди ўзбек тили, журналистика ва компьютер лингвистикаси кафедраси ўқитувчиси Ҳулкар Нурматова. – Мен муаллиф ижодини қарийб 20 йилдан буён кузатиб келаман. “Муҳаббат бекати”, “Кўнгилга ташриф”, “Мангуликнинг 30 лаҳзаси” каби китобларига кирган шеърларнинг кўпини ёддан биламан. Шоир сўзнинг бетакрор қудратини юракдан ҳис этади, ҳар бир шеър устида соатлаб тер тўкади.
Учрашувда ижодкор талабалар шоирнинг асарларидан ҳамда ўзлари ёзган шеърлардан намуналар ўқидилар.

– Бугунги учрашувдан бағоят мамнунман, - деди Ёр Муҳаммад. - Зеро, шоирлик касб эмас, у Аллоҳ таоло томонидан берилган истеъдоддир, аммо истеъдоднинг 99 фоизи меҳнатдан иборат эканлигини ҳам унутмаслик лозим. Яна бир гап. Ижодни, аниқса шеъриятни эрмак қилмаслик керак. Агар қўлдан келмаса, бу ишни ўз вақтида йиғиштириб, бошқа юмуш билан шуғулланган маъқул. Улуғ устоз Абдулла Қаҳҳор айтганидай, “Душанбадан кейин сешанба келади деган оддий гапни айтиш учун шеър ёзиш шарт эмас. Уни шундоғам айтса бўлади”. Яна мен бу борада устоз шоира Ҳалима Худойбердиеванинг қуйидаги сатрларини доим такрорлашдан чарчамайман.
Шунчаки ёзганга кўнгил тўлмайди,
Шунчаки ёзмоққа бормайди қўлим.
Шунчаки ёзганга чидаб бўлмайди,
Шунчаки ёзмоқ бу – шоирга ўлим!..

Анвар Умрзоқов,
ўқитувчи.