Қаришни секинлаштирувчи маҳсулотлар

Косметологик мўъжизалар инсонга ташқаридан ёрдам берадиган бўлса, ички гўзаллик ва ёшлик фақат ўзимизга боғлиқ ва биз йиллар ўтишининг ташқи кўринишимизга ва соғлиғимизга таъсирини секинлаштиришимиз мумкин.

 Атрофингизга яхшилаб назар солинг, даврангизда ёшини болалари ёки ҳатто набиралари борлиги орқали билиб олиш мумкин бўлган одамлар борми? Бу нима билан боғлиқ бўлиши мумкин? Бу саволга жавоб жуда оддий - тана ҳужайраларини тиклаш учун муҳим бўлган моддаларни истеъмол қилган ҳолда тўғри, мувозанатли овқатланиш.

Бугунги кунда баъзилари мангу ёшликни таъминлаб берадиган ва улар ўрнини ҳеч нарса боса олмайдиган кўплаб фойдали маҳсулотлар маълум.

Қовоқ уруғлари. Таркибидаги цинк, триптофан ва тўйинмаган кислоталар каби элементларнинг кўплиги тери эластиклигини яхшилайди ва яралар тез битишини рағбатлантиради. Ушбу элементлар инсонга соғлом, тоза тери эгаси бўлиш билан бирга, ажинлар билан курашади ва яхши уйқуни таъминлайди.

Помидор. Помидорлардаги ликопин ва каротидин бизни қуёш нурларидан ҳимоя қилади. Уйда тайёрланган помидор соуси ёки пастеризацияланган шарбати ҳам иш беради.

Ёғли балиқ. Омега-3га бой қизил балиқ, сельд, сардина каби балиқлар истеъмоли тери ҳолатини яхшилайди ва яллиғланишга қарши хусусиятларга эга. Балиқлар таркибида мавжуд бўлган модда хотирамиз ва кайфиятимизга ҳам ижобий таъсир кўрсатади. Ҳафтада уч марта ёғли балиқ (140 г) истеъмол қилиш тавсия этилади. Ҳатто консерваланган балиқ ёки оддийгина балиқ ёғини истеъмол қилиш ҳам тана ёшлиги учун жуда фойдали. 

Какао ёки қора шоколад. Яллиғланишга қарши таъсирга эга флавоноидлар эркин радикалларга қарши курашади, бу эса қариш жараёнини секинлаштиради.

Бодом. Бу маҳсулот флавоноидлар, Л-аргинин ва Е витаминига бой, қобиғида эса антиоксидантлар мавжуд. Аргинин томирлардаги қон ҳаракатланишига яхши таъсир кўрсатади. Кунига ширин бодомнинг 8-10 дона ёнғоғини (30-50 г) истеъмол қилиш кифоя.

Петрушка. С витамини, каротиноидлар ва хлорофиллни ўз ичига олган майданоз қонни тозалайди ва шишишдан халос бўлишга ёрдам беради, шунингдек, тана ёшлигининг асосий калити бўлган глутатион ишлаб чиқаришга ёрдам беради.

Лимон.Танадаги токсинларни чиқариб ташлайди, бадандаги тешикчаларни тозалаш ва камайтириш орқали тери соғлиғини яхшилайди.

Занжабил. Асаб ва юрак-қон томир тизимини барқарорлаштирадиган цинеол ва гингерол кони бўлиб, у антибактериал хусусиятларга эга, яллиғланиш жараёнларини бартараф этишга ёрдам беради ва қон айланишини яхшилайди.

Лавлаги. Сувда эрийдиган толасининг юқори миқдори туфайли қонни бир вақтнинг ўзида кислород билан бойитиб, тозалаш каби ноёб қобилиятга эга.

Сариёғ.Айнан табиатда боқилган сигирлардан олинган табиий сариёғда иммунитет тизимимиз яллиғланиш жараёнлари билан курашишга ёрдам берадиган кўп миқдордаги соғлом ёғлар мавжуд.

Албатта, фойдали маҳсулотлар рўйхати анча узун бўлиши мумкин, аммо юқорида келтирилганлари ҳамма учун ҳамёнбоп бўлиб, уларни уйингизга яқин дўконларда топишингиз мумкин.

Баҳора Муҳаммадиева тайёрлади.