«Навоийнинг ҳасратларин ҳаволарга алишмасман»

«Меҳнат шуҳрати» ва «Дўстлик» ордени соҳибаси, дилбар шоира Зулфия МЎМИНОВА 60 ёшда

Ота, умрим ўтгани сайин
Яқин келди Ватан деган сўз.
Шундан, ўтган куним азиздир,
Шундан, келар кунларим азиз.

Ватан деган сўз билан боғлиқ
Қайғум гўзал, қувончим гўзал.
Кўзларимнинг иссиғи шу сўз,
Ҳаётимнинг мазмуни ўшал.

Булоқлари дардимга дармон,
Шамоллари олтин тароғим.
Тупроғини кўзимга суртсам,
Равшан тортар чашми қароғим.

Ватан десам онам келади
Оқ рўмоллар ўраб бошига.
Мен онамдан қарздор каби,
Қарздорман шу сўз олдида.

Китоб билан нонни тенг кўрган
Улуғлар дарсхонаси – Ватан!
Меҳнат билан сочи оқарган
Онагинам онаси – Ватан!

Ҳумо қуши безаб турибди,
Қомусининг ҳошиясини.
Тонгда туриб куйлар қушлар ҳам
Ўзбекистон мадҳиясини.

* * *
Мана турна қайтди, қайтди қумрилар,
Қай дарахт йиқилди, қай тош сурилди,
Бошга тушганини кўз-ла кўрилар,
Турналар қайтгунча омон бўлайлик.

Қай кун турна қайтди, онам қайтмади,
Кўнгли ярим-ку, деб ҳеч ким айтмади.
Дунё васлу, видо учрар байтмиди,
Турналар қайтгунча омон бўлайлик.

Умр — маҳзунгида матал, кутайлик,
Эшиклар ёнида маҳтал, кутайлик,
Турналарни тўрткўз тугал кутайлик,
Турналар қайтгунча омон бўлайлик.

Мен кўнглимнинг қули, ўзинг ҳушёр бўл,
Менга тош отсалар, тани девор бўл.
Дўстим, сен ўлмагин, ёнимда бор бўл,
Турналар қайтгунча омон бўлайлик.

Изласак — анқо не, анқо топилар,
Ҳар кимга бир жони фидо топилар,
«Одам топилмайди, дунё топилар»,
Турналар қайтгунча омон бўлайлик.

Гоҳ билиб-билдирмай ўтар одамлар,
Сувга кетган каби кетар одамлар,
Дунё барчамизга етар, одамлар…
Турналар қайтгунча омон бўлайлик.

* * *
Жоним Ватан, жон томиринг
Тиллоларга алишмасман.
Широқ ўтган саҳроларинг
Дарёларга алишмасман.

Кўзим Ватан, қаро кўзинг
Қиёларга алишмасман.
Қаҳратонда қорларининг
Жавзоларга алишмасман.

Навоийнинг ҳасратларин
Ҳаволарга алишмасман.
Шоҳ Бобурнинг фурқатларин
Рўёларга алишмасман.

Қадрим Ватан, дил дафтаринг
Иншоларга алишмасман.
Занги отам дуоларин
Шифоларга алишмасман.

Жоним Ватан, жон томиринг
Тиллоларга алишмасман.
Широқ ўтган саҳроларинг
Дарёларга алишмасман.

Зулфия МЎМИНОВА.