Найрангбоз асалчи ва содда зиёли ҳангомаси

(Ҳаётий ҳикоя)

– Ҳай, тўхтанг! Ассалому алайкум!.. – Кимнингдир серҳаракат йўлнинг нариги ёғидан бақириб берган саломи қулоғимга етиб келди. Тўхтаб ортимга ўгирилдим. 35-38 ёшлардаги басавлат йигит. Алик олдим. Лекин менинг алигим машиналар шовқини остида қолиб кетди-ёв. Уни ўзим аранг эшитдиму салом бергичга йўл бўлсин. Саломчининг саломи-чи, шовқинлару масофалар тўсиқларини енгиб нақ қулоқларим остида портлаган эди. Тавба, одамлар салом бериш учун бунча кучни қаердан олишар экан? – Ўйланаман. – Балки менга эмасдир унинг саломи?.. Ҳайрон бўлиб ортимга аланглаб боқаман, буни қарангки, ён-яқинда мендан бошқа ҳеч ким йўқ.

– Менга айтяпсизми? –  Дейман кўксимга кафтимни қўйиб.

– Ҳа, тўхтанг, устоз!

Яна атрофга қаранаман. Ахир, мени “устоз” дея қошимга машиналар дарёсини ёриб ўтиб келаётган йигитни ҳеч қачон ҳеч қаерда кўрмаган эдим-да...

Йигит чопиб етиб келди-да мени худди минг йиллик қадрдонини бағрига босгандек маҳкам қучоқлаб олди.

– Ассалому алайкум! Нега йўқ бўлиб кетдингиз, устоз! Бухорода сизни кутавериб кўзлар тешилиб кетди-ку!..

– Э-э-э, – дейман мен, ўзимга ўзим, –  бу йигит Шоира опанинг (ҳамкасбим профессор Шоира Аҳмедованинг!) танишларидан бўлса керак. Университетда ишласа керакки, “устоз” деяпти. Менинг Бухорога бораман деб боролмай юрганим ҳам рост. Афтидан, йигит мени роса яхши танийдию мен уни танимайроқ турибман-да, афсус. Ўзи шу... хотирам чатоқроқ менинг, доим панд бериб юради... – койинаман. – Ваалайкум ассалом!..

– Бахтиёр акалар, Алишер акалар роса сўрайди сизни, акамулло қачон келаркинлар деб. Ҳай, қачон борасиз ўзи? – Дейди кўзимга тик қараб йигит.

 

– Бахтиёр ака... Алишер ака... улар кимлар эди?.. Балки Шоира опадир сўраган?

– Ҳай, у киши ҳам сўрайдилар. Қани, телефон рақамни беринг, устоз!

Мен рақамимни айтаман. У ёзиб олади.

– Энди устоз, биз асал билан ҳам шуғулланиб турамиз.

– Асал билан? – сўрайман кутилмаганда мавзунинг бутунлай бошқа ўзанга бурилиб кетганидан ҳайрон бўлиб. Бу йигит ҳали университет ходими эмасмиди?..

– Ҳа, ўзимиз етиштирган тоза, бухороча асал. Бир тонна олиб келгандик. Килосини 100 мингдан  сотдик. Мошинда 10 килоси бор. Яхшиям олиб қолган эканман, сизни кўриб қолдим. “Ҳар ишда хайр бор” дейишади машойихлар, сизни кўрганим, мана, ўша хайр... Ўзи кўнгил сезувди, устоз! Сезувди кўнгил!.. –  эланади йигит.

– Раҳмат, лекин менга асал керак эмасиди. Қолаверса, ишга кетяпман.

– Иш қочмас, устоз, рўзаи рамазон кунлари эҳсондан юз ўгирманг, гуноҳ бўлади-я!.

– Гуноҳ? –  Қайтараман мен, нега унинг  асалини олмаслик гуноҳлигинию бу гуноҳ ўлгур нима учун бунча тез содир бўлиб менга ёпишишини тушунмайроқ.

– Ҳа, устоз, шундай улуғ кунларда қўлни қайтариб бўладими, наҳотки билмасангиз?.. Кеннойиму ўғил қиз билан дуо қилиб ейсиз ҳали!.. – Дилшод!.. Опке!.. – Ҳам бақириб, ҳам қўли билан имо қилади у машина томонга.

Дилшод дегани ҳам шунча машина шовқини ичида буни қандай эшитди  – билмайман, дарров машина юкхонасини очиб, икки бидонни кўтарганча мен томон чопиб қолса бўладими... Э, тавбангдан кетай... Савоб содир бўляптими ҳозир ё гуноҳ! – Бирданига ажратолмайман.

–А-а-а... отийз нимайди?

– Шаҳзод отим, устоз, Шаҳзод!

– Соат 10 да мажлис бўлади, Шаҳзод, ҳали биногача 20 минут яёв юришим керак, кеч қоляпман. Сизга, дўстингизга раҳмат! Лекин асални ололмайман. – Бурилиб кетмоқчи бўламан.

– Устоз, – қўлимдан тутади йигит. – Яхши эмас, мошинни очинг, уйга ўзи боради, кўтариб юрмайсиз-ку. Рўзада дуо қилиб қўясиз, бўлди! – дея бояги гапини сал бошқача шаклда такрорлайди Шаҳзод.

Мен ўзимга ўзим: “ҳадеб тихирлик қилмай олақол, ахир шунча жон куйдиряпти, устига устак, чин дилдан таклиф қиляпти, йўқ десанг, Бухорога борганда кўзига қандай қарайсан, нодон!” – Дея беш-ўн қадам ортга юриб, пульт орқали машина эшигини очаман. – Шу иш ғалати бўляпти-да, Шаҳзод!

 

Шаҳзод орқа эшикни очиб, иккала бидонни ҳам жойлаштирмоқчи бўлади.

– Жуда кўп-ку бу!.. Биттасини олиб қолинг, яна кимгадир берасиз, – дейман.

– Йўғ-е, устоз, ярим-парим қилсак уят бўлади-я!.. Ҳаммаси сизга! Фақат бунинг биттаси, боя айтганимдек, бола-чақангизга рамазон совғаси, еганда бир дуо қилиб қўйсангизлар бас, иккинчисининг пулини берасиз, устоз, чунки ярими анави шеригимники.

Мен негадир бир ғалати бўлиб оламан. Чунки “унинг нияти асални сотиш бўлган, асло ҳадя қилиш эмас!” деган фикр яшин тезлигида миямда бир чақнайди. Лекин энди ғишт қолипдан кўчган, асал бидонлари менинг машинамда турарди. Энди ортга қайтиш йўқ!

– Майли, пулини берай, лекин асал жуда кўп-ку, дўстим! Неччи кило ўзи? – Дейман киссамни кавлаб

– Ўн кило холос, устоз, кўп эмас.

– Қанчадан?

– Юзмингдан сотдик. Сиз ҳам шунга қараб бераверасиз, устоз!

Ўн кило бўлса, яримининг пули юз мингдан беш юз минг бўлади. Тавба, эрталаб ўзи беш юз минг сўм санаб ёнимга олволгандим. Шу йигитларнинг насибаси экан-да. Сутдек ҳалол экан меҳнатларию асаллари, сутдек ҳалол! – ботинимда туғилакелаётган ёмон ўйлар ариб, ўрнини миннатдорлик туйғулари қоплайди.

– Лекин пул қани? – У чўнтагимга қўл соламан йўқ, бунисига соламан – яна йўқ! Кўкка чиқдими ё ерга кирди, савил?!..

– Иби, пул йўқми, устоз? – кўз соққалари катта-катта бўлади йигитнинг.

– Эрталаб солгандим ёнимга.

– Яхшироқ қаранг-чи!..

Жуда яхши қарайман. Бироқ бир мири ҳам топилмайди. Ҳеч бундай бўлмасди, – ўйланаман.

– Тавба!.. – дейди умидсиз оҳангда Шаҳзод.

– Тавба!.. – дейман мен ҳам. Шундай деб иккимиз бир-биримизга қараймиз.

Лекин мен хижолат тортаман. Худди асал пулини бермаслик учун атай шундай қилаётгандек кўринаётгандирман ахир ташқаридан.

– Пластик йўқми? – Сўраб қолади овозида умид пайдо бўлиб Шаҳзод.

– Ия, бориди! – Дейман тилла танга топган гадодек севиниб. Сўнг  шартта пластик картни чиқариб узатаман.

– Иби! Банкка бориш керак бу билан, устоз!  Юринг банкка!..

– Банкка боролмайман. Мажлисга кеч қолдим ўзи, – дейман.

– Пей ми бордир, ҳай?

– Ия, бориди, –  дейман эслаб. Яқинда қизим ўргатиб қўйганди пул ўтказма сирларини.

– Ҳозир! – Кўзойнагимни топиб, телефон аппаратини қўлга оламану интернетни қўшаман. Шаҳзод менга пластик картаси кодини айтиб туради. Ёзаман. Ёзаману пул ўтказиш тугмасини босганда пул кетмайди.

– Ия!..

– Иби!..

Ҳар иккаламиз ҳам ҳайрон бўлиб тағин бир-биримизга боқамиз. Мен  яна бир ғалати бўлиб оламан. Ахир, атай қилаётгандек бўлаётгандирман ташқаридан... – ўйланавераман.

– Ҳозир, ҳозир!.. – дейман, сўнг машина қутисидан дафтарча олиб Шаҳзоднинг пластик карти кодини ёзиб оламан. Яна икки қайта териб, 500 000 деган рақамни ёзиб, ўтказиш тугмасини босаман. Йўқ!

Худди катта, серсув ариқ қаршисига келгач, “сакрамайман” деб туриб олган ҳайвонни кўрганмисиз, карта ҳам худди шундай қилару “пул ўтказмайман, ишламайман!”, деб туриб оларди.

– Юринг, устоз, анави муюлишда банк бор, тезда ташлаб беради, – дейди ялинчоқ овозда асалчи Шаҳзод.

– Узр, дўстим, мен мажлисга кеч қоляпман. Мадом, мени яхши танир экансиз, ишонсангиз керак, ахир! Кечқурун болларим картайзга ўтказиб беради пулни, мана, кодни ёзиб олдим.  Мен энди ўргандим бу ишни, балки яхши эплай олмаётгандирман, – дейман. –  Ишонмасангиз, майли, асални олақолинг, Бухорога борганда нақд пулга сотиб оламан, насиб!

Асалчи маккапоя ичидан бегона жойга чиқиб қолган итдек нима қилишини билмай бир муддат ҳервайди-турди. Кейин норози оҳангда: “Э-э-э, акамуллоооо!..” дедию машинани очиб, иккала бидонни бир қўлига олди, иккинчиси билан эшикни зарб билан қаттиқ ёпди,  хайр-маъзурни ҳам нася қилганча йўлнинг нариги ёғида кутиб турган машинасига қараб чопди.

Машина эшиги “қарс” этиб ёпилганида менинг ичимда нимадир “қирс” этиб жойига тушди ва шундагина мен содда кас бу кишим мени умрида бир марта ҳам кўрмаганига, ҳозир, беш дақиқа бурун “устоз”ини алдамоқчи бўлганига, мен ҳам “шогирд”нинг қармоғига лаққа илинганимга, фақат Олло яратган тақдирнинг кўринмас қўли билан ҳимоя қилинганимга иймон келтириб турардим.

– Ҳаҳ содда бўлмай ўл! – Дерди мени кўрган одамки бор.

Менинг ўзим ҳам ўзимга шундай деб айтгим келардию, лекин ҳали бироз яшагим борлигини ҳам тан олишим керак, а, нима дедингиз?..

Ишдан уйга чарчаб келиб, хонамга кирсам, китоблар терилган тахта устида бешта юз мингталик купюра турибди-ю!..

 Қизиқ, нега мен ўша куни айнан беш юз минг сўм пул олдим, нега асалнинг пули ҳам айнан  беш юз минг сўм бўлди, нега шу беш юз минг сўм пул уйда қолиб кетди?.. Пластик-чи, нега у ўша онда ишламай қолди?.. Буларнинг барини узлуксиз рўй берган тасодифга йўйиб, масалани осонгина ёпиб кетиш ҳам мумкин эдию, лекин ичкарида туғилган саволларнинг тиғи барибир хаёлга ботаверар экан-да...

Аслида, ўша куни  асалчига алданиш катта фожиа эмас эди – буни биламан. Муҳими, Яратган Эгамиз бизни, барчамизни каттароқ “асалчи”ларнинг фирибларидан, кўринмас тақдирнинг ёмонликларидан асрасин!

 Улуғбек Ҳамдам.

 03.04.2023.