Бегемотлар ҳам учар экан

Рости, “Бегемотлар учади”, деса ҳеч ким ишонмайди. Аммо бу ҳақиқат. Буюк Британиянинг Қироллик ветеринария коллежи тадқиқотчилари бегемотлар учишини исботлашди.

 Бир томондан, бу ҳазил эмас, иккинчи томондан сиз, албатта, ҳеч қачон булутлар аро қанот қоқиб юрган бу жониворларни кўрмайсиз. Кўринишидан оғир жонивор агар шаталоқ отса борми, тўрт оёғини ҳам ҳавода кўраверинг.

Бочкасимон бир ярим тонналик бегемот агар югурса нафақат оёғи ерга тегмайди, балки соатига 30 километр тезликкача эришади.

Астероид Ер билан тўқнашадими?

Ерни дайди космик астероидлардан химоя қилиш олимларни бошини қотириб келмоқда. Хўш, қандай қилиб сайёрамизни кутилмаган самовий жисмлардан бехатар сақлаш мумкин?

Ахир Тунгус метеориди келтирган вайроналик инсониятни ҳамон ҳавотирга солиб келмоқда. Тадқиқотчилар самовий жисмларга қарши турли ҳимоя воситаларни таклиф қилишмоқда. Улар орасида турли бошқариладиган ракеталардан тортиб лазер нуригача бор.

Шу билан бирга, тадқиқотчилар яқинда Ер ўз тузилишига кўра астероидлардан ҳимояланиш тизимига эга эканлигини аниқлашди. Сайёрамиз гравитация кучи ёрдамида бошқа сайёралар билан ўзаро ҳаракатда астероидларни парчалаб юбориш хусусиятига эга экан. Тунгус ҳодисасига келадиган бўлсак, ҳозиргача у метеорид бўлганми, бошқа нарсами жумбоқлигича қолмоқда.

Т.Шомуродов тайёрлади.