Оддий ўйинлар билан тузалаётган болалар

Улар "Илк ривожланиш маркази"да тарбияланмоқда.

Гиперфаол болани ҳадеб назоратга олиб, унга чеклов қўяверсангиз, 25 ёшида, айнан катта ҳаётда мақсадлари сари қадам ташлаётган бир пайтда мураккабликларга дуч келиши мумкинлигини биласизми?

Гўдак миясида фақат мусиқа билангина “очиладиган” нуқталар бор. Мусиқагина уларнинг фаолиятини яхшилаши мумкин экан. Болага “Жим ўтир!” деган буйруқ берилавериши унинг онгида “Мен ёмонман”, деган фикрнинг кучайиб боришига олиб келади.

Бежиз бундан бир неча асрлар илгари алломаларимиз бола тарбиясини она қорнидаги ҳомиладан бошлаш керак, дейишмаган. Бу тарбия ҳақида бугун ёш оналаримиз билиши керак бўлган жиҳатлар жуда кўп.

Тойлоқда ташкил этилган “Илк ривожланиш маркази” бир қараганда болани мактабга тайёрлаш дастурини амалга оширувчи ташкилотга ўхшайди. Аммо унинг фаолияти билан кенгроқ танишсангиз, гўдак энди ўйинчоқ тута бошлагандан бошлаб унга у ёки бу кўникмаларни ўргатиш, алоҳида эҳтиёжга эга болажонларни дори билан эмас, ўйинлар билан аҳволини яхшилаш мумкинлигини кўрасиз.

Тойлоқ туман педагогика коллежи негизида ташкил этилган мазкур марказ иши билан танишар эканмиз, болажонларга асосан ўйин орқали таълим берилиши ҳайратимизни оширди. Йўлаклардан тортиб, хонага киргунча болани ривожлантирувчи рақамлару, шакллар, табиат тасвирлари тасвирланган. Бола таълим олаётган хонасига кираётганда салом бериши баробарида махсус доскаларда ўз кайфияти ва давоматини ҳам белгилаб боради.

- Марказнинг асосий мақсади боланинг шахсини ривожлантириш, унинг истакларига қулоқ тутиш орқали таълим бериш ҳисобланади, - дейди “Илк ривожланиш маркази” координатори Зарина Зоҳидова. – Шунинг учун дастурларимиз ҳам оддий боғчалардагидан бироз фарқ қилади. Марказда 40 та ўйин гуруҳлари ташкил этилган бўлиб, бу гуруҳларда тарбияланаётган бола уларга 20 нафар педагог таълим бермоқда. Педагогларнинг барчаси хорижлик мутахассислар иштирокида ўтказилган семинарларда ўқитилган.

Лойиҳа бошидан бери 1224 оила, 1421 нафар бола, шундан 12 нафари алоҳида таълимга эҳтиёжи бор болалар қамраб олинди. Оилалар ва болаларга уйга ташриф буюриш учун жадвал тузилади, унга кўра ҳар бир педагог масофага қараб оилаларга боради. Супервайзер сифатида педагогларга ёрдам берадиган 2 ментор – мураббий бор. Ҳар бир педагог 10 та оилага ҳамроҳ бўлади, ҳар бир оила учун режа ишлаб чиқилади, унда ривожланиш мақсадлари, ривожланиш босқичлари ва болаларнинг ривожланиши учун кутилаётган якуний натижалар белгиланади.

Мазкур ривожланиш маркази учта муқобил модель асосида фаолият юритади. Биринчи модель бу уйга ташриф буюриш модели бўлиб, унда мактабгача таълимга қамраб олинмаган 2-6 ёшли болалари бўлган кам таъминланган оилалар қамраб олинади. Айни пайтда 326 оиланинг 343 нафар боласига 17 нафар педагог таълим-тарбия бермоқда. Лойиҳа бошланишидан бери 696 оила, 786 нафар бола қамраб олинди. Болаларга бу машғулот пайти енгил тамадди ва мевалар берилади.

Иккинчи моделга кўра марказда эрта ёшдан ўқитиш бўйича ўйин гуруҳларини ташкил этиш кўзда тутилган. Унга кўра, болалар ҳафтасига 5 кун, кунига 3,5 соат ўйин асосида ўрганиш имкониятига эга бўлишади. Ушбу моделда ҳам 3-6 ёшли болалари бор кам таъминланган оилалар иштирок этади. Айни дамда моделга 452 оиланинг 542 нафар болалари қамраб олинган. Уларнинг 7 нафари алоҳида таълимга эҳтиёжи бор ўғил-қизлар.

Учинчи моделимиз эса болаларда алоҳида таълимга эҳтиёжи бор оилаларга ташриф. Бунда 3 ёшдан 6 ёшгача бўлган болалар ва қўллаб-қувватлаш хизматларидан фойдаланиш имкониятига эга бўлмаган оилалар фарзандларига таълим берилади. Айни пайтда 31 оиланинг 32 нафар фарзанди қамраб олинган. Лойиҳа аввалидан бошлаб 109 нафар бола шу дастур бўйича таълим олди. Улар 8 марта тиббий кўрикдан ўтказилди.

2024-2025-ўқув йилида 137 нафар бола мактабга чиққан бўлса, уларнинг 4 нафари алоҳида эҳтиёжга эга болалардир. Бу болаларнинг оддий мактабга бориши ушбу дастурнинг асосий муваффақиятларидан бири, деб ўйлайман.

Айтиш керакки, бугунги кунда Тойлоқ туманида болаларнинг мактабгача таълим тизимига қамрови 81 фоизни ташкил этмоқда, унинг 4,3 фоизи ривожланиш маркази ҳиссасига тўғри келмоқда. Хусусан, лойиҳа иш бошлаган, 2021-йилдан бошлаб кам таъминланган 2026 оиланинг 2315 нафар болалари мактабгача таълимга жалб этилди. 

Бир мисол айтай, DAUN синдромли 3 ёшли бола билан шуғуллана бошлаганимизда, у деярли ҳеч қандай хатти-ҳаракатни мустақил бажара олмасди. Икки йиллик машғулотлардан сўнг унда бир қатор ўзгаришлар содир бўлди ва у оддий боғчага бориш имконига эга бўлди. Яъни, у шу пайт давомида дори-дармон қабул қилмади, фақат ўйинли, ҳаракатли машғулотлар, тенгдошлари билан мулоқот орқали саломатлиги, ҳатто шифокорларнинг ўзлари ҳам ҳайрон қоладиган тарзда ўзгаришига эришди.

Ҳозирча фақат Тойлоқда ва Наманганнинг Косонсой туманида ташкил этилган бу каби марказлар келгусида барча туманларда ташкил этилиши белгиланди.

Гулруҳ МЎМИНОВА.