Не олиб кетади киши дунёдан?

Таниқли шоир Мамарасул Бобоев 1911 йил 3 апрелда Каттақўрғон шаҳрида туғилган.

У дастлаб Булунғурда ўқитувчилик қилди, кейинчалик Наманган педагогика билим юрти ва Тошкент мактабларида она тили ва адабиёт фанидан дарс беради.

1938 йилда Тошкент педагогика институтини тугатган. Иккинчи жаҳон урушида қатнашган. Кейинчалик, умрининг охиригача республика газета, журнал, нашриётлари ва Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида ишлаган.

«Жанубий нуқтада», «Эрон дафтари», «Садоқат ҳақида» шеърлар туркуми ва бошқа китоблари нашр этилган.

Унинг «Ёшлик чоғим — олтин чоғим», «Гўзаллик истаб» каби драмалари катта саҳналарда қўйилган.

Мамарасул Бобоев 1969 йил 23 июлда Тошкент шаҳрида вафот этган.
***

ШОИР ВА УМР
Хона. Ашёларда тартиб ва низом,
Шам ёниб, қолганди қандилда андак.
Тонг юлдузи берар дарчадан салом,
Пастдан баҳор тутар ранг-баранг чечак.

Шоир ҳорғин, маъюс кетмиш хаёлга.
Манглайида ажин — йилларнинг юки.
У тинмай ёзади…
Қошу соқолга —
Нуроний тус бермиш кексалик кўрки.

Ҳар ишни қайтадан бошламоқ мумкин,
Азиз умргина бунга бўйсунмас!
Лекин шоир унинг нафас, минутин
Қадрига етади, елга учирмас!

Умрин қиёс этар эди у шамдан,
(У ҳам шам-ку: ёнган халқнинг ўйида)
Шу халқ деб эзилди ғамдан-аламдан,
Содиқдир у ҳамон, умр сўнггида.

Шу зайлда тунлар, юлдуздай бедор —
Кўзлари тонггача тўкади нурин,
Тархи тоза бўлсин, деб қилмас такрор,
Асл ипга тизар шеърият дурин.

Шеър деб, кечди у кайфу сафодан,
Элтмади ҳаётнинг ҳою ҳаваси:
Не олиб кетади киши дунёдан,
Ҳайкал яратмаса ҳар бир нафаси?..

Умр шошар гўё дарё ёки ел,
Шоир жондан севар диёру ёрни.
Талай хизмат кутар ҳали — қондош эл.
Кўрмак истар яна неча наҳорни.

Ҳаётни севади, севади дилдан,
Халқ ҳам умр тилар билиб ниҳоя,
Аммо излашарди разиллар зимдан —
Шу умрни кесмоқ учун бир чора.

Шоир ҳорғин, маъюс кетмиш хаёлга,
Манглайида тахлоғ йилларнинг юки.
У тинмай ёзади…
Қошу соқолга —
Нуроний тус бермиш кексалик кўрки.

Хона. Ашёларда тартиб ва низом.
Килкиллаб ёнар шам, қолганди андак,
Тонг юлдузи берар дарчадан салом,
Пастдан баҳор тутар ранг-баранг чечак.

Нариги ҳужрада бир шум, доғули…
Илондай тўлғаниб шу кун у ғаддор:
Шоир таомига қўшиб оғуни,
Қулай фурсат кутиб ётарди бедор…

Шоир дам ёзади, дам сурар хаёл,
Чуқур «уҳ!..» тортади у гоҳи гоҳи,
Хонтахтада қоғоз…
Ташқарида тонг.
Юракдан қуйилар янги рубоий:

«Жондин сени кўп севармен, эй умри азиз,
Сондин сени кўп севармен, эй умри азиз;
Ҳар неники севмак ондин ортиқ бўлмас,
Ондин сени кўп севармен, эй умри азиз».

ОНА МЕҲРИ

Телефонда она сўзлар, шошгандан
Пастки қовоқлари учади пир-пир:
Улуғ Ватаннинг бир шимол шаҳрида
Онанинг севикли фарзанди ўқир…

Ўғил ўқиб келар, бахти онанинг!..
Ўзи ҳам бу билан қилар ифтихор.
…Шаҳараро телефон станциясининг
Ойналарин қоплаб бўраларди қор.

Она лабларида ярим табассум,
Аммо кўзларида тўла ҳаяжон.
Шундай соғинганки, ўғлини шу зум
Бағрига босарди, бўлганда имкон…

Симдан биров сўзлар хотиржам, бурро.
Тишда-чи, қор-бўрон, қаҳратон совуқ —
Залнинг қобирғасин титратар, гўё
Кабина эшигин чертиб урар дўқ.

Она сўрар артиб терин, ғуборин,
Симдан юборгудай юрак тафтини:
- Айланай, бошингда телпагинг борми?
Оёқларинг совуқ емаяптими?..