Нега боласини биринчи синфга бераётганлар сарсон бўляпти?
Аввал бунақаси бўлмаган эди. Биринчи синфга ҳужжат топшириш олий таълим муассасасига ҳужжат топширишдан бир неча марта оғирлашди. Бунга ким айбдор? Нега мутасаддилар аҳволни ўнглашга интилмайди? Ёки тизимнинг айрим корчалонлари сувни лойқалатиб, "балиқ овлаш"ни осонлаштирмоқчими?
Мамлакатимизда аҳолини "югур-югур"лардан сақлаш, идораларда ҳужжат талаб қилишни минималлаштириш борасида анча кўзга кўринарли ишлар амалга оширилди. Соҳаларни онлайн тизимига ўтказишдан мақсад ҳам аҳолига енгиллик яратишга, яъни уйдан туриб, мурожаатини ҳал қилишга қаратилган.
Афсуски, Самарқандда мактаб ёшидаги болалар рўйхати онлайн тизимга киритилди, энди мактабга микроҳудудида яшаётганларнинг фарзандлари қабул қилинади деган хабар тарқалди-ю, айрим маҳаллаларда аввалги йилларда кузатилмаган муаммолар кўзга ташлана бошланди.
Масалан, бизнинг Боғимайдон маҳалламиз болалари 60-мактабга боради. Аммо шаҳар халқ таълими шакллантирган маълумотлар базасида маҳалламиздан ҳеч ким киритилмаган. Мактаб маъмурияти бола ҳужжатини қабул қила олмайди ва ота-оналарга “сизнинг шу маҳаллада, яъни мактаб микроҳудудида яшашингиз ҳақида базада маълумот йўқ” деб жавор беради. Ота-оналар паспортидаги прописка ҳақидаги ёзувни, бу оиланинг азалдан шу маҳаллада яшаб келаётганлигини ҳеч ким инобатга олмайди. Базага кириши учун оила бошлиғи ҳужжатлар тайёрлаб, овора бўлмоғи керак.
Иш маҳалла марказига келишдан бошланади. Камина маҳалла раиси сифатида далолатнома ёзиб бераман. Унда ушбу оила Боғимайдон маҳалласида яшаб келаётганлигини тасдиқлайман. Оила бошлиғи далолатномани кўтариб, кадастр идорасига боради. У ерда яшаш манзили тасдиқланади ва сўнгра ички ишлар бўлинмасининг паспорт столига мурожаат қилади. Энди истиқомат қилаётган манзили – кўчаси ва уй рақами кўрсатилиб, яна рўйхатга олинади. Шундан сўнг агар оила “гороно” базасига киритилса, бола мактабга қабул қилинади.
Одамларни сарсон қилмаслик учун шаҳар халқ таълими бўлими мутасаддиларига қуйидаги таклифни киритган эдим: Биз маҳалладан далолатнома тайёрлаб, қайси хонадонлар мактаб микроҳудудида яшашини кўча номи ва уй рақамини кўрсатган ҳолда бўлимга тақдим қилайлик, шунга қараб болалар 1-синфга қабул қилинсин. Бу таклиф ўтишига ишониб, далолатнома ҳозирладик ва “гороно”га юбордик.
Негадир таклифимизга ҳеч қандай жавоб олмадик. Аҳоли сарсонгарчилиги эса давом этмоқда. Афсуски, бу ҳол фақат бизнинг маҳаллада эмас, шаҳарнинг бошқа ҳудудларида ҳам кўзга ташланаётган экан. Буни ижтимоий тармоқлардаги чиқишлардан ҳам билса бўлади.
Тошпўлат Раҳматуллаев.