Ниқоб тақиш инсонни инфекция юқтиришдан неча фоиз сақлаб қолади?

“COVID-19” инфекцияси тарқалиши дунё миқёсида ҳали-ҳануз катта муаммо бўлиб қолмоқда. Ўтган фурсат давомида бу инфекциядан сақланишнинг биринчи йўли шахсий гигиенага ва карантин қоидаларига риоя қилиш экани маълум бўлди.

Бу қоидаларнинг биринчи талаби эса ниқоб тақиб юриш ҳисобланади. Ниқоб бизни инфекциядан қанчалик ҳимоя қила олиши ҳақидаги саволларга ССВ ҳузуридаги Коронавирусга қарши курашиш штаби аъзоси Севара Убайдуллаева жавоб берди.

— Ниқоб тақиб юриш карантин қоидаларининг биринчи талабидир. Агар коронавирусга чалинган ва унинг ташувчиси бўлган инсон ниқоб тақмаса, у билан мулоқотда бўлган инсон ниқобда бўлса, инфекция юқиш эҳтимоли 70 фоизни ташкил қилади. Агар коронавирусга чалинган ва унинг ташувчиси ниқоб таққан бўлса-ю, мулоқотда бўлган инсон ниқобсиз бўлса, унда вирус юқиш эҳтимоли 5 фоиз ҳисобланади. Шундан келиб чиқиб, аввало, касалликка чалинган инсонлар ниқоб тақиб юришлари шарт.

Сиз мен касал эмасман, ниқоб тақмасам ҳам бўлади, дейишга шошилманг. Боиси, касалликнинг яширин даврида аломатларни сезмаслигингиз ва уни тарқатувчи бўлишингиз мумкин. Шунингдек, соғлом одамнинг ниқоб тақиши ҳам вирус юқишининг олдини олишини ҳам унутманг. Сабаби агар ҳар иккала шахс ниқоб тақиб турган бўлса, вирус юқиш эҳтимоли атиги 1,5 фоизни ташкил этади. Бу илмий жиҳатдан исботланган.

—  Кўпчилик ниқобни ияк устига тушириб юришмоқда. Бунинг қандай зарарли томонлари бор?

— Агар сиз овқатланаётган ёки ниқобни ечиб қўйишни тақозо этадиган бошқа амалиётни бажараётган бўлсангиз уни иягингизга тушириб қўйишдан кўра, буткул ечиб қўйганингиз мақул. Сабаби ияк усти кишининг очиқ аъзоси бўлиб, турли вирус ва инфекциялар ёпишган бўлиши мумкин. Ниқобни иягингизга туширсангиз, унинг ички қисмига вируслар ўрнашиб олади. Уни оғиз бурнингизга олиб борганда эса зарарланишингиз эҳтимоли ортади. Шу боис, ниқобни бундай ҳолларда ечиб қўйиш тавсия этилади.