Ниқоб тақмаганлик учун 1 млн 350 минг сўм жарима қўлланяптими? ИИБ ахборот хизмати ойдинлик киритди
Мавжуд қоидаларга кўра, жамоат жойларида тиббий ниқобсиз юриш бўйича қоидабузарликлар учун жарима миқдори Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг (МЖтК) 54 моддаси билан белгиланади. Унга кўра, ҳуқуқбузарлар БҲМнинг 5 бараваригача (1 млн 350 минг сўм) жаримага тортилиши кўзда тутилган.
COVID-19`нинг янги штамми кириб келиши муносабати билан карантин қоидаларига риоя қилинишини назорат қилиш бўйича ИИВ томонидан белгиланган тартибдаги назорат чоралари, яъни фуқароларни тиббий ниқобда бўлишларини назорат қилиш, савдо ва жамоат тадбирлари бўладиган жойларда карантин қоидаларига риоя этишларини назорат қилиш, тартиббузарларни огоҳлантириш ишлари олиб борилади.
Самарқанд вилоят ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати раҳбари Жаҳонгир Сагдуллаевга кўра, айни кунларда вилоятда ИИБ ходимлари томонидан ниқоб тақмаган фуқароларга аввало тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.
“Ниқоб тақмаган фуқароларга тегишли қоидалар батафсил тушунтирилгач, расман огоҳлантирилади. Аммо шундан кейин ҳам яна айнан ўша фуқаро тиббий ниқоб тақмаган ҳолда қайд этилса жарима қўллашга мажбур бўламиз”, дейди Ж.Сагдуллаев.
Эслатиб ўтамиз, 9 январь куни COVID-19`га қарши кураш бўйича махсус комиссия карантин чораларини кучайтириш тўғрисида қарор қабул қилди. Барча ташкилотларга ходимларни фақат эмланганидан кейин иш жойига киритишга рухсат берилади. Давлат органларига ҳар қандай тадбир ўтказиш тақиқланади. Аҳолини тўлиқ эмлаш жараёни жадаллаштирилади.