ННТлар учун янги имкониятлар: лойиҳалар сони ошган, маблағ ҳам

Олий Мажлис ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш бўйича Парламент комиссияси, Жамоат фонди, халқ депутатлари вилоят Кенгаши ҳузуридаги ижтимоий шериклик бўйича комиссия томонидан вилоятдаги ННТлар учун ўтказилган бу галги семинар янгиликларга бой бўлди.
Унда ушбу ташкилотлар учун ажратилаётган маблағлар сони кескин ошгани, ўз навбатида лойиҳалар ҳам тобора аҳолининг оғирини енгил қилишга хизмат қилишга қаратилаётганлиги билан боғлиқ фикрлар таъкидланди.
Кейинги йилларда нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш, давлат органлари ва улар ўртасида ижтимоий шерикликни кучайтириш, ушбу соҳани тартибга солувчи ҳуқуқий базани такомиллаштириш борасида изчил ишлар олиб борилди, - деди Парламент комиссияси раиси Адҳам Шодмонов. - Хусусан, охирги тўрт йилда нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамияти бошқа институтларининг 1270 та лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш мақсадида давлат бюджетидан 117 миллиард сўм миқдордаги маблағ ажратилди. Шу йиллар давомида соҳага оид 20 га яқин қонун, ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатлар қабул қилинди. Кўрилаётган чоралар натижасида кейинги тўрт йилда ННТлар сони 20,7 фоизга ошди, шу жумладан 187 та йирик республика нодавлат нотижорат ташкилотлари ўз фаолиятини бошлади.
ННТ вакилларига жамоат комиссияси аъзолари таништирилиши баробарида уларга юклатилган вазифаларга ҳам тўхталиб ўтилди. Шунингдек, семинар йиғилишида Олий Мажлис ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институларини қўллаб-қувватлаш бўйича Жамоат фонди томонидан эълон қилинган навбатдаги грант танловларида иштирок этиш тартиб-қоидалари бўйича батафсил маълумот берилди.
- Грант танловларида иштирок этиш ва ғолиб бўлиш имконияти йилдан-йилга ортиб бормоқда, - дейди Жамоат Фонди раҳбари О.Ҳусанов. - Уларнинг сони ортиб бориши баробарида, ҳар бир лойиҳага тўланадиган маблағ миқдори ҳам ошган. Хусусан, жорий йилда ҳар лойиҳа учун 40 миллион сўмгача маблағ ажратилиши режалаштирилган. Қолаверса, ижтимоий буюртма учун ҳам лойиҳа ёзиб, бир неча 100 миллион сўмдан 1 миллиард сўмгача маблағни олиш имкони мавжуд.
Гулруҳ Комилова.