ННТлар хайрия фаолиятини тизимлаштиришда асосий таянч бўлади

 Хайр-эҳсон қилиш, муҳтожларга саховат кўрсатиш ҳар бир халқнинг ўз маданияти, қадриятлари, дини, тарихи ва урф-одатларидан келиб чиқиб амалга ошириладиган амаллардир.

Бироқ бу жараённи бутун дунёда умумлаштириб турувчи икки омил борки, уларга риоя этилмаса, ҳар қандай эзгу ташаббус кутилган натижани бермаслиги ёки аксинча, жиноий фаолият учун асосга айланиши мумкин. Булар - холислик ва қонунийликдир.

Хавфли жиҳати, бундай фаолият турида инсонларнинг рационал тафаккурига эмас, балки кўпроқ ҳиссий табиатига таъсир қилишга ҳаракат қилинади. Уларда “беморга ёрдам беринг”, “охирги умид сиздан”, “эҳсоннинг мукофоти эҳсондир” каби иборалардан кўп фойдаланилиши сабаби ҳам шунда. Бироқ бугунги кунга келиб, айнан шу “имконият” хайрия тадбирларига асосланган бутун бошли ноқонуний даромад схемаларининг яратилишига олиб келмоқда. Бу эса жамиятда ҳақиқий саховат ва бағрикенглик ғояларига нисбатан шубҳа кайфияти шаклланиши, хусусан, институционал хайрия тизимлари - фонд ва жамғармалар фаолиятига ишончсизлик ортишига олиб келиши мумкин.

Маълумот учун: Бугунги кунда биргина Самарқанд вилоятида фаолият юритувчи фонд ва жамғарма шаклидаги ННТлар 35 тани ташкил этади. Шундан, 4 таси халқаро, 28 таси республика даражасидаги ташкилотларнинг ҳудудий бўлинмаларидир.

Айтиш жоизки, Ўзбекистон Республикасининг 2025 йил 21 августдаги қонуни мазкур жараённи тартибга солиш, хусусан, шу йўналишда фаолият олиб борувчи ННТларни қўллаб-қувватлаш, ҳомийлик хайрия маблағлари йиғилишида шаффофликни таъминлаш учун муҳим ҳуқуқий асос яратди.

Жумладан, қонунчиликдаги ислоҳот натижасида давлат органлари мансабдор шахсларининг нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятига қонунга зид равишда аралашуви учун жавобгарлик белгиланди. Энди бундай ҳаракат учун улар БҲМнинг 7 бараваридан 10 бараваригача (2025 йил ноябрь ойи ҳолатига бу 2 884 миндан 4120 минг сўмгача) миқдорда жарима солинади. Шунингдек, ҳомийлик хайрияларини йиғиш тартибини бузган фуқароларга БҲМнинг 3 бараваридан 5 бараваригача, мансабдор шахсларга эса 5 бараваридан 7 бараваригача жарима белгиланди.

Унга мувофиқ, давлат идоралари ҳар йили ННТлар учун ижтимоий аҳамиятга эга лойиҳаларни амалга ошириш бўйича давлат буюртмаси танловларини ўтказиши керак. Чет эл ва халқаро ташкилотлардан олинган маблағлар, ҳомийлик хайриялари ҳамда бошқа молиявий маълумотлар эса ошкора эълон қилиниши шарт. Бунда асосий эътибор давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтлари вакиллари ўртасида мунтазам ва очиқ мулоқотни ташкил этишга қаратилади.

Маълумот учун: CAF (Charities Aid Foundation) хайрия ёрдам жамғармаси хайрия индексига (World Giving Index) кўра, 2024 йилги жаҳон рейтингида Ўзбекистон 142 та давлат орасида 45 ўринни (2020 йилда 114 мамлакатдан 29-ўринда эди) эгаллаган.

Энди ҳомийлик хайриялари олдиндан белгиланган муддат давомида, аниқ ҳомийлик олувчилар манфаатлари учун амалга оширилади. Яъни, ҳар ким, хоҳлаган шаклида хайрия тадбирларини эълон қила олмайди. Шунингдек, нақд пул шаклидаги хайрия йиғилиши ҳам фақат хайрия қутиси орқали амалга оширилиши ва тегишли қутилар қонуний тартибда пломбаланиб, масъул шахслар иштирокида очилиши белгиланди.

Хулоса қилиб айтганда, қонунчиликдаги ислоҳотлар хайрия ташкилотлари фаолиятини тартибга солиш билан бир қаторда, жараёндаги жамоатчилик назоратини институционал даражага кўтариш имконини беради. Ҳужжат билан умумий хайрия ишларининг ҳуқуқий асослари ҳам мустаҳкамланиб, давлат ва фуқаролик жамияти институтлари ўртасидаги ҳамкорликни кучайтиради. Бу эса хайриялар ва халқнинг эҳсони ҳақиқий муҳтожларга етиб боришига, азалий қадриятларимизнинг асл жозибаси тикланишига хизмат қилади.

Асқар Баротов,

Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази вилоят ҳудудий бўлинмаси етакчи мутахассиси.