Нобель мукофоти совриндори Наргис Муҳаммадий Эронда етти ярим йилга қамалди

Ҳукм 7 февраль куни Машҳад шаҳри суди томонидан чиқарилди

«У йиғилишлар ўтказиш ва тил бириктириш учун олти йилга, тарғибот учун яна бир ярим йилга қамалди, шунингдек, икки йилга мамлакатдан чиқиш тақиқланди», — деди эронлик ҳуқуқ ҳимоячиси, адвокат Мустафо Нили.

Муҳаммадийга қўшимча равишда Теҳрондан тахминан 740 километр жануби-шарқда жойлашган Хосф шаҳрига икки йиллик ички бадарға жазоси ҳам берилган.

Тарафдорларининг айтишича, декабрь ойида норозилик намойиши вақтида ҳибсга олинган Муҳаммадий 2 февралдан бери очлик эълон қилган.

Фаолияти йиллари давомида Наргис Муҳаммадий 13 марта ҳибсга олинган ва беш марта қамоқ жазосига ҳукм қилинган. 2022 йил январда у «давлатга қарши тарғибот» ва Саудия Арабистони фойдасига жосуслик айблари билан саккиз йилга қамалган. 2023 йил августда жазо муддати яна бир йилга узайтирилган.

Ўша йилнинг ўзида Муҳаммадий Эронда аёллар зулмига қарши кураши, шунингдек, барча учун инсон ҳуқуқ ва эркинликларини илгари сургани боис Нобель мукофотига сазовор бўлган. 2024 йил декабрда эса тиббий сабабларга кўра вақтинча озодликка чиқарилган.