Нодир нусхага айланган фильм

“Титаник” фильмини томошабинлар ҳамон ҳаяжон ва катта қизиқиш билан кўришади. Бунинг боиси, фильмни маҳорат билан суратга олингани, унда замонавий кино технологияларидан муваффақиятли фойдаланилгани ва, албатта, режиссёр Жеймс Кэмероннинг юксак истеъдодидир.

Фильм яратиш тарихини ҳамма билмайди. Жеймс Кэмерон қачонлардир 1912 йилда айсберг билан тўқнашиб, минглаб йўловчиларнинг ҳалок бўлиши сабаби ҳақида бошқалар қатори эшитган эди.

Бир куни у инглиз режиссёри Рой Уорд Байкер 1958 йилда суратга олган “Титаник ҳалокати” фильмини томоша қилди. Кэмеронда ушбу фильмни батафсилроқ ва янги технологиялардан фойдаланиб, таъсирчанроқ суратга олиш ғояси пайдо бўлди. Шундан сўнг ишга киришди. Кема яратилиши тарихидан тортиб, йўловчилар ёзишмалари ҳужжатларигача барча икир-чикирларни синчиклаб ўрганди.

Фильм сценарийси продюссерлар учун жуда мароқли туюлди ва “ХХ аср Фокс” ушбу фильмни суратга олишда иштирок этишга розилик берди. Бу кино оламида кенг кўламли лойиҳа эди. Суратга олиш жараёнида кема макетидан тортиб, лайнерни чинакам сувга тушириш воқеа-ҳодисаларини мультипликацион ҳолатдан реал кўринишгача бўлган саҳна эпизодлари моҳирона уйғунлаштирилди. Бу жараён ғоят мураккаб бўлиб, бир неча йил вақтни олди.

Шундай қилиб, Жеймс Кэмероннинг кино оламида нодир асарга айланган “Титаник” фильми дунёга келди.

 Тоғаймурод Шомуродов тайёрлади.