Ноқонуний қурилган иншоот буздирилиши керак

Шу йил 2 июнь куни Zarnews.uz телеграм канали ва сайтида «Суд қарорлари ҳам, масъул идоралар хулосалари ҳам қонунчилик талаби асосида, аммо муаммо ҳал бўлмаяпти» сарлавҳали мақола эълон қилинганди.

Самарқанд вилояти суди жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бўлими мақолада кўтарилган масала юзасидан жавоб хати йўллади.

Унда шундай дейилади:

“Ушбу ҳолат билан боғлиқ масала юзасидан бир неча суд жараёнлари ўтказилган. Биринчидан, Паст Дарғом тумани ҳокимлиги 2016 йилда фуқаролик ишлари бўйича (ФИБ) Паст Дарғом тумани судига мурожаат қилиб, А.Нарзиевга нисбатан ноқонуний эгаллаб олган ер майдонидан мажбурий тартибда чиқариш, ноқонуний қурилмани буздириш ва ер майдонини туман ҳокимлиги захирасига қайтариш тўғрисида даъво аризаси киритган. ФИБ Паст Дарғом тумани судининг 2016 йил 14 октябрдаги ҳал қилув қарорига кўра, даъвогар Паст Дарғом тумани ҳокимининг жавобгар А.Нарзиевга нисбатан ноқонуний эгаллаб олган ер майдонидан мажбурий тартибда чиқариш, ноқонуний қурилмани буздириш ва ер майдонини туман ҳокимлиги захирасига қайтариш тўғрисидаги даъво аризаси қисман қаноатлантирилган. Яъни, Балхиён маҳалласи ҳудудидан ўзбошимчалик билан 37,3х6,3 ўлчамда қурилган ноқонуний қурилма жавобгарнинг ҳисобидан буздирилиши белгиланган. Сабаби, А.Нарзиев мазкур қурилишни ҳеч қандай ҳужжатсиз, ноқонуний қурган. Бироқ Паст Дарғом тумани ҳокимининг А.Нарзиевга нисбатан ер майдонидан чиқариш ва ер майдонини ҳокимлик захирасига қайтариш ҳақидаги даъво талаби туман ҳокимининг унга (жавобгарга) ер ажратиш тўғрисидаги қарори мавжуд бўлганлиги сабабли қаноатлантиришдан рад қилинган.

Иккинчидан, суд мажлисида А.Нарзиев Паст Дарғом тумани ҳокимлигига нисбатан бинони қайта қуриш мажбуриятини юклаш ҳақида даъво киритган. Суд томонидан даъво ариза қаноатлантирилиб, Паст Дарғом тумани ҳокимлигига тумандаги Балхиён маҳалласи ҳудудида жойлашган А.Нарзиевга тегишли бўлган савдо дўкони ва автомобилларга хизмат кўрсатиш шохобчасини қуришга рухсат бериш масаласини қайта кўриб чиқиш мажбурияти юклатилган. Ушбу суд ҳужжати амалдаги тартибга кўра даъво, эътироз, шикоят бўлмаганлиги боис бугунги кунда ҳам қонуний кучда.

Учинчидан, 2019 йилда ФИБ Жомбой туманлараро судига кўра, даъвогар Р.Худойбердиева А.Нарзиевга нисбатан унинг савдо дўкони ва автомобилларга хизмат кўрсатиш шохобчасини ноқонуний қурилиш, деб топиш, уни буздириш ҳамда олдиндан мавжуд бўлган йўл, кўча, дарвоза ва оқар сув ариғини ўз ҳолига қайтариш тўғрисидаги асосий ва қўшимча даъво ариза киритган. Ушбу масалада ФИБ Паст Дарғом тумани судининг 2016 йил 14 октябрдаги ҳал қилув қарори кучда эканлиги инобатга олиниб, ФИБ Жомбой туманлараро судининг 2019 йил 21 февралдаги ҳал қилув қарори билан ушбу даъво қаноатлантиришдан рад қилинган.

ФИБ Жомбой туманлараро судининг ушбу ҳал қилув қароридан Р.Худойбердиева норози бўлиб, кассация тартибида шикоят ариза келтирган, кассация шикоят ариза 2019 йилда 17 сентябрда ФИБ вилоят судининг кассация инстанциясида кўриб чиқилиб, шикоят қаноатлантирилмаган. Ҳозирги кунда ФИБ Жомбой туманлараро судининг 2019 йил 21 февралдаги  ҳал қилув қарори қонуний кучда.

Тўртинчидан, ФИБ Паст Дарғом тумани суди иш юритувида бўлган даъвогар Паст Дарғом тумани ҳокимлигининг жавобгар А.Нарзиевга нисбатан Балхиён маҳалласи ҳудудидаги низоли иншоотни буздиртириб, ер майдонини туман ҳокимлиги захирасига қайтариш тўғрисидаги фуқаролик иши 2021 йил 12 апрель куни кўриб чиқилиб, суднинг ажрими билан ФПКнинг 124-моддаси 2-банди билан иш юритишдан тугатилган. Мазкур ажрим устидан хусусий тартибда шикоят ва протест келиб тушмаган.

Бешинчидан, ФИБ Паст Дарғом тумани суди иш юритувида бўлган даъвогар Паст Дарғом тумани ҳокимлигининг А.Нарзиевга нисбатан Паст Дарғом тумани Балхиён маҳалласи ҳудудидаги низоли бўлган 37,3х6,3 метр ҳажмдаги иншоотни буздиртириб, ер майдонини туман ҳокимлиги захирасига қайтариш тўғрисидаги фуқаролик иши 2021 йил 13 декабрь куни кўриб чиқилиб, суднинг ажрими билан ФПКнинг 124-моддаси 2-банди билан иш юритишдан тугатилган. Мазкур ажрим устидан хусусий тартибда шикоят ёки протест келиб тушмаган”.