Нотариат соҳаси ҳам рақамлаштирилмоқда

Самарқандда Халқаро нотариуслар иттифоқи Осиё ишлари бўйича комиссиясининг 14-ялпи йиғилиши бўлиб ўтди.
Йиғилишда иттифоқнинг Осиё ишлари бўйича комиссияси аъзолари ҳамда ўттизга яқин давлат нотариат тизимларидан 300 нафар вакил иштирок этди.

Тадбир аввалида Ўзбекистон Нотариал палатаси раиси, Халқаро нотариуслар иттифоқининг Осиё ишлари бўйича комиссияси президенти Дилшод Ашуров комиссиянинг бир йиллик фаолияти ҳамда Ўзбекистонда кейинги йилларда нотариат соҳасини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берди.

2021 йил 3 декабрда Халқаро нотариуслар иттифоқига аъзо бўлган Ўзбекистон Нотариал палатаси қисқа вақт ичида иттифоқ ҳамда унинг Осиё ишлар бўйича комиссиясида ўз ўрнига эга бўлди. Айни пайтда Ўзбекистон нотариати нафақат хорижий тажриба асосида такомиллашмоқда, балки кўплаб давлатлар учун андоза олиш мумкин бўлган намунали тизим сифатида шаклланди. Шу боис Халқаро нотариуслар иттифоқининг 2023 йилда 21 июлдаши қарорига кўра, Ўзбекистон Нотариал палатаси раиси Дилшод Ашуров бир йил муддатга иттифоқнинг Осиё ишлари комиссияси президенти этиб сайланганди.

Халқаро нотариуслар иттифоқи президенти Лионель Галлиез Осиё ишлари комиссиянинг бир йиллик фаолиятига юқори баҳо берди ҳамда Самарқандда ўтказилаётган мазкур анжуманнинг аҳамиятига тўхталди.

– Самарқанд дунё цивилизацияда муҳим ўрин тутадиган, Рим каби қадимий тарих, маданиятга эга шаҳар, – деди Лионель Галлиез. – Бу шаҳарда қоғоз ишлаб чиқариш ривожланган ва яхши биламиз, нотариат тараққиётида қоғознинг ўрни жуда катта. Шу жиҳатдан нотариус касбининг тарихан ривожланишида Самарқанд муҳим ўрин тутади. Қолаверса, бугун Осиё жуда катта ва иқтисодий тараққий этиб бораётган ҳудуддир. Минтақа давлатларининг тараққий этиб боргани сайин нотариат ҳам такомиллашиб, ривожланиб бормоқда.

Шундан сўнг йиғилиш “Нотариат соҳасини рақамлаштиришни такомиллаштиришда хорижий амалиётлар” мавзусида ўз ишини давом этирди. Хорижий давлатлар нотариал идоралари масъуллари ўз мамлакатларида бу борада амалга оширилган ишлар, келгусидаги вазифалар ҳақида маъруза қилди, ўзаро фикр, тажриба алмашилди.

Хусусан, Хитой нотариал ассоциацияси бош котиби ўринбосари Чжан Каифанг масофавий онлайн нотариал тасдиқлашнинг ривожланиши одамлар учун жуда фойдали бўлишини қайд этиш билан бирга ахборот технологиялари орқали келиши мумкин бўлган хавфдан ҳушёр бўлиш, масофавий онлайн нотариал тасдиқлаш учун мустаҳкам ва сифатли тизим яратиш лозимлигини таъкидлади.

Корея нотариуслари ассоциацияси президенти Жонгсун Парк эса видео конференцалоқа орқали нотариал хизмат кўрсатишнинг хусусиятларига алоҳида эътибор қаратди.

– 2024 йилда видеоконференцалоқа орқали нотариал хизмат кўрсатиш такомиллашди, – деди Жонгсун Парк. – Аммо электрон тизимда муаммолар борлиги ҳам ҳақиқат. Мисол учун, электрон ҳужжатларни чоп қилиб бўлмайди. Шунингдек, электрон ҳужжатларнинг хавфсизлигини таъминлаш ҳам долзарб. Агар электрон ҳужжатлар фақат электрон тизимда бўлса, унинг тарихини кўриш, хотирада сақлаш функциясини ҳам яратиш мумкин.

Қозоғистон нотариал палатаси раиси Асел Жанабилованинг қайд этишича, мамлакат аҳолисининг эҳтиёжи ҳисобга олиниб, нотариат соҳасида онлайн ҳамда оффлайн хизмат кўрсатилмоқда.
– Фуқаролар қоғозда ҳеч қандай ҳужжат олишмайди, ҳукуматимизнинг e-gov порталида нотариал ҳаракатларни амалга ошириш мумкин – дейди А.Жанабилова. – Албатта, ҳамма нотариал ҳаракатларни ҳам онлайн амалга оширилмайди. Алоҳида нотариал ҳаракатларга рухсат берилган. Бунинг учун фуқаро икки босқичли верификациядан ўтади.
Халқаро нотариуслар иттифоқи президенти Лионель Галлиез ҳам мавзу юзасидан ўз фикрларини билдириб, нотариал тизимларнинг рақамлаштирилиши ҳужжатлар махфийлиги ва мурожаатчиларнинг шахсий маълумотлари сақланишига путур етказмаслиги кераклигина таъкидлади.

Йиғилишда Халқаро нотариуслар иттифоқининг Осиё ишлари бўйича комиссияси аъзолари Мўғулистон нотариал палатаси раиси Баянджаргал Чандрабаални Осиё ишлари бўйича комиссиянинг 2025 йил учун президенти этиб сайладилар.