Нукуслик беморлар Самарқандда операция қилинди

Республика кўз микрохирургияси илмий-амалий тиббиёт маркази Самарқанд филиалида Нукус туманидан келган уч нафар беморда жарроҳлик амалиёти ўтказилиб, уларнинг саломатлиги тикланди.

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан Қорақалпоғистон Республикаси туманларини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга кўмаклашиш мақсадида мамлакатимиз вилоятлари мазкур туманларга бириктирилган. Жумладан, Самарқанд вилояти Қорақалпоғистоннинг Нукус туманини ҳар томонлама ривожлантиришга амалий ёрдам бериб келмоқда.

Яқинда Самарқанд вилоят ҳокими А.Бобоев бошчилигидаги масъуллар Нукус туманига борганида марказий шифохонада ҳам бўлиб, аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифати ҳамда даволаш жараёнларини такомиллаштириш борасидаги ишлар билан танишганди. Муассасага замонавий тиббий жиҳоз ва ускуналар топширилиши билан бирга аҳолини тиббий кўрикдан ўтказиш, уларга сифатли, тезкор ва самарали тиббий ёрдам кўрсатиш, жарроҳлик амалиётларига муҳтожларига эса Самарқанд вилояти тиббиёт муассасаларида юқори малакали тиббий хизмат кўрсатиш бўйича вазифалар белгиланган эди.

– Вилоятимиз масъулларининг Нукусга сафари давомида берилган топшириқлар ҳамда ҳудуд аҳолисининг мурожаатлари асосида шифохонамизда Оролбўйидан келган уч нафар беморда жарроҳлик амалиётлари бажарилди, – дейди Республика ихтисослаштирилган кўз микрохирургияси илмий-амалий тиббиёт маркази Самарқанд филиали директори Ботир Тўхтаев. – Улар узоқ вақтдан буён асоратли катаракта хасталигидан азият чеккан, бир бемор ҳатто, икки йилдан буён кўрмай қолган экан. Айни пайтда бизда бундай беморларда юқори технологик операциялар ўтказиш учун имкониятлар катта – зарур тиббий ускуна ва жиҳозларимиз бор, шифокорларимиз хорижда малака ошириб келган, бой тажрибага эга.

Нукусдан келган беморлар бир неча кун шифохонада бўлиб, муваффақиятли жарроҳлик амалиётларидан сўнг яна ўз юртига қайтиб кетди.
– Кейинги уч ойда кўзларим анча хиралашиб қолганди, – дейди Ирисгул Давлетниёзова. – Самарқандлик шифокорлар кўрикдан ўтказиб, операция қилсак, яна аввалгидек кўра бошлайсиз, деганларида ишонмаган эдим. Худога шукр, Самарқандга келиб, уч кунда дарддан қутулдим, шифокорларга минг раҳмат!