Нурободда цемент, лифт ва эскалатор ишлаб чиқарилади
Жорий йилда Нуробод туманида саноат, хизмат кўрсатиш ва қишлоқ хўжалиги соҳаларини ривожлантириш бўйича 191,2 миллард сўмлик 26 та лойиҳа амалга оширилиши, натижада 545 та янги иш ўринлари яратилиши кўзда тутилган. Бу борада ўтган 8 ойда 84,6 миллиард сўмлик 14 та лойиҳа амалга оширилди.
Алоҳида қайд этиш лозимки, 12 миллион доллар миқдорида тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар жалб этилиши режалаштирилган. Ўтган давр мобайнида туман иқтисодиётига қарийб 5 миллион доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар киритилган.
Албатта, режалаштирилган ишларимиз босқичма-босқич амалга оширилиши натижасида киритилган инвестиция миқдори ортиб бораверади. Мисол учун, "Maroqand sement invest" масъулияти чекланган жамият шаклидаги қўшма корхона томонидан амалга оширилаётган лойиҳанинг умумий қиймати 30 миллион доллардан зиёдни ташкил қилади. Лойиҳа тўла ишга тушгач, цемент ишлаб чиқариш йўлга қўйилиб, 100 киши иш билан таъминланади.
Бундан ташқари, 9,5 миллион доллардан кўпроқ хорижий инвестицияни ўзлаштириш мақсадида амалга оширилаётган ишлар натижасида 3,2 миллион доларга яқин чет эл инвестицияси ўзлаштирилди. Бунда "Shyolkovo-Agrohim Usbekistan" масъулияти чекланган жамият шаклидаги қўшма корхона томонидан 1,67 миллион доллар миқдорида тўғридан-тўғри хорижий инвестиция киритилиб, 80 та янги иш ўрни яратилди.
Амалга оширилаётган лойиҳалар бугунги кунгача туманда ишлаб чиқарилмаган маҳсулотлар тайёрлашни йўлга қўйишга қаратилгани билан ҳам аҳамияттли.
Жумладан, жорий йилда ишга тушириладиган лойиҳалар самарасида "Mirankul Conctruction Materials LTD" масъулияти чекланган жамияти томонидан кабел йўлаклар, метал шпалерлар, вентиляцион тизимлар, электр шитлар ва кесишувчи стерженли конструкция тизимлари ишлаб чиқариш йўлга қўйилади.
Бундан ташқари, "OIL EXTRATION" масъулияти чекланган жамияти шаклидаги қўшма корхона томонидан ҳар хил турдаги пластмасса маҳсулотлар, "SAN AGROHIM" ҳамда "Shyolkovo-Agrohim Usbekistan" масъулияти чекланган жамият шаклидаги Ўзбекистон-Россия қўшма корхоналари ўсимликларни ҳимоя қилувчи кимёвий маҳсулот ва воситалар тайёрлайди.
"Gold Brend Elevator" масъулияти чекланган жамияти эса лифт, эскалатор ва металл каркас (синч) ишлаб чиқаришни режалаштирмоқда.
Шуҳрат ҚОРАЕВ,
Нуробод тумани ҳокими ўринбосари, инвестициялар ва ташқи савдо бўлими бошлиғи.