Нурободдаги икки йил олдин қурилган асфальт йўлни сел ювиб кетди: Бу ҳақда аҳоли мутасаддиларни огоҳлантирган эди

Нуробод туманининг Ағрон маҳалласида икки йил олдин қурилган асфальт йўлни бугун сел ювиб кетди.
Гап шундаки, шу маҳаллада яшовчи аҳоли томонидан мазкур асфальт сел йўли устига қурилаётгани ва сув ўтиши ҳисобга олинмаса шунча меҳнат ҳавога учиши мумкинлиги айтилганди.
Хусусан, шу ҳудудда яшовчи Холмурод Сориевнинг қуйидаги фикрлари сайтимизда мутасаддилар эътиборига ҳавола этилганди:
“Нуробод тумани "Ағрон" МФЙ ҳудудидаги 55-умумтаълим мактабига олиб борадиган йўлнинг таъмирланган қисми (100 метрча бўлса керак) ҳам йўл, ҳам кўприк вазифасини ўтайди. Сабаби, агар кўпроқ ёмғир ёғиб қолса айнан шу ердан сел келади, катта миқдордаги сув оқиб ўтади. Лекин кўприк бўлиши учун йўл ё осма бўлиши ёки йўлнинг остига сув оқиб ўтиши учун махсус сув ўтказгич ётқизилиши лозим.
Афсуски, бу ерда бундай ҳолатни учратмайсиз. Бирор кун агар кучли ёмғир ёғиб, сел келса, бу антиқа "йўл-кўприк"дан асар ҳам қолмайди. Демакки, йўл билан бирга миллионлаб бюджет маблағини ҳам сел “ювиб” кетади.
Ҳолатни кўриб, "Бу "йўл-кўприк"ни мутахассис лойиҳалаштирганми ёки бу соҳани умуман тушунмайдиган кишими?", деб ўйлаб қоласан киши. Ушбу қурилишдаги бу ҳолат бўйича Нуробод тумани масъул раҳбарларидан тушунтириш беришини кутиб қоламиз”.
Таҳририят: Мазкур мақола чоп этилгач, йўл остидан қувур чиққани муаммога ечим топилгани хабар берилганди. Афсуски, мутасаддилар шунчаки аҳолига тасалли берган кўринади. Хўш, одамлар хатовир олган иш содир бўлди, ростдан ҳам сел йўлни ювиб кетди. Энди бунинг учун ким жавоб беради?