Нуронийлар қўл қовуштириб ўтиришмайди

Кексаларнинг ҳаётий тажрибаси доимо жамият ривожи учун хизмат қилган. Бу ибратни биз пандемияга қарши кураш жараёнида ҳам кўраяпмиз. Маълумотларга қараганда, вилоятимиздажисмоний имкониятлари қониқарли, фаоликка қодир 160 минг нафар фахрийлар истиқомат қилишади. Мамлакатимиз учун ташвишли онларда бу отахон ва онахонлар юртбошимиз даъватига асосан элга ҳақиқий мададкор бўлишмоқда.

Жумладан, Самарқанд тумани, Чоршанба маҳалласида яшовчи 90 ёшли Ҳамидбобо Набиев, Иштихон тумани, “Равот” маҳалласида яшовчи Зиётбобо Қўчқоров, Иштихон маҳалласида яшовчи Эркин бобо Дўстмуродов, Пастдарғом тумани, “Амир Темур” маҳалласида яшовчи Ҳайдарбобо Эргашевлар невара-эваралари билан дарс тайёрлаш, китоб ўқиш машғулотлари билан бирга шахмат-шашка ўйинлари билан шуғулланишаётган бўлса, Оқдарё туманидаги Темирак маҳалласида яшовчи Мухтасармомо Эрдонова сингари бувижонлар неваралари дарси ва тарбияси билан шуғулланмоқда.

Қўшработ туманидаги “Қўрғон” маҳалласида истиқомат қилувчи Облоқулбобо Неъматов, Оқдарё туманидаги Темирак маҳалласида яшовчи Дўстмуродбобо, Нуробод тумани, Тим қишлоғида яшовчи Ҳайитмуродбобо Йўлдошев, Жомбой тумани, “Қўрғонсаламон” маҳалласида яшовчи Соидбобо Носировлар сингари табаррук отахонлар эса невара-эвараларига томорқадан даромад олиш сирларини ўргатиш билан бирга қўлларига кетмон олишиб уларга ўрнак кўрсатишмоқда.

Озиқ-овқат дўконлари ва шаҳобчаларида, бозорларда, дорихоналарда нарх-навони асоссиз ошириш, сунъий тақчилликни келтириб чиқарилишининг олдини олиш мақсадида 2 минг нафардан ортиқ нуронийларимиз ўзлари яшайдиган худудларда карантин талабларини бузмаган, санитария-гигиена қоидаларига амал қилган ҳолда жамоатчилик назоратини олиб борётганлиги ҳам қувонарли ҳолатдир.

 Қадимдан “Эркак киши ташқари одами, у оила таъминоти учун масъул”, деб бекорга айтилмаган. Каратин шароитида кунлик ишлар ва якка тартибда меҳнат фаолияти билан шуғулланувчи, шунингдек ноозиқ-овқат дўконларида, умумий овқатланиш муассасаларида ишловчи баъзи эркак кишилар  вақтинчалик уйларида ўтириб қолишди. Бу эса айрим ҳолларда эр-хотин ўртасида оила-турмуш муносабатлари доирасидаги келишмовчиликларга ҳам олиб келиши ҳам ҳақиқат, албатта.     Бу муаммо ҳам фаол фахрийларимизнинг эътиборидан четда қолмаяти. Бундай оилалар ўзини ўзи бошқариш органлари ва фаоллар орқали аниқланиб, муаммолари ўрганилмоқда ҳамда бартараф этиш орқали оиладаги маънавий муҳитни барқарорлаштириш чоралари кўрилмоқда.

Жумладан, жорий йилнинг март ва апрель ойларида ўзини ўзи бошқариш органлари билан биргаликда, каратин талабларига ва гигиена қоидаларига амал қилган ҳолда бир қанча муаммоли оилалар билан мулоқотлар ўтказилиб, келишмовчиликларга барҳам берилди.

Жумладан, Иштихон тумани, Зирабулоқ,Нарпай туманидаги Тошкўприк, Нурободнинг Агрон, Бунёдкор, Булунғур туманидаги Каптархона, Элиобод, Тойлоқдаги Хончарбоғ, Ургут туманидаги “Чоштепа”,  Самарқанд туманидан Диёр, Пайариқ тумани Дўстлик, Томойрот маҳалаларида яшовчи кўплаб оилаларда эр-хотинлар муросага келтирилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил  30 мартдаги “Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида”ги Фармонига кўра, мамлакатимизда 9 май умумхалқ байрами – Хотира ва Қадрлаш куни ҳамда фашизм устидан қозонилган ғалабанинг 75 йиллигини нишонлаш муносабати билан Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва ногиронларига 10,0 млн. сўмдан бир йўла пул мукофоти белгиланиши уларни ғоят мамнун этди.

Ушбу мукофот пулларини ўз вақтида ва тўлиқ етказиб берилишини таъминлаш борасида кенг кўламли ташкилий тадбирлар амалга оширилмоқда. Тадбирлар доирасида уруш қатнашчиларининг ҳолларидан хабар олиниб, яшаш шароитлари ўрганилмоқдв ва аниқланган муаммолар жойида бартараф этилмоқда. Шу билан бирга совға-саломлар улашилмоқда. Биз ҳам уларнинг ҳар бирига 2 донадан чойшаб жамланмалари,   1 донадан кўрпа-ёстиқ жамламалари совға қилдик. Кўрсатилаётган эътибордан уларнинг кўнгиллари тоғдек кўтарилиб, давлатимиз раҳбариятига, саҳоватли халқимизга самимий миннатдорликларини изҳор этишмоқда.

Ҳасан Нормуродов,

Самарқанд вилоят, Маҳалла ва оилани

қўллаб-қувватлаш бошқармаси

бошлиғининг ўринбосари,

Олий Мажлис Сенати аъзоси.