Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Нусрат Раҳматнинг мухбирлик фаолиятидаги илк хатоси Москвада ҳам муҳокама этилганми?

«Зарафшон» таҳририяти қошида ташкил этилган «Маҳорат мактаби» тингловчилари учун Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Нусрат Раҳмат маҳорат дарси ўтди. Нусрат Раҳмат нафақат вилоят, балки республикага таниқли журналист, адиб. «Зарафшон»  («Ленин йўли») газетаси ҳамда республика газеталарида фаолият кўрсатган. Адибнинг “Олис-олис сўқмоқлар”, “Дашт”, “Замондош ўйлари”, “ Селекция мўъжизаси”, “Сўқмоқлар ва сабоқлар” сингари йигирмадан кўпроқ ҳикоя ва очерклардан иборат китоб ва китобчалари нашр этилган. “Мен мухбирман”, “Мен редакцияданман”, “Энг ашаддий каллакесар“, “Асқад Мухтор дедилар” сингари китоблари мухлислар эътиборида.

80 ёшда бўлишига қарамай, турли мавзуларда қалам тебратиб, ижтимоий тармоқларда фаол, интернетда ўз саҳифаси, яъни блогига эга бўлган журналист маҳорат мактаби тингловчиларига ўз фаолияти ҳақида гапириб берди.

- Мухбирлик машаққатли касб, бу соҳада ишлаш учун қизиқиш, иштиёқ бўлмаса иложи йўқ, - дейди устоз журналист. – Бугунги мухбир давр билан ҳамнафас бўлиши, интернетдаги энг сўнгги янгиликларни кузатиб бориши шарт ва зарур. Шу ёшда бўлишимга қарамай, ҳалиям блогимда жамиятдаги ўзгаришларга нисбатан фикр билдириб туришга ҳаракат қиламан, бусиз яшолмайман.

Нусрат Раҳмат шунингдек, журналистикага қадам қўйган илк йиллари билан ҳам ўртоқлашди. «Соҳадаги илк хатом ҳамон ёдимда, - дейди у киши. – Ўшанда «Зарафшон», собиқ «Ленин йўли» газетасида ишлардим. Муштарийлардан келган ҳар бир хатга эътибор қаратиларди. Жиззах ҳудудидан бир олим ўша томондаги тоғли ҳудудда маугли бола бор эканлиги, у ҳам болалигидан йўқолиб қолиб, уни бўрилар катта қилганини, болакай бўрилар билан ғорда кун кечирганини ёзиб юборибди. Муаллиф ҳам география фанлари номзоди бўлгани учун бу гапларга ишониб, мақолани газетага тайёрлаб бердим. Одамларнинг қизиқиши ортди. Рус тилида чиқадиган газета ҳам бу мақолани таржима қилиб берди. Хуллас, ушбу шов-шувли ахборотнинг дараги Москвагача бориб етди ва олимлар ўша ҳудудга ташриф буюриши режалаштирилди. Аммо Москвадаги академик олимлардан бири «у томонларда қишда 20 даража совуқ бўладику, бу ҳарорат билан бола ғорда тирик қолиши мумкин эмас», деган фикрни айтади. Шундан сўнг бу масала жиддий ўрганилгач, у бола ақли заиф бўлгани учун қариндошлари шундай  гап тарқатишгани маълум бўлган. Хуллас, бу хабар газетага чиқиб кетишида ўзимни айбдор санаганман. Рус тилида нашр этиладиган газета муҳаррирларига эса чора кўрилган.

Кўряпсизми, мухбирнинг ҳам хатоси шифокорники сингари қимматга тушиши мумкин. Шунинг учун устоз ўгитини олиш бу соҳада сув ва ҳаводай лозим.