Ўқитувчининг мақоми қачон ошади?
Кейинги йилларда ёшларнинг таълим олишга қизиқиши пасайгани кузатиляпти. Шунинг учун ҳам айрим мактабларда битирувчиларнинг бирортаси олий ўқув юртларига кира олмаяпти. Хўш, бунга сабаб нима? Кўпчилик, ўқитувчилар сифатли таълим бермаганида, дейиши мумкин. Тўғри. Аммо ўқитувчи қачон ўз устида астойдил ишлаб, сифатли таълим беради? Ургут туманидаги 7-умумий ўрта таълим мактаби директорининг ўқув ишлари бўйича ўринбосари, йигирма йиллик педагогик тажрибага эга Наргиза Маматкаримова билан суҳбатимиз давомида шу саволларга жавоб изладик.
- Бугун ўқувчиларни дарсга қизиқтириш бироз мушкулдек. Мактабларда таълим сифатини ошириш учун нима қилиш керак?
- Гапингизда жон бор, кечаги ва бугунги ўқувчилар ўртасида анча фарқ бор. Уларни фанларга қизиқтириш учун ҳар бир фан ўқитувчисидан катта маҳорат, билим ва тажриба талаб этилади. Шунингдек, ўқитувчи замон билан ҳамнафас бўлгани ҳолда таълимга оид қонун ҳужжатлари билан мунтазам танишиб бориши лозим. Ўтган йил “Таълим тўғрисида”ги қонун янгидан қабул қилинди. “Таълим-тарбия тизимини янада такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент қарори ҳам ўқитувчилар учун айни муддао бўлди. Ушбу ҳужжатларнинг негизида ўқитувчининг мақомини ошириш мақсади ётибди. Таълим сифатини ошириш учун, аввало, ўқитувчининг мақомини кўтариш керак.
- Сизнингча ўқитувчининг мақоми нега тушиб кетди?
- Кейинги йилларда ижтимоий тармоқларда ўқитувчилар ҳақида салбий фикрлар кўпайиб кетди. Масалан, ўқитувчи дарс жараёнида ўқувчини ҳақорат қилгани ёки унга қўл кўтарган ҳолатлар видеога олиниб, интернетда жойлаштирилди. Гуруч кўрмаксиз бўлмаслиги рост, аммо бу каби салбий ҳолатлар ўқитувчи обрўсини туширди. Аҳоли ўртасида ўқитувчиларга муносабат ўзгарди. Аслида ўқувчи дарсга халақит бермаслиги учун ўқитувчи унга танбеҳ беришга мажбур бўлади. Шундай тарбиясиз ўқувчилар борки, ўқитувчини менсимайди, дарсда ҳаммага халақит қилиб ўтиради. Нега ижтимоий тармоқларда мана шундай тарбиясиз болалар муҳокама этилмайди? Уларнинг ота-оналари ким, нега ўзидан каттани писанд қилмаслиги гапирилмайди? Нега биз ўқитувчининг яхши томонларини кўрсатмаймиз? Фақат ўқитувчидан айб излаймиз. Шундай ўқитувчилар борки, 15-20 километр узоқдан келиб дарс беради. Маошининг ярми йўл кирага сарф бўлади. Аслида уларнинг фидойилигига раҳмат айтишимиз керак эмасми?
Бундан ташқари, ота-оналарнинг фарзандини эрка қилиб тарбиялаётгани ҳам ўқитувчи мақомининг тушиб кетишига сабаб бўлди. Масалан, бола ота-онасига ўқитувчидан шикоят қилиб борса, улар мактабга тўполон қилгани келади. Айрим ўқитувчилар кейинги йилларда мана шундай жанжаллар туфайли ҳам ўз соҳасини ташлаб кетди. Биз болалигимизда ўқитувчимиз уришса, ота-онамизга айтишга қўрқардик. Айтсак ўзимиз гап эшитардик. Авваллари болаларга тарбия беришда ота-боболаримизнинг “Бир болага етти маҳалла ота-она”, деган ибратли мақолига амал қилинарди. Афсуски, кейинги пайтда бу мақол ҳам унутилди. Катталарнинг ўзлари асрий анъаналаримизга амал қилмай қўйди.
- Нима қилсак ўқитувчининг мақоми ошади?
- Ривожланган давлатларда ўқитувчи касбига ҳурмат билан қаралади. Ёшу қари, ким бўлишидан қатъий назар, аввало, ўқитувчини ҳурмат қилади. Эсингиздами, Японияда бир қария ўзбек йигитини ўқитувчи деб ўйлаб, унга жамоат транспортида жой бергани ҳақидаги мақола ижтимоий тармоқларда роса севиб ўқилганди. Аслида уларнинг ютуғи ҳам шунда. Бизда эса катталарнинг ўзи ўқитувчини писанд қилмайди. Аввало, “Ўқитувчинг уришса менга айт”, дейдиган ота-оналар билан ишлаш керак, деб ўйлайман. Ота-она фарзанди мактабда ўзини қандай тутиши, дарсларга тайёргарлик кўриб келганми ёки йўқлигини билиши лозим. Мана шунда баъзи тушунмовчиликлар барҳам топади. Ота-оналарнинг ўқитувчиларга муносабати ҳам ўзгаради. Агар катталар оилада муаллимни ҳурмат билан тилга олса, бола мактабда ўқитувчини беҳурмат қилмайди.
Карантин даврида ота-оналар ўқитувчиларнинг машаққатли меҳнатини ҳис қилишди, кўпчилиги миннатдорчилик айтиб кетди. Бу синов қайсидир маънода ўқитувчининг меҳнатини юзага чиқарди. Бундан тўғри хулоса қилганлар ўқитувчининг қадрига етадиган бўлди. Ўқитувчи ва ота-она ўзаро ҳамкорликни кучайтирса, боланинг таълим олиши мустаҳкамланади. Таълим сифатининг ошиши ўқитувчининг обрўсини кўтаради.
- Агар ўқитувчи томонидан бирон салбий хатти-ҳаракат содир бўлса, қандай йўл тутасиз?
- Ўқитувчи томонидан бирон ножўя хатти-ҳаракат содир этилса, уни бошқаларнинг олдида изза қилмайман. Алоҳида ўзи билан гаплашиб, хатосини тушунтираман. Аммо боланинг ота-онаси олдида ўқитувчига танбеҳ бериб, уялтирмайман. Педагогик йиғилишларда ҳам ўқитувчиларнинг олдида ўқитувчининг айбини юзига солмайман. Бундай иш тутадиган раҳбарлар хато қилади. Раҳбар ҳар бир ходимнинг ўзи билан гаплашиши, муаммоларни ўзаро ҳал этиши керак.
Тўғри, баъзида тўполончи ўқувчиларни тартибга солиш бироз қийин кечади. Улар билан тил топишиш учун психологияга оид китобларни ўқиб тураман. Кимга қандай муомала қилишни ўрганаман. Ўқитувчиларга ҳам психологияга оид китоблар ўқишни маслаҳат бераман.
- Ўқитувчи сифатли таълим бериши учун нима қилиши керак?
- Ҳар бир маҳсулотни сифатли чиқиши учун унга рақобатчи бўлиши керак. Худди шундай таълим сифатини ошириш учун ҳам мактабларга ўқитувчилар саралаб олиниши лозим. Аммо бизда ўқитувчилар етишмагани боис рақобат у ёқда турсин, ҳатто айрим фанлардан мутахассис ўқитувчининг ўзини топиш муаммо бўлмоқда. Сабаби, кейинги йилларда ёшлар ўқитувчилик касбини танламай қўйди. Бу ҳам ўқитувчининг мақоми тушиб кетгани билан боғлиқ.
Хорижда иш берувчи ҳар бир ходимининг оилавий аҳволи, муаммоларини сўраб турар экан. Ходим яхши кайфият билан ишни бошласа самарадорликка эришишини билган бошлиқлар шундай йўл тутаркан. Шунингдек, яхши меҳнат қилган ходимлар раҳбарият томонидан рағбатлантирилади. Мактаб директори ҳам дарсга кираётган ўқитувчининг яхши кайфиятда эканини билиши, уни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаши керак. Ўзингиз ўйлаб кўринг, яхши кайфиятда дарсга кирган ўқитувчи ўқувчиларга қандай дарс берадию, ёмон кайфиятдаги ўқитувчи қандай дарс беради?
Ўқитувчи меҳнатига яраша рағбатлантириб турилса, у ўз устида ишлайди. Аксинча бўлса, касбидан кўнгли совийди. Масалан, бизда шаффофлик йўлга қўйилган, шунинг учун ҳам ўқитувчиларимиз мунтазам ўз устида ишлайди. Яқинда 17 нафар ўқитувчи тоифасини ошириш учун аттестация комиссиясига ариза берди.
Бундан ташқари, Самарқанд давлат университети профессор-ўқитувчилари билан ҳамкорликда ишлаяпмиз. Улар ҳафтада бир марта мактабга келиб, она тили, математика фанларидан семинар-тренинглар ўтмоқда. Бу каби саъй-ҳаракатлар яқин йилларда ўз мевасини беради, албатта.
Хуршида Эрназарова суҳбатлашди.