Ўқувчи мактаб формасини кийишда меъёрларга амал қиляптими?

Хўш, мактабларда ўқувчилар низом талаблари асосида кийиняптими? Бу борада мактаб ички қоидаларига риоя қилмаган болаларга нисбатан бирор чора кўриладими? Кийиниш маданиятини шакллантиришда мактаб ва ота-оналар ҳамкорлигининг ўрни қай даражада?
МАКТАБДА ЎҚУВЧИЛАР ФОРМАДА БЎЛИШИ ШАРТ
- Жорий йилдан бошлаб мактабимизда қиз болалар учун кўк сарафан, оқ кофта, ўғил болалар учун кўк шим ва бўйинбоғ, оқ ёки ҳаво ранг кўйлак форма сифатида танлаб олинди, - дейди Самарқанд шаҳридаги 13-умумий ўрта таълим мактаби директори Раъно Бобоёрова. - Йилда икки бор ота-оналарнинг умумий йиғилишини ўтказамиз. Унда ўқувчиларнинг давомати, формаси кун тартибидаги асосий мавзу сифатида муҳокама этилади.
Ушбу мактабга кираверишда ягона мактаб формасининг намунаси илиб қўйилган. Ота-она ва мактаб ҳамкорлиги ҳам яхши йўлга қўйилган. Буни ўқувчиларнинг мактаб ички тартиб-қоидаларига риоя қилишидан ҳам билиш мумкин.
- Интизомни, аввало, таълим бераётган устозлардан бошлаш керак, - гапида давом этади Раъно опа. - 1229 нафар ўқувчига таҳсил бераётган 65 нафар ўқитувчининг барчаси белгиланган меъёр асосида кийинади. Ўқитувчи нафақат билим бериши, балки ўқувчилар маданиятини, маънавиятини, одоб-ахлоқини шакллантиришга ҳам масъул ҳисобланади. Мактабимизда хотин-қизлар қўмитасининг раиси бу борада фаол иш олиб боради. Ҳар ойда икки бор ўқувчилар билан турли мавзуларда йиғилиш ўтказади. Мактаб ички тартиб-қоидаларига риоя қилмаган ўқувчиларнинг ота-оналари билан суҳбатлашиб, муаммоларни бартараф этади.
ЎҚУВЧИЛАР ТАРТИБГА РИОЯ ҚИЛМАСА…
Ўқувчиларнинг форма кийиш тартибига риоя қилмаслиги таълим муассасасининг ички тартиб-қоидаларини бузиш, деб баҳоланади ва бундай ўқувчиларга қуйидаги чоралар қўлланилади: огоҳлантириш, кундалик дафтарига қайд этиш, тушунтириш ишларини олиб бориш учун ота-онасини хабардор қилиш, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва таълим муассасасидаги йиғилишларда ота-оналар иштирокида муҳокама қилиш.
ЯГОНА МАКТАБ ФОРМАСИНИНГ ЖОРИЙ ЭТИЛИШИ МУАММОЛАР ЕЧИМИДИР
- Мактаб формасининг ягона этиб белгиланганлиги биз, ота-оналарга ҳам маъқул, - дейди иштихонлик Ҳулкар Бобоева. - Негаки, аввал фарзандларимизга қандай кийим олсак бўлади, ўртоқлари қанақа кийинар экан, деб ўйланардик. Тўғриси, бозорда сотилаётган формаларнинг нархи ва уларнинг сифати бизни қаноатлантирмасди. Баъзан ярим йилга етмасдан, яна бошқа форма сотиб олган даврларим ҳам бўлган. Янги мактаб формасига табиий матоларнинг танлангани, уларнинг сифатли қилиб тикилиши, асосийси, нархи бизга манзур бўлди.
- Айрим ота-оналар фарзандига қимматбаҳо кийим олиб бериб, бошқалардан ажралиб туришини хоҳлайди, - дейди Самарқанд шаҳридаги 54-умумий ўрта таълим мактаби ўқитувчиси Роҳила Бўтаева. - Бу айниқса, юқори синфларда ўқувчилар ўртасида тафовутни келтириб чиқараётганди. Тор юбка, баланд пошнали туфлида мактабга келаётган ўқувчининг хаёли сифатли таълим олишда эмас, балки ўзини тенгдошларига кўз-кўз қилишида бўлади. Ягона мактаб формасининг жорий этилиши бундай ҳолатларга барҳам беради.
Насиба ЖОНТЎРАЕВА.